Линклар

Азимжон Асқаровга жиддий айбловлар қўйилмоқда


Жалолобод прокуратураси "Воздух" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаров устидан олиб борилган тергов жараёнини ниҳоясига етказди.

Азимжон Асқаров 13 июн куни Жалолободнинг Бозор-Қўрғон туманида рўй берган тартибсизликлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Бозор-Қўрғондаги этник тўқнашувлар чоғида бир милиция ходими ҳалок бўлган, яна етти нафари тан жароҳати олган эди.

Ниҳоясига етказилган тергов натижаларига кўра, Азимжон Асқаровга Қирғизистон Жиноят кодексининг 28, 30 моддалари (гаровга олиш ҳаракатларида иштирок этишга уриниш), 241 модда (ўқ-дориларни ноқонуний йўллар билан сотиб олиш ва сақлаш), 299 модданинг 2 банди (эстремистик руҳдаги адабиётни сақлаш), 299 модда (этник, диний ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга уриниш), 233 модда (оммавий тартибсизликларда қатнашиш), 30 модданинг 340 банди ( милиция ходимини ўлдиришда иштирок этиш) ҳамда 30 модданинг 97 банди (қасддан одам ўлдиришда иштирок этиш) бўйича айбловлар қўйилган.

Айни пайтда қатор нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровни зудлик билан озод этишга чақирмоқдалар. Уларнинг фикрича, ҳуқуқ фаолига нисбатан қўйилаётган айбловларнинг барчаси соҳталаштирилган ва журналист ўз профессионал фаолияти учунгина қирғиз расмийлари томонидан таъқиб этилмоқда.
XS
SM
MD
LG