Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:10

Ёшлар орасида ишсизлик кўлами ошишда давом этмоқда


Ўзбекистон ҳукуматининг ишсизлик кўлами бир фоиздан камроқ, деган иддаоларига қарамасдан, бугун Ўзбекистон бозорлари ёнида пакка қурган ёш мардикорлар одатий манзарага айланган.
Ўзбекистон ҳукуматининг ишсизлик кўлами бир фоиздан камроқ, деган иддаоларига қарамасдан, бугун Ўзбекистон бозорлари ёнида пакка қурган ёш мардикорлар одатий манзарага айланган.

Дунё бўйича ёшлар орасида ишсизлар сони бу йил 13 фоиздан ошди. БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти 2010 йил Ёшлар йили муносабати билан эълон қилган ҳисоботида дунё бўйича ёшлар орасида ишсизлик ошиб бораётгани айтилади. Ўзбекистонда ҳам ишсиз ёшларнинг саноғи йўқлиги яшириб бўлмай қолган ҳақиқатга айланган.


Қароргоҳи Женевада жойлашган Халқаро меҳнат ташкилоти 12 август куни эълон қилган ҳисоботда жорий йилда дунё бўйлаб ёшлар орасидаги ишсизлик мисли кўрилмаган даражага чиққани айтилган. Ҳужжатга кўра, дунёдаги 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган 620 миллион ёш йигит-қиздан 81 миллиони 2009 йил охирида ишсиз қолган.

Ҳисоботда бу йил дунё ёшлари орасида ишсизлар сони 13,1 фоизга етиши ва келаси йил бу рақам бир оз камайиб 12,7 фоизни ташкил этиши башорат қилинган.

Дунё ёшлари орасида ишсизлар сонининг рекорд даражага етишининг асосий сабаби ҳали ҳам чекинмаган молиявий бўҳрон экани ҳам қайд этилган. Жаҳон ёшларининг 90 фоизи ривожланаётган давлатларда яшаши қайд этилган ҳужжатда, уларнинг ривожланган давлатлардаги ёшларга нисбатан ишсиз қолишлари эҳтимоли юқорироқ экани таъкидланган.

Глобал иқтисодий бўҳрон Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий таъсир этмагани ҳақидаги Тошкент ҳукуматининг баёнотларига қарамай, мустақил кузатувчилар Ўзбекистонда ҳам ёшлар орасида ишсизлар кўп деган фикрда.

Иш излаб, Фарғона водийсидан Тошкентга кўчиб келган Шавкат бу фикрга қўшилади.

- Ўзбекистонда ёшлар ичида бор ишсизлик. Водийда кўпроқ. Тошкентда ундай эмас. Иш йўқлигидан кўчиб кетдим. Тошкентда ишлаб чиқаришлар жуда яхши. Водийда ундай эмас. Ишсизлик жуда катта эди, дейди Тошкентга иш излаб келган водийлик Шавкат.

Эксперт ишчи гуруҳи вакили Суҳроб Исмоиловга кўра, аҳоли бандлигини таъминлаш марказларида расмий рўйхатдан ўтган фуқароларгина ишсиз ҳисобланади. Унинг фикрича, ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралардан ёшлар орасида ишсизлар сони кўплигини тахмин қилиш мумкин.

- Ўзбекистонда аҳоли орасида ишсизлик сони ëки даражаси жуда баланд. Айниқса ëшлар орасида баланд эканлигини биз тахмин қилишимиз мумкин. Бундан даолат берадиган нарса¸ мана 10-15 кун илгари президентнинг ëшларни тадбиркорликка жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида фармойиши эълон қилинди. Мана шу фармойиш ҳам бежиз эмас. Бу фармойиш ҳам чиройли сўзлар билан тузилган. Лекин унинг аксида ëтган маънога қарайдиган бўлсак¸ бу ҳам ҳукуматнинг ëшлар ўртасида ишсизликнинг ривожланаëтганидан хавотирда эканлигидан далолат беради. Иккинчи мазмуни айнан шундан иборат. Бу фармойишда ëшларни кичик бизнес ва кичик корхоналарга иш ўринларига тортилса¸ мана шу бизнес субъектларига гўëки бир талай имтиëзлар ва қўшимча ҳақ-ҳуқуқлар яратиб берилади деган ваъда берилган эди. Бундан ҳам биз билишимиз мумкинки¸ ҳукумат ҳозирги пайтда мана шунақа расмий йўллар билан ишсизлик муаммосини ечишга ҳаракат қилаяпти, дейди Эксперт гуруҳи вакили.

Мустақил кузатувчи Наримон Ҳасанов Озодлик билан суҳбатда мамлакатдаги коррупция ҳам ёшлар, умуман ишсизлар сонининг ортишига ҳисса қўшмоқда, дейди.

- Ишчи ўринлари тобора қисқариб кетаяптида. Иқтисодиëт самарали бошқарилмаётганига мисол келтириб ўтишим мумкин. Бирор бир нарса ишлаб чиқарадиган саноат корхонаси ëки завод ва фабрика бўладиган бўлса¸ қанақадир корчалонлар уни амартизационний нархи билан сотиб олишаяптида¸ уни йўқ қилиб ташлашаяпти. У ерда 1 минг, 2 минг ёки 3 минг иш ўринлари бўлган. У ердан бўшаган ишчи ëшми ёки қари, қаëққа боради,- дейди мустақил кузатувчи Наримон.

Водийлик Шавкат Ўзбекистонда ёшлар орасида ишсизлар сонини камайтириш учун ҳукумат кўриши мумкин бўлган чоралардан бири ўлароқ, корхоналар фаолиятини қайта тиклаши керак деган фикрда.

- Тўхтаб ëтган ишлаб чиқариш корхоналарини¸ завод ва фабрикаларни юргазиш керак. Ёшлар коллеж ва лицейлар битирилаяпти мана. Корхоналар¸ заводлар юрса¸ уларга иш бўлади. Ишлаб чиқаришни ривошлантириш Ўзбекистонга фойда келтиради. Тадбиркорликни яратиш керак. тадбиркорлар кўп билан 10-20-100 та одам ишлатиши мумкин. Тадбиркорларга ҳам имконият бериш керак. катта корхоналар юрса¸ ишсизлик камаяди деб ўйлайман,- дейди иш излаб водийдан Тошкентга келган Шавкат.

Суҳроб Исмоилов эса ёшлар орасида ишсизликка барҳам бериш учун давлат тизимининг деярли барча соҳаларида ислоҳотлар ўтказилиши керак деган фикрда.

- Ўзбекистонда ҳақиқий маънода ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиëсий тузум ҳам ўзгариши керак. Реформалар ўтказилиши керак. Ана шундагина бизда соғлом иқтисодиëт пайдо бўлади ва соғлом иқтисодиëтнинг ўзи кўп ҳолатларда меҳнат бозорини тартибга сола олади. Мутахассисликларга нисбатан талабни тартибга сола олади. Иккинчи масала Ўзбекистонда ҳозирги кунда мавжуд бўлган турли хил йўналишлар бўйича кадрлар етиштириб чиқариш тизимини қайтадан кўриб чиқиш керак. унинг реал ҳаëтга мос келишини таъминлаш керак. Учинчидан¸ мавжуд иш ўринларини ва уларга белгиланган турли хил тоифалар бўйича ëки касблар бўйича ойликлар тизимини¸ компенсация тизимини қайтадан кўриб чиқиш керак. уларни ҳам бозор иқтисодиëтига мослаш керак. Тўртинчидан¸ ҳозирги пайтда ҳукумат тарафидан илгари сурилаëтган ва кўпроқ ўзларида марказий ҳокимиятнинг босимини сезиб¸ маҳаллий ижро ҳокимликлар тарафидан амалга ошириладиган турли хил расмиятчилик учун кўзланган бандлик бўйича тадбирлардан¸ хусусан меҳнат ярмаркалари ëки ëшларни ишга жойлаштирдим деб справкалар олиб келиниши олий ўқув юртларини битириш арафасида. Мана шунга ўхшаган тадбирлардан воз кечиш керак, - дейди Эксперт ишчи гуруҳи вакили Суҳроб Исмоилов.

БМТ Бош Ассамблеясининг жорий йил 5 феврал кунги йиғилишида 2010 йилни “Халқаро ёшлар йили: мулоқот ва бир-бирини тушуниш” йили деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилинган.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Дунё бўйича ёшлар орасидаги ишсизликка оид 12 август куни эълон қилган ҳисоботи ана шу санага бағишланган.
XS
SM
MD
LG