Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:40

Бекназаров Ўш воқеаларида ўзбек лидерларини айбламоқда


Қирғизистон бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров қирғизистонлик ўзбек лидерлари ҳақида аввал ҳам унча ижобий бўлмаган фикрлар айтиб турарди.
Қирғизистон бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров қирғизистонлик ўзбек лидерлари ҳақида аввал ҳам унча ижобий бўлмаган фикрлар айтиб турарди.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров Ўш қирғини ташкилотчилари сифатида бир қатор ўзбек лидерлари айбланаётганини ва уларга нисбтан жиноят ишлари очилганини билдирди.

Бекназаровга кўра, Ўш воқеалари юзасидан жами 3700 та жиноят иши очилиб, 300 дан ортиқ одам қамоққа олинган.

Қирғизистондаги айрим нашрлар Ўш қирғини ташкилотчилари сифатида республика ўзбек миллий маданий маркази раиси Жалолиддин Салохитдинов ва унинг ўринбосарлари Қодиржон Ботиров ҳамда Иномжон Абдурасуловларга нисбатан жиноят ишлари очилганини хабар қилган эдилар. Бироқ бу борада расмий билдирув қилинмаган эди.

Қирғизистон парламентининг собиқ депутатлари бўлган бу уч шахсга нисбатан айблов қўйилганини мамлакат бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров 11 август куни ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

- Шу кунгача ўзбек диаспораси лидерлари фамилиясини айтиб қўйсак, бир томонлама гапираётган бўлиб қолмайлик, деган андишада эдик. Бироқ ҳафта бошида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида уларнинг номлари очиқ айтилди ва ҳатти-ҳаракатларига баҳо берилди, деди Азимбек Бекназаров.

Унинг айтишича, Иномжон Абдурасулов, Қодиржон Ботиров, Жалолиддин Салоҳитдиновларга нисбатан қидирув эълон қилинган ва Интерполга сўров берилган, шунингдек, мазкур шахсларни қамоққа олиш учун судлардан ҳам санкция олинган.

Расмий маълумотларда айтилишича, Қирғизистондаги ўзбек лидерлари деб аталаётган мазкур уч шахс аҳолига қурол тарқатган ва миллатлараро низо келтириб чиқарган, деган моддалар билан айбланмоқда.

- Бакиевларнинг уйига ўт қўйилиши миллатлараро низо чиқишига асосий сабаб бўлди. Албатта, бу низода Санжар Бакиевнинг ҳам иштироки бор. Лекин асосий сабаб Бакиевнинг уйига ўт қўйилиши бўлди, деди Азимбек Бекназаров.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистонда апрел ойида содир этилган давлат тўнтаришидан сўнг президент Бакиев Жалолобод шаҳри яқинидаги қишлоғига кетган эди. Бу ердан у Белорусга олиб кетилгач, Бакиевларга қарашли уйлар ёқиб юборилган ва матбуотда бу ишни Қурмонбек Бакиевга мухолиф бўлган Қодиржон Ботиров амалга оширгани айтилган. Бироқ Қодиржон Ботиров янги ҳукуматга фақат Жалолобод шаҳрида тартиб ва барқарорлик ўрнатилишига кўмак бергани, Бакиевларга қарашли уйларнинг ёқилишига эса мутлақо алоқадор эмаслигини билдирган.

Айни пайтда бишкеклик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова ўзбек лидерларига бундай айбловларни қўйишдан олдин ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бир қатор бошқа жиноят ишларининг охирига етиши керак, деб ҳисоблайди:

- Оддий халқ қўлига қурол қаердан келгани, улар қайси қуролларни кўтариб юргани, оддий халқ нега БТРларни миниб юргани, бу БТРлар қаердан олингани тўғрисида ҳам жиноят ишлари очиш керак-да. Бу нарсани аниқламай туриб, қуролни ким тарқатгани ҳақида аниқ далил-исботлар билан гапириб бўлмайди, деди Азиза Абдурасулова.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шариповнинг айтишича, ўзбеклар орасида ҳам Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов ва Жалолиддин Салоҳитдиновларга билдирилаётган айбловлар юзасидан бир-бирига қарама-қарши икки хил фикр билдирилмоқда. Айримлар номи зикр этилган шахслар Ўш фожеаси юз бериши сабабчиларидан бири, деб ҳисобламоқдалар.

- Лекин аҳолининг кўпчилик қисми уларнинг айбдор эканига ишонмайди. Ўзбек лидерларининг барчасини айблаш бугуннинг ҳақиқатига тўғри келмайдиган нарса. Ўзбек лидерлари ёппасига айблаш, қамоққа олиш ва қамаш вазиятни янада мураккаблаштириши аниқ, дейди Абдумалик Шарипов.
XS
SM
MD
LG