Линклар

Ўш ва Жалолобод воқеалари бошланганига икки ой тўлди

  • Сарвар Усмон

Икки ой аввал бошланган воқеалардан кейин Ўшнинг ўзбек маҳалларидан биридаги манзара.

Икки ой аввал бошланган воқеалардан кейин Ўшнинг ўзбек маҳалларидан биридаги манзара.

Бу қайғули сана Рамазоннинг биринчи кунига тўғри келди. Муқаддас ой арафасида, 10 август куни Қирғизистон ҳукумати Ўш ва Жалолобод шаҳарлари, Аравон, Ўзган ва Қорасув туманларида 11 июн куни жорий этилган комендант соати режимини бекор қилиндию лекин оддий ўшликлар ҳам, мамлакат ҳукумати ҳам шу кундаги тинчликнинг мўрт эканлигини айтмоқда.


Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Полиция кучларининг Қирғизистон жанубига киритилишига қаршиларнинг Ўшда ўтказган митинги фожеа бошланганига 2 ой тўлган кунги информация оқимида акс этган воқеалардан бири бўлдики, бу мавзу алоҳида ёритилаётгани учун, унга узоқ тўхталмаймиз.

Ўш ва Жалолобод қирғини етказган маънавий шикастнинг бартараф этилиши учун орада ўтган 2 ой етарли эмаслиги аниқ. Қолверса, жисмоний шикастлар ҳам тўла тузалиб кетгани йўқ.

11 август кунги хабар:

“Қирғизистон жанубидаги тиббиёт муассасаларида июн воқеалари давомида жабрланганлардан фақат уч киши қолди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди”.

Ўшлик Аҳмаджон аканинг айтишича, шу кунда гўёки тинчлик ўрнатилгандай, лекин хотиржамлик йўқ.

- Хотиржамлик десак ошиқча бўладию¸ лекин нозик тинчлик ўрнатилган. Мўрт тинчлик бор¸ дейди Аҳмаджон ака.

Мамлакат жанубида ўрнатилган тинчликнинг Аҳмаджон ака айтаётгандай “мўрт”лигини мамлакат раҳбарияти ҳам тушуниб турибди.

11 август кунги хабар:

“Қирғизистонда барқарорликка таҳдид мавжудлиги сабабли, 11 августдан бошлаб, барча куч ишлатар идоралар кучайтирилган хизмат режимига ўтказилди. Кучайтирилган режим давлат раҳбарининг махсус фармойиши чиққунича ўз кучида қолади”.

Нима учун оддий ўшлик Аҳмаджон ака ҳам, унинг президенти Роза эже ҳам тинчликнинг мустаҳкамлигига ишонмаяпти?

Аҳмаджон аканинг фикри:

- Ҳозирги митинг ҳам бор томони одамлардаги ишончни йўқотиб қўядида. Нима сабабдан булар хоҳламаяпти комиссариат киришини? (“Комиссариат” дер экан, Аҳмаджон ака ЕХҲТ Полиция кучларини назарда тутаяпти - муаллиф) Саволга савол туғилаяпти. Ўзлари кирмасин деса нима сабабдан. Ундан кейин анча-мунча “Бизнинг ўзбек халқини сенлар бошлагансан. Сенлар қилгансан” деб энди шунча жабр тортиб турган тақдирда яна унинг устига яна ошиқча гаплар¸ дейди Аҳмаджон ака.

“Ўзбек ўз уйини ўзи ёқиб юборган!” – бу фикр фожеа бошланганидан буён ўтган икки ой давомида мамлакатнинг қирғиз жамоаси орасида бот-бот айтилиб келди.

Мана бу - июлнинг сўнгги ҳафтасида Ўшнинг яқинидаги аҳолисининг кўпчилигини қирғизлар ташкил қиладиган Бирлешкен қишлоғида шу ерлик Мамат ака билан ўтказилган суҳбатдан парча:

Озодлик: Ҳозир сиз “Ўзбеклар ўзларининг уйларига ўзлари ўт қўйди” дедингиз-а?

- Ўзлари ўт қўйди. Ўзлариникига ўзлари қилди. Қирғиз теккани йўқ¸ деган эди Мамат ака.

Демак, Мамат аканинг фикрича, ўзбеклар ўз уйларини ўзлари ёндириб юборган.

11 август кунги хабар:

“Эл бийлиги учун” (“Халқ ҳокимияти учун”) ижтимоий ҳаракати лидери Урустем Кабилбеков 11 август куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида бундай деди:

“Ўзбекларнинг баъзилари мол-мулкини аввалдан хавфсиз жойга чиқариб қўйиб, кейин уйига ўт қўйган, мана энди давлатдан товон пули талаб қилишаяпти. Баъзи ўзбек маҳаллаларида сепаратчилар ҳануз мавжуд”.

Фожеага бундай ёндошув қирғизлар орасида кучлилигича қолмоқдаки¸ бу ҳолат куч ишлатар идоралар фаолиятида, уларнинг ўзбекларга муносабатида акс этмай қолмаяпти.

11 август кунги хабар:

“БМТ Қирғизистон жанубида инсон ҳуқуқлари жиддий бузилаётгани, жумладан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари хизмат ваколатлари доирасидан чиқаётгани, фуқароларни ўзбошимчалик билан қўлга олаётгани, тамагирлик қилаётгани тўғрисидаги хабарлардан ташвишга тушаётганини билдиради”.

Ўшликларнинг айтишича, ортида милиция ходимлари ва ҳарбий хизматчилар тургани учун ўзларини шаҳар эгаси деб билаётган қирғиз ёшлари шаҳар марказига боришга жазм қилган ўзбекларни шу кунда ҳам ҳақорат қилмоқда, калтакламоқда.

Мана ўзини Шоқосим, деб таништирган ўшликнинг айтгани:

- Ўзбек ëшларининг у ëқ бу ëққа чиқиб юриши умуман йўқ десак ҳам бўлади. Жуда кам. Юрса¸ ота-онаси билан бирга. Лекин кўраяпман таксистлар ҳам бор ëшлар¸ бошқа нималар бор. Улар ҳам тирикчилигини қилишаяпти¸ дейди ўшлик Шоқосим.

Шоқосим ака “ёшлар” дер экан, ёши 25 нинг атрофидаги йигитларни назарда тутаяпти. Айтишича, айнан мана шу ёшдаги ўзбек йигитлар сўнгги бир-бир ярим ой ичида ўзига хос милиция “бизнеси” нишони бўлиб қолгани ҳеч бир ўшликка сир эмас.

Ўшдаги вазият тўғрисидаги тасаввурни мана бу хабар ҳам тўлиқлайди:

11 август кунги хабар:

“Қирғизистоннинг жанубий пойтахтида автобус ҳайдовчиларининг қарийб 50 фоизи ҳануз ишга чиқишдан қўрқмоқда. Бу ҳақда Ўш шаҳар йўловчи транспорти агентлиги хабар қилди.

Агентликка кўра, июн воқеалари давомида 30 та микроавтобус мажақланган, яна бир қисми ўғирлаб кетилган”.

Бу хабарга қўшимча сифатида айтиб қўймоқчимизки, Ўшдаги жамоат транспорти йўналишларида қатнаган 800 дан зиёд микроавтобуснинг мутлақ кўпчилиги, ўшлик ҳайдовчиларнинг айтишича, ўзбекларга тегишли бўлган.

Хуллас, Ўш ва Жалолобод қирғини бошланганига 2 ой тўлган кунда ҳануз жавоблардан кўра саволлар кўпроқ.

Ҳар ҳолда ўшлик Аҳмаджон ака шундай деди.

- Лекин биз ўз саволларимизни ўртага ташламаяпмиз. Айрим нарсаларга кўз юмиб ортиқча саволларни бермаëтганлигимизнинг сабаби ҳам "Зўрға ўрнатилган тинчлик нима бўлса ҳам тинч бўлиб турсин. Оз-оздан бўлса ҳам одамларнинг эсидан чиқсин" деган мақсаддамиз, деди ўшлик Аҳмаджон ака.

(Лавҳада келтирилган хабарлар Қирғизистондаги 24kg ҳамда АкиПресс ахборот агентликларидан олинди.)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG