Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:44

Тожикистонда ўсмирлар қамалди


Тожикистон Олий суди ҳарбий коллегияси фуқаролар мол-мулкини ўғирлаганлик, безорилик ва киши жонига қасд қилганликда айбланмиш 9 нафар ёш йигитни турли муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Маълум бўлишича, шу йил 11 августида Қўрғонтепа шаҳар суди залида бўлиб ўтган маҳкамада 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган бу ўсмирлар ўз айбига иқрор бўлганлар.

Судга раислик қилган Шараф Пўлатов маҳкама якунида ҳукмни ўқиб эшиттираркан, Тожикистон Мудофаа вазирлиги аскари ва мазкур жиноий тўдани бошқарган Зафар Сатторов 24 йилга, унинг гуруҳига аъзо бўлган 5 нафар ўсмир 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилганини эълон қилди.

Ҳакам мазкур жиноий гуруҳнинг фақат уч нафар аъзосига 1 йиллик шартли жазо тайин қилиб, уларни суд залидан озод қилиб юборди.

Давлат қораловчиси Абдуқодир Нуровнинг Озодлик радиоси тожик шўъбасига маълум қилишича, Мудофа вазирлиги аскари Зафар Сатторов ҳарбий қисмдан қочиб, бир гуруҳ балоғатга етмаган болаларни ноқонуний ишларни амалга оширишга жалб этган.

- Мудофа вазирлигининг 16573-ҳарбий қисмидан қочган Зафар Сатторов Қўрғонтепадаги ресторанларнинг бирида яширинча ишлаб, ўша ерда балоғатга етмаган ёшларни ноқонуний ишларга жалб қилиш мақсадида ўз атрофига тўплай бошлаган. Шу йилнинг февралида у пичоқлар билан қуролланган ўз гуруҳини тўплаб, Қўрғонтепа шаҳар бозори яқинида маҳаллий таксиларнинг бирини кира қилиб, Бохтар туманига йўл олган.
Йўл ярмида, хилватроқ жойда машинани тўхтатиб, автомашинани ўзлаштириш мақсадида Зафар Сатторов ҳайдовчига бир неча марта пичоқ санчиган. Аммо пичоқланган ҳайдовчи жиноятчилар қўлидан қутулиб қочган. Автомашина эса жинояткорлар қўлида қолган, дер экан прокурор Нуров бу тўда Қўрғонтепа, Румий ва Бохтар туманларида ҳам фуқаролар мол-мулкини ўғирлагани тергов жараёнида аниқланганини билдирди.

Суд коллегияси ҳукмидан норозилигини айтган давлат қораловчиси Абдуқодир Нуров Зафар Сатторовга 30 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраганини билдирди.

Ўз навбатида, судланганлар яқинлари ва уларнинг оқловчилари судя адолатсиз ҳукм чиқарди, деган фикрдалар. Оқловчи Нурулло Ашуров ўз ҳимоясида бўлган уч нафар ўсмирни етти йилга қамашганидан норози.

- Суд ҳакамидан ҳимоямда бўлганларнинг айбсизлиги ва уларнинг балоғат ёшига етмаганини назарга олган ҳолда, уларни суд залидан озод этишини сўрагандим. Аммо ҳар галгидек бундай бўлмади ва улар 7 йилданга озодликдан маҳрум этилди. Мен бу ҳукмни адолатсиз, деб биламан ва Олий судга кассация тартибида ариза ёзамиз, деди оқловчи Нурулло Ашуров.

7 йилга қамалган ўсмирлардан бирининг онаси Мағфират исмли аёл боласини кўп машаққатлар билан вояга етказгани, аммо у бугун терговчилар найранги қурбони бўлганини айтиб куйинди.

- Ўғлимга бу айбларни мажбуран юклашди. Терговчи Қуръон билан қасам ичиб, агар шу кўрсатмаларни бўйнингга олиб, имзо қўйсанг, озод этиласан, уйингга кетаверасан, деган. У ҳам иложсизликдан имзо чекиб юборган. Улар алдашди боламни. Бу қандай адолатсизлик, буларда инсоф борми ўзи, дея зорланади Мағфират.

Судланганлардан бирининг бобоси Сафархон Ҳалим ҳам суд ҳукмидан норози.

- Буларнинг бариси бола, жиноят нималигини билишмайди-ку. Болаларни 10, 15 йилданга зиндонга тиқиш адолатданми? Аксинча, уларга хатоларини тузатишлари учун имконият беришлари керак эди. Бу бечора адвокатларнинг ҳам гапи ҳеч қаерга ўтмас экан, ёрдам қила олмади бизга, дейди невараси 10 йилга қамалган Сафархон Ҳалим.

Қўрғонтепа шаҳар мактаблари ўқувчилари бўлган судланганларнинг деярли ҳаммаси отасиз ўсганлиги, уларнинг тарбияси фақат оналари зиммасида бўлгани айтилмоқда. Минтақа ҳарбий прокурори Абдуқодир Нуров фикрича, балоғатга етмаган болаларнинг таълим-тарбиясиз қолиб, жиноятга қўл уришларининг асосий сабаби ҳам шунда.

- Бизнинг келажагимиз ёшлар қўлида. Лекин улар ёшликдан жиноятга қўл уриб, мактаб ўрнига қамоқда қолишлари келажакда яхшиликка олиб бормайди, дейди прокурор Нуров.

Айни пайтда судланганларнинг яқинлари ва оқловчилари суд ҳукми қонун кучига киргунга қадар, яъни ўн кун давомида ҳукм кўриб чиқилишини сўраб, Олий судга ариза билан мурожаат қилишмоқчи.
XS
SM
MD
LG