Линклар

logo-print

Ўзбекистон Олий суди Дилмурод Саййидга берилган жазони ўзгаришсиз қолдирди

  • Абдулла Искандар

Дилмурод Саййидни қамоққа бориб кўрган онаси, унинг озиб кичкина бўлиб қолганида танимаганини айтади.

Дилмурод Саййидни қамоққа бориб кўрган онаси, унинг озиб кичкина бўлиб қолганида танимаганини айтади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Дилмурод Саййиднинг 12,5 йилга қамалишига сабаб бўлган айбловлар сохталаштирилганини айтиб келсада, Ўзбекистон Олий суди, ҳибсга олинганидан бери рафиқаси ва қизидан фожиали тарзда айрилган журналист иши бўйича дастлабки маҳкама ҳукмини бекор қилиш учун етарли асос топа олмади.


Ўзбекистон Республикаси Олий Суди 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган журналист Дилмурод Саййидга нисбатан Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди чиқарган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Навоийдаги 64/49-жазо муассасасида қамоқ муддатини ўтаётган журналистнинг иши юзасидан 2009 йил декабрида Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига ариза берилган эди.

Ҳукм ўзгаришсиз қолгани ҳақида Дилмурод Саййиднинг укаси Обид Саидовга Олий суд ҳаками Мусаев имзоси билан хат юборилди.

- Мана Олий судда ҳам иш кўрилди. Жавоб келди. Менимча¸ ўша ердан бирортасини чақириб сўраган ҳам эмас¸ учрашган ҳам эмас. Мана рад жавоби ëзиб юборилаверди¸- дейди Дилмурод Саййиднинг укаси.

Обид Саидовнинг Озодликка айтишича¸ мактубда Олий суд дастлабки маҳкама ҳукмини бекор қилиш учун етарли асос топилмагани билдирилган.

Олий суд мактуби билан танишган Дилмурод Саййиднинг жамоатчилик ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановга кўра, қамоқда қолаëтган журналистнинг иши Олий суд тарафидан юзаки кўриб чиқилган.

- 10 август куни Олий суд тарафидан жавоб хати олинди. Олий суд судяси Мусаев имзоси билан келган хатда Ўзбекистон республикаси Олий суди жиноят ишидаги ҳукмни ўзгартиришга асос бўлмаганини маълум қилган. Журналист ҳужжатларни қалбакилаштириш ва товламачиликда айбланганини кўпчилик билади. Ўтган йил куз ойларида унинг турмага бораëтган хотини ва ëлғиз қизи автоҳалокат туфайли оламдан ўтди. Унинг бошига кўп фожеалар тушди. Ундан ташқари онасининг аҳволи ҳам яхши эмас. Кекса онаси ҳозир касалванд¸- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Дилмурод Саййиднинг онаси Ҳамида опа қамоқхонага ўғлини кўргани бориб танимаганини айтади.

- Икки суткаликка борган эдим. Қарагани ҳам йўқ бизларга. Мен бир болам билан юрибман деб ўйлабман. Мен эшикдан кириб борсам¸ бу йигит мендан ҳам бўйи паст. Мендан ўғлимнинг бўйи анча баланд эди. Аллакимга ўхшади. Мен танимадим у болани. Икки кундан кейин йўлга чиққанда мен билан бирга қамоқхонага борган ўғлимга “Нимага мен ўғлимни кўрмадим? Нимага бизларга кўрсатмади?” десам¸ “Вой олдингизда ëтиб турган ўғлингизку” деб айтди. Шу билан йиғлаб-йиғлаб келдим. (йиғлаб) Нима қилишимни билмайман. Ҳозир ундан баттар кўчада йиғлаб келдим. Ўғлим ҳеч қанақа гуноҳ қилгани йўқ. Озиб кетган кичкина бўлиб. Яқинда доктордан қоғоз олдик. Ўқиган сайин юракларим эзилади. Нима қилишимни билмайман. Шунчалик ëмон одам эканмизми¸ дейди ўғлининг дардида куйиб ўтирган Ҳалима опа.

Дилмурод Саййид 2009 йил 22 февралида Тошкент шаҳрида қамоққа олинган эди.

У ва яна уч нафар шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш¸ қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйиш моддалари бўйича айбланиб¸ маҳкамага тортилди.

Самарқанд вилоят Тойлоқ туман суди 2009 йилнинг 30 июл куни Дилмурод Саййидга 12,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган¸ 11 сентябр куни туман аппеляция суди бу ҳукмни ўзгартирмади.

2010 йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Самарқанд вилояти Тайлоқ туман суди чиқарган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

2009 йилнинг 5 ноябр куни Навоийдаги қамоқхонага бориб Дилмурод Саййид билан учрашмоқчи бўлган унинг рафиқаси Барно Жуманова ва олти яшар фарзанди Рухшона автоҳалокатга учраб¸ фожиа жойида ҳалок бўлди.

Бир қатор халқаро ташкилотлар жумладан, Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти, ЕХҲТ нинг Матбуот эркинлиги бўйича махсус идораси¸ қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Дилмурод Саййиднинг узоқ муддатга қамалишини қоралаб, Ўзбекистон ҳукуматини журналистни озод этишга чақириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG