Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:14

Конституцияда белгиланган ҳуқуқ баҳоси


Пойтахтда яшаш ҳуқуқини берувчи паспортга босиладиган 5000 долларлик тамғанинг Тошкент вилояти учун нархи белгиланганича йўқ.
Пойтахтда яшаш ҳуқуқини берувчи паспортга босиладиган 5000 долларлик тамғанинг Тошкент вилояти учун нархи белгиланганича йўқ.

Тошкент вилоятида ҳам расмий қайдга туриш – прописка чекланди. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарорига кўра, энди Тошкент вилоятига расмий қайдга турмоқчи бўлган бошқа вилоятларидан бўлган шахслар махсус комиссиянинг рухсати билан прописка қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган ва президент имзо чеккан бу қарорга кўра, Тошкент вилоятида расмий қайдга туриш ва уй-жой сотиб олиш вилоят ҳудудидан ташқарида яшовчи ўзбекистонликлар учун чекланди. Агар Тошкент вилояти ҳокимлиги қошидаги махсус комиссия бошқа вилоятдан келган расмий қайдга турувчи шахснинг аризасини қаноатлантирмаса, ҳеч қайси нотариус унга уй-жой сотиб олиш ҳақидаги шартномани расмийлаштирмайди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги қошидаги қайдга қўйиш махсус комиссияси ҳуқуқшуноси Антонина Кочеткованинг Озодликка айтишича, бу қарорга биноан махсус комиссия вилоят ҳудудида расмий қайдга турмоқчи бўлган шахсларнинг аризаларини кўриб чиқиш билан шуғулланади:

-Бу қарорга кўра, токи комиссиянинг хулосаси бўлмас экан, расмий қайдга қўйиш, уй-жой сотиб олиш, совға қилиш ёки алмаштириш каби бирорта операция ҳам амалга оширилмайди,- дейди махсус комиссия вакили Кочеткова.

Тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев 1999 йил 16 февралдаги шаҳардаги портлашларгача пойтахтда қайддан ўтишга чеклов бўлмаганини эслайди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати хавфсизлик нуқтаи назаридан чеклов жорий қилди ва асосан ички ишлар вазирлиги назоратида бўлган махсус комиссиянинг рухсатидан сўнг пропискага рухсат бериладиган бўлди. Абдуқаҳҳор Мусаевга кўра, ўтган 11 йилда Тошкентга расмий қайдга қўйиш билан шуғулланадиган комиссия коррупция ўчоғига айланди:

- Шаҳар ҳокимиятида комиссия тузилган. Булар прописка масаласини ҳал қиладиганлар. Агар ошмаган бўлса¸ нархи 5000. Кўкида.

Озодлик: Ўшалар сизни қонуний прописка қилиб беришадими?

- Ҳа.

Озодлик: Сиз буни қаердан биласиз? Бирортасидан эшитдингизми ëки бирортасининг иши тушибдими?

Менинг ургутлик бир танишим бор. Ўзимда ўқиган эди. Ўзимнинг уйимга прописка қилган эдим уни. Бир участкавой мелиса танишим бор. Ўша билан гаплашиб қолдим. Бу аниқ. Хоҳлаган одамдан сўрасангиз айтадида. Тошкентга катта-катта иш қидириб келганлар ҳаммаси 5000 нақд тўлайди. Бу бор нарса. Энди оддий, сизга¸ бизга ўхшаганларни прописка қилмайдида. Ўзингиз тушунасиз бу ëғини,- дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Унга кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги қошида ташкил этилган бу комиссия ҳам коррупциянинг янада илдиз отишига имкон яратади.

Ўзбекистон республикасининг 28 моддасида шундай ёзилган. “Ўзбекистон республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир”.

Ҳуқуқшунос Рустам Тўлагановга кўра, Ўзбекистон ҳукумати фуқароларнинг исталган жойда эркин яшаши ҳақидаги халқаро ҳужжатларга имзо чеккан бўлсада, мамлакатда уларнинг бунга оид ҳуқуқлари қўпол тарзда поймол этилаётир:

- Бу порахўрликни оширишнинг битта йўли деб ҳисоблайман. Агар бир одам давлатга керак бўлса¸ пропискадан ўтади. Комиссия қиладими¸ бошқа қиладими бизларнинг давлатга шу одам керак бўлса¸ уни обезятелно ўтказишади. Ëпиш¸ чеклаш ҳаммаси инсон ҳуқуқини поймол қилиш, деб ҳисобланади. Ўзбекистон фуқароси ўзи хоҳлаган жойида яшаш ҳуқуқига эга¸ бу нарсани бутун жаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясида белгилаб қўйганки¸ инсон қачон, қаерда яшашни хоҳласа¸ ўша ерда яшаши керак. Бутун дунëда шунақа. Қаëққа бориб яшаса¸ яшайверади. Уни чеклаш¸ чегаралаш инсон ҳуқуқларининг бузилишидир. Ўзбекистон 1995 йилда қўл қўйган шунга. Бу ўзига тўғри келмайдиган нарса бўлгандан кейин ўз ўзидан келиб чиқадики¸ бу ҳам ноқонуний. Яъни жамиятни ўзимиз чеклаяпмиз¸ яна шунга ўзимиз чора кўраяпмиз,- дейди ҳуқуқшунос Рустам Тўлаганов.

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги прописка тизими билан шуғулланиш гарчи комиссиялар зиммасига юклатилган бўлсада, уларнинг ҳаммаси ички ишлар вазирлигининг қаттиқ назоратида эканлиги айтилади. Ўз исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка гапирган Тошкент вилояти расмийсига кўра:

- Сувнинг бошида, яъни булоқ бошида Ички ишлар вазирлиги туради. Ҳокимлик ҳеч қачон ўзи мустақил бир ишни қилолмайди. Ҳамма фармойишлар юқоридан келади. Биз ўзимиздан-ўзимиз қарор чиқара олмаймиз,- дейди Тошкент вилояти ҳокимлигининг ўз исмини ошкор қилинмаслигини илтимос қилган расмийси.
XS
SM
MD
LG