Линклар

logo-print

Маҳаллий ўзбеклар Ўш мэрияси режаларидан хавотирда


Ўш расмийлари уйсиз қолганларни янги куп қаватли уйларга кўчириш таклифи қишни чодирда бўлсада ўз ҳовлиларида ўтказишга тайёр ўшликлар томонидан рад этиладиган кўринади.

Ўш расмийлари уйсиз қолганларни янги куп қаватли уйларга кўчириш таклифи қишни чодирда бўлсада ўз ҳовлиларида ўтказишга тайёр ўшликлар томонидан рад этиладиган кўринади.

Ўш мэриясининг шаҳарда турли миллат вакиллари истиқомат қиладиган кўп қаватли уйлар қуриш режаси аксар ўшлик ўзбеклар томонидан ўзларига тегишли катта ҳовлилардан ҳайдалиб, мажбуран квартираларга кўчиришга уриниш дея кўрилмоқда.


Қирғизистон жанубидаги вазият нисбатан барқарорлашгач, Ўш ва Жалолободдаги воқеаларда маҳаллий ўзбеклар истиқомат қилувчи маҳалалар ёқиб юборилгани, қирғизлар яшовчи хонадонларга эса ҳеч қандай зарар етказилмагани аниқланди.

Шаҳарда қайта таъмирлаш ишлари бошланган бир пайтда Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов келажакда ўзбеклар ва қирғизлар биргаликда яшайдиган маҳалалар яратиш ниятида эканини маълум қилди.

- Зўравонликлар чоғида турли миллат вакиллари истиқомат қилган маҳаллалар жабр кўрмади. Эндиликда биз шундай маҳаллалар яратиш ниятидамиз. Бу ерда турли миллат вакиллари яшаб, уларнинг фарзандлари ўзаро ўйнайди ва дўст орттиради,- деди Ўш мэри.

Ўз идорасида журналистлар билан учрашган Мелис Мирзақматов Ўшдаги эски маҳаллаларда уйлар бузилиб, кўчалар кенгайтирилишини маълум қилди.

Шаҳар мэрига кўра, уйларидан айрилган фуқароларга янги қурилган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтиш таклиф қилинади.

- Бу катта фожиадир. Биз одамларга нисбатан юмшоқроқ ҳаракат қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Шундоқ ҳам улар яқинлари ва мол мулкидан айрилдилар. Шунинг учун ҳам биз қўлдан келганича ҳаракат қилмоқдамиз,- деди Мирзақматов.

Ўш мэри янги маҳаллалар қуриш қарори шаҳар аҳолиси билан келилишилган ҳолда амалга оширилишини таъкидлади. Бироқ ўтган ҳафта Мирзақматов ўринбосари Таалай Собиров Озодлик билан суҳбатда янги уйларни қуриш режаси аллақачон ишлаб чиқилгани ва расмийлар ўз хонадонини тарк этишни истамаган фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб бораётганини маълум қилди.

- Шаҳримиз ва мамлакатимиз манфаати учун тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Кўп қаватли уйларга кўчиб ўтишни истамаганларга биз ер ва қарз пули берамиз. Улар яшаган ҳудуд қурилиш бўйича бош планга кириб қолгани учун эндиликда улар кўчишга мажбур,- деди Таалай Собиров.

Ўшликлар янги уйларнинг қурилиши борасида улар билан ҳеч ким маслаҳатлашмаганини таъкидлаб, бундай ишларга мутлоқ қарши эканларини айтмоқдалар. Ўшлик ўзбек аёли Мамлакат Эмилова ўз уйини қайтадан қуришни афзал кўришини айтади.

- Домга кўчиб ўтмаймиз. Маҳалламиз ўз уйларимизда яшамаймиз деб мана шу ерда ўтираверамиз, биз палаткаларда яшайверамиз,- дейди Мамлакат Эмилова.

Айни пайтда Ўш шаҳар ҳокимиятидаги манбанинг Озодлик радиосига билдиришича, янги кўп қаватли уйларни қуриш ишлари “Манас-Ота” микрорайонида бошлаб юборилган.

Маълум бўлишича, кўп қаватли уйларни саккиз ойи ичида қуриб битказиш ва июн ойидаги тартибсизликлар чоғида бошпанасиз қолган фуқароларга бериш режаланган.

Бундан ташқари яна иккита қўп қаватли уйни қуриш лойиҳаси Ўш шаҳрини қайта таъмирлаш дирекциясига юборилган ва яқин кунлар бу уйларни ҳам қуриш ишлари бошлаб юборилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG