Линклар

logo-print

Москва масжидларида жой етишмаяпти


Москвада Таровеҳ намозини ўқишни ният қилган мусулмонлар масжидларга сиғмай, пойтахт кўчаларини тўлдирмоқда.

Москвада Таровеҳ намозини ўқишни ният қилган мусулмонлар масжидларга сиғмай, пойтахт кўчаларини тўлдирмоқда.

Москва ҳукумати шаҳарнинг Диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича қўмитаси ва префектураларга мусулмонларга Рамазон ойидаги маросимлар учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришни буюрди. Москва шаҳар ҳукуматининг тахминларига кўра, Москва жомеъ масжиди, Ёрдам масжиди, Катта Татар кўчасидаги тарихий масжид ва Шухада масжидларида Таровеҳ намозини ўқишга кунига 60 мингдан ортиқ мусулмоннинг келиши кутилмоқда.

Лекин Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов ҳазратлари кўрилаётган чоралар Москвадаги мусулмонлар сони ҳисобга олмаган ҳолда амалга оширилмоқда, дейди.

- “Россия ва Ислом дунёси” халқаро конференциясида пойтахт мэри жаноб Лужковнинг ўзи келтирган рақамларга кўра, Москвада 2 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қилади. Совет даврида Москванинг ўзида биргина татарлар 800-900 минг кишини ташкил этган. Бугунги кунда эса Марказий Осиё, Кавказ ва бошқа ҳудудлардан кўчиб келганларни ҳисобга оладиган бўлсак, бу рақамларни бир неча баробарга кўпайтиришга тўғри келади. Оддий мисол... Жомеъ масжидида ўтказилган сўнгги байрам тадбирида, маҳаллий милиция раҳбариятининг маълумотига кўра, 60 мингдан ортиқ одам тўпланган. Масжидимизнинг ичкарисига бир минг одам жойлашган бўлса, метро бекатигача бўлган Олимпийский стадионининг майдони тўлиқ ибодатга келганлар билан тўлди,- дея ўз рақамларини келтирди Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов.

Муфтийнинг айтишича, бу ҳолат, айниқса, байрам кунлари, шаҳардаги бошқа аҳоли вакилларига бироз ноқулайлик яратмоқда. Москва ҳукумати, дейди муфтий ҳақиқий рақамларни яшириш ёки камайтириб кўрсатишдан биринчи навбатда ўзи учун муаммоларни туғдирмоқда.

Муфтият расмийсининг сўзларига кўра, масжид, синагога ёки черков каби диний мажмуалар атрофида албатта катта кенгликлар сақланиб қолмоғи керак.

Азалдан жой танқислигидан қийналиб келган Москвада кейинги ҳафтада ўрнашган қалин тутун айнан 11 август куни тарқаб кетганлигини маҳаллий мусулмонлар юқоридан келган нишон сифатида қабул қилмоқдалар.

Иман Паршукова Москвадаги Ислом маданий маркази аъзоси:

- Албатта, кўпдан бери ёғмаган ёмғир айнан шу куни ёғгани ва тутунни босганини Худонинг инъоми сифатида қабул қиляпмиз. Биласизми, ҳозирда ҳар куни Таровеҳ кечалари уюштирилмоқда. Биз кўпроқ халқаро мусулмон ташкилотлари билан ҳамкорлик қилганлигимиз учун, ҳозир 2011 йил апрел-май ойларига мўлжалланган Европа мусулмонлари Халқаро саммитига тайёргарлик кўрмоқдамиз,- дейди Ислом маданий маркази аъзоси Иман Паршукова.

Бугунги кунда Россияда 30 млнга яқин мусулмон истиқомат қилмоқда, дея қўшимча қилди Паршукова хоним.

Санкт-Петербург шаҳридан ўзини Басир деб таништирган ўзбекистонлик йигит ўзи номидан барча Россия ва бошқа ўлка мусулмонларини кириб келган Рамазон ойи билан табриклади:

- Тилагим шу ака-укаларимизга, опа-сингилларимизга Рамазон ойида рўзаларни иймон билан, Оллоҳга умид билан тутишни, Оллоҳга мақбул бўладиган ниятлар билан рўзани тутиш барчамизга насиб қилсин. У Рамазондан бу Рамазонгача ўтган гуноҳларимизни Оллоҳ маҳфират қилсин ва барчамизни Ўзи рози бўлиб, бизлар рози бўлиб жаннатга киришимизга тилакдошман,- дея кириб келган Рамазон ойи билан табриклади санкт-петербурглик Басир.





Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG