Линклар

logo-print

Бу йил пахта мўл бўлур - болалар яна қул бўлур


Бу йил пахта ҳосили мўл бўлишини кутаётган фермерлар, давлат соҳада ўзгариш ясашада конкрет қадамларни ташламаётгани боис бу йил ҳам болалар ёрдамисиз мўл ҳосилни териб олиш имконсиз эканидан гапиришмоқда.

Бу йил пахта ҳосили мўл бўлишини кутаётган фермерлар, давлат соҳада ўзгариш ясашада конкрет қадамларни ташламаётгани боис бу йил ҳам болалар ёрдамисиз мўл ҳосилни териб олиш имконсиз эканидан гапиришмоқда.

Жаҳон пахта бозоридаги жараёнларни ёритувчи нуфузли "Cotton Outlook" нашрининг сўнгги ҳисоботида жорий йили Ўзбекистонда об-ҳаво қулай келгани пахта ҳосили аввалги йилларга нисбатан мўлроқ бўлиши башорат қилинган. Бундан хурсанд фермерлар бу йил ҳам болалар меҳнатисиз ҳосилни йиғиб олишнинг имкони йўқлигини тан олмоқда.


Ўзбекистонлик фермерлар ҳам бу йил Ўзбекистонда пахта ҳосили мўл бўлишини кутишмоқда. Бухоролик фермер Мурод ака Озодик билан суҳбатда бу йилги пахта хирмони аввлги йилларгидан каттароқ бўлишига оид некбинлик сабабларини тушунтириб берди.

- Пахта ҳосили яхши. “Пахта йили” деса ҳам бўлади бу йилни. Ҳосил юқори бўлиши сабаблари биринчидан баҳор чўзилди. Кеч эккан фермерларнинг пахтаси ҳам униб чиқди. Ëғингарчилик ҳам ўзига яраша яхши бўлди. Ҳозир бизда ҳаво жуда ҳам исиб кетаяпти. Ҳарорат 43 даражага кўтарилди. Сув масаласи бўйича бирор йил бунақа таъминот бўлмаган. Бу йил бирорта фермер шикоят қилишга ҳаққи йўқ виждони бўлса агар. Чунки сувнинг кетидан югуриб юргани йўқ. Таъминот жуда ҳам яхши бўлди, дейди бухоролик фермер.

Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётганини танқид қилиб келади. Шу боис сўнгги бир ярим йил давомида “Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO” каби дунёнинг йирик чакана савдо ширкатлари болалар меҳнати эвазига Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган махсулотларга бойкот эълон қилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу йил ҳам Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсумига мактаб ўқувчилари жалб этилиши шубҳасиз деган фикрда.

Умида Ниёзова Инсон ҳуқуқлари Ўзбекистон – Германия форуми раҳбари.

- Чунки на ўтган йили¸ на бу йил пахта саноатида ҳеч қанақа янгиликлар¸ ҳеч қанақа ислоҳотлар амалга оширилмаган. Бу йил фермерларнинг гапи бўйича пахта ҳосили жуда мўл¸ жуда кўп бўлади. Бу албатта жуда яхши. Лекин Ўзбекистоннинг пахта саноати тизими шунақаки¸ мажбурий меҳнатсиз Ўзбекистон пахтасини териб ололмайди,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қашқадарёлик собиқ фермер Адҳам ака Ўзбекистонда пахта ҳосилини мактаб ўқувчиларисиз тўлиқ йиғиб олишнинг имкони йўқ деган фикрга қўшилади.

- Бошида сиëсат учун 7 синфдан юқорисини пахтага олиб чиқишади. Қашқадарëда шундай. Биринчи теримдан кейин тўлиқ 1 синфгача ëпилиб¸ ҳамма пахтага чиқиб кетади. Бу йил ҳам худди шундай. Бир йилда ўзгариб қолмайдику. Пахта жуда қаттиқ бўлади бизда. Пахтанинг нархи ҳам 50-60 сўмдан кўтарилмайди. 100 сўм дегани ëлғон. 100 сўмдан қачон беради? Ҳоким-поким ëки бирор вазирликдан текшириш келиб қолсагина 100 сўмдан бериши мумкин. Чунки биз ўзимизга берилаëтган пулни ўзимиз биламизда. 100 сўм банкдан бермайди,- дейди қашқадарёлик собиқ фермер.

Бухоролик фермер Мурод ака Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан воз кечиш учун давлат конкрет ва оддий чоралар кўриши кифоя қилади, деган фикрда.

- Менимча¸ ерни йириклаштирмаслик керак. Ҳозир йириклаштириш давом этаяпти. Ҳозир фермерлар бутун мол-мулкини харж қилиб, афтодаҳол бўлиб қолган. Иккинчи чора пахта харид нархини ошириш керак. Ана шу иккита чорани кўргандан кейин у манфаат кўради. Фермер ер майдонининг даромадини олгандан кейин пахта терадиган техника билан йиғиштириб олади ўзи,- дейди Мурод ака.

Қашқадарёлик фермер Адҳамжон ўқувчиларни пахта теримига мажбуран жалб этмаслик учун фермерларга тўланадиган ҳақни оширик керак деган фикрга қўшилади.

- Пахтага ўқувчиларни чиқармаслик учун пулини яхшироқ бериш керак. Пули кам бўлгандан кейин катта одамлар пахтага чиқмай қўйишади. Мажбурий ёшларни чиқаришади. Бизда ишчи кучи етмагандан кейин 1 синфгача ëпиб ташлайди. Чунки пахтанинг пули паст. 50-60 сўм. Масалан¸ яхши теримчи бўлса¸ бир кунда 100 кило пахта теради. 5000 сўм бўлади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Бир одам эрталабдан кечгача 100 кило пахта териши керак. Бола-чақаси билан 100 кило териши мумкин. Фақат ўша пайтда 5 минг сўм ишлаб қолиши мумкин. Бошқа пайтда бизларда пул йўқ бўлади. Механизациялаштирса¸ болалар керак бўлмай қолади. Пахта териш машинаси, деган нарса умуман йўқ бўлиб кетди. Пахта терадиган машиналар бўлса¸ жуда яхши бўларди. Фақат қўл кучи бўлгани учун мактабларни умуман ëпиб ташлаяптида,- дейди қашқадарёлик фермер.

Ҳуқуқ фаоли Умида Ниёзова эса пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан воз кечиш учун Ўзбекистон ҳукумати пахта саноати соҳасида ислоҳотларни амалга ошириши лозим дея таъкидлайди.

- Биринчидан¸ фермерларга кўпроқ эркинликлар бериш керак. Ўзбекистонда шунча ишсиз одамлар бор. Лекин фермерлар уларни ишга жалб қила олмайди. Чунки уларга керакли миқдорда нормал пул тўлай олмайди. Давлат томонидан пахта сотиб олиш нархини ошириш керак. Умуман жуда кўп ислоҳотлар қилиш керак, дейди Инсон ҳуқуқлари Ўзбекистон – Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова.

Жаҳон пахта бозоридаги жараёнларни ёритувчи нуфузли "Cotton Outlook" журнали ўзининг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлтларида бу йилги пахта ҳосили яхши бўлишини башорат қилган. Шу билан биргаликда "Cotton Outlook" нашри таҳлилчилари жорий йилда Осиё тараққиёт банкининг йиллик мажлиси ва Пахта ярмаркасига мезбонлик қиладиган Ўзбекистон учун бу йил, айниқса муҳим бўлишини ҳам қайд этган.

Бироқ "Cotton Outlook" журнали Ўзбекистондаги болалар меҳнати билан боғлиқ муаммо туфайли ўзбек пахтасига халқаро миқёсда эълон қилинган бойкот ҳақида лом-мим дейилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG