Линклар

Эҳтиёт бўлинг, ҳаёт учун хавфли ёнилғи!

  • Барно Анвар

Ўзбекистондаги ёнилғи шаҳобчларидан биридаги "Хуш келибсиз!" ёзуви мижозлар йўқлигидан ҳижолат бўлган кўринади.

Ўзбекистондаги ёнилғи шаҳобчларидан биридаги "Хуш келибсиз!" ёзуви мижозлар йўқлигидан ҳижолат бўлган кўринади.

Қашқадарё вилояти, Ғузор туманининг Туркманистон билан чегара ҳудудидан яширинча бензин олиб ўтаётган Эркин Абдуллаевни туркман чегарачилари отиб қўйди. Шу кунларда Ўзбекистондаги бензин тақчиллиги ўзбекистонликларни турли куйга солмоқда, хусусан ўлим билан ўйнашишга мажбурламоқда.


Қашқадарё вилоятининг 3 тумани — Нишон, Деҳқонобод ва Ғузор туманлари қўшни Туркманистонга чегарадош.

Бундан беш йил муқаддам ҳар уч туман ҳудудидан қўшни республикага олиб ўтувчи овлоқ йўлларни топиш мумкин эди. Аммо, чегаралар мустаҳкамланиб, тиканли сим тўсиқлар тортилганидан сўнг бу овлоқ йўлларининг кўпчилиги беркилиб кетди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мутасаддиларига кўра, ҳозир фақатгина Нишон тумани орқали белгиланган давлат чегара пости орқали Туркманистонга ўтиш мумкин.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги расмийси Озодлик мухбири билан суҳбатда деҳқонободлик Эркин Абдуллаевни Туркманистон чегарачилари отиб ўлдирганидан бехабарлигини айтар экан, воқеанинг Ғузор ёҳуд Деҳқонобод туманида содир бўлиши мутлақо мумкин эмас, деди.

- Деҳқонобод зонасида деялри проход қиладиган жой йўқ. Ҳамма жойи тоғ¸ ангарлар жойлашган. Бизда фақат Нишон туманидан Туркманистон томонга ўтиш мумкин. У ердан ҳам бензин олиб ўтадиган пороходолар йўқ. Ҳамма жой ангар бўлиб ëтибди. Бизда олдин Нишонда очиқ зона бўларди. У ҳам ҳозир тўсилган. У нарсалар ҳозир тугаб кетди. Олдинлар бўлган бўлиши мумкин. Лекин мен сизга гарантия бериб айтаман ундай ҳолатлар йўқ. Чунки мен ўзим чегарада жуда кўп юраман,- деди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мутасаддиси.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳининг Қашқадарё вилояти бўлими вакили Жўра Муродов 32 икки ёшли Эркин Абдуллаев туркманистонлик чегарачилар томонидан отилгани, ўнг елкасидан олган жароҳати боис 19 июл куни вилоят шифохонасида оламдан ўтганини аниқлашга муваффақ бўлган.

- Туркманистон чегарасидан ноқонуний яширин йўл билан чегарани бузиб ўтиб, бизнинг Қашқадарë вилояти¸ Ғузор тумани ҳудудида қочиб ўтаëтганда Туркманистон чегара қўриқчилари томонидан ўнг елкасидан отилган. Қачон¸ қайси пайт отилганини ҳеч ким билмайдию¸ кейин Қарши шаҳар тез тиббиëт марказига олиб борилиб, 19 июл куни ўша ерда жон берган,- дейди қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли.

Эркин Абдуллаев каби якка тартибда бензин контрабандаси билан шуғулланган фуқароларнинг туркман чегарачилари томонидан отиб ўлдирилиши ҳоллари авваллари кўп бўларди, дея давом эттиради Жўра Муродов.

- Масалан, бундан уч-тўрт йил аввал биттаси бензин олиб келаëтганида бетоблиги туфайлими йўлда совуқдан музлаб ўлиб қолган эди. Яна бир сафар эса қаторасига уч-тўрт мотоцикл ўтган. Йўл назоратчилари уларни қувлаганда, биттаси мотоциклдан тушиб кетган ва қолганлари уни босиб ўтиб кетган. Ҳалиги одам ўлган эди. Шунақа қилиб, чегара бўйлаб тоғли жойларга тўғри келади. Бир хил жойлар дарë бўлади. Эшитишим бўйича ана шунақа ерлардан ўтиб кетадиган жойлари бўлганда. Туркманистон-Ўзбекистон чегарасида шўр сув оқадиган Шўрдарë деган жойи ҳам бор. У ерда ҳам ўлим билан боғлиқ бундай ҳолатлар кўп бўлган,- дейди Жўра Муродов.

Кейинги йиллар давомида бундай ҳоллар камайиб қолган эди, бироқ шу йил баҳордан бошлаб бензин контрабандасининг кўпйиб қолгани яна кузатила бошлади. Вилоятнинг Туркманистонга чегарадош Нишон туманида истиқомат қиладиган деҳқон йигит Абдумалик бу йил бензин нархи қимматлагани, кейинчалик эса тақчиллашгани бунга сабаб бўлди, дейди.

Унинг икки дўсти шу йил март ойида мотоцикл билан Туркманистондан яширинча бензин олиб ўтиб, сотиш билан шуғулланишга уриниб кўрган, аммо, бу уриниш муваффақиятсизлик билан тугаган.

- Улар мотоциклда ўтаётганда орқасидан чегарачилар отишганда. Ўша пайтда улар қумлик жойга тўғри келиб қолишган бўлган. Бу йўлда зовур¸ коллекторлар бор. Отгандан кейин рулни бошқаролмай йиқилишган. Йиқилган пайти келиб ушлашган. Иккаласини ҳам ушлаган. Биттаси абжирроқ бўлган. Иккита қоровулни уриб, қочиб кетган. Шериги қолиб кетган. Кейин эшитсак, шеригини туркманлар 5 йилга қамаворишибди,- дейди нишонлик Абдумалик.

Қашқадарёнинг Таллимаржон шаҳрида эса Туркманистон ва Ўзбекистон чегарачилари билан келишилган ҳолда ноқонуний равишда туркман бензинини олиб ўтиш ҳоллари ҳар доим кузатиб келинлган.

Буни таъкидлаган Жўра Муродовга кўра, июн ойидан июл ойининг 20 санасига қадар вилоятдаги аксарият ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин деярли бўлмагани боис, бундай ҳолатлар яна-да кўпайган.

- Шу йил июн ойи бошидан бу ëғига деярли уч ой бензин дефицит бўлиб колонкаларда умуман сотилмай қўйди. Июл ойининг 20 сидан бу ëғига озми-кўпми сотилаяпти. 50 кун бензин батамом бўлмади. Бу аҳолининг яшаш тарзига биринчи навбатда катта таъсир қилаяпти. Аниқ нархнинг йўқлиги¸ назоратнинг йўқлиги. Масалан, Қарши-Нишон оралиғида таксилар 1000 сўмдан қатнарди. Ҳозир 1500 сўм бўлиб кетди. Қишлоқ хўжалигининг ҳамма соҳасига таъсир қилган, кўп ҳолатлар издан чиққан,- дейди Қашқадарёда истиқомат қиладиган Жўра Муродов.

Ушбу вазиятга ойдинлик киритишини сўраб, вилоятидаги баъзи мутасадди ташкилотлар, жумладан, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Қашқадраё “Нефтгазсаноатқурилиш” акциядорлик жамияти каби ташкилотларга мурожаат қилдик. Аммо, жўяли жавоб ололмадик.

Жумладан, вилоятнинг “Нефтгазсаноатқурилиш” акциядорлик жамияти расмийси: “Ҳар йили режа асосида лимит белгиланади, ана шу лимит бўйича Бухоро нефтбазасидан керагича бензинни оляпмиз. Бизга етарли ҳозирча. Газ ҳам бор”, деб жавоб берди.

Вилоятдаги йирик шаҳарлар марказларидагина фаолият юритадиган ёнилғи қуйиш шаҳобчаларидаги бензин тақчиллигини изоҳлаб берадиган мутасадди топилмади.

Вилоятдаги ҳайдовчиларнинг аксарияти бензинни қўлдан сотиб олади. Шундай ҳайдовчилардан баъзилари август ойи бошидан бери қўлда сотилаётган бензин ҳам 3500 сўмгача чиқди, дейди.

Нишон туманида истиқомат қиладиган деҳқон йигит Абдумалик бисотидаги “Москвич” русумли автомобили учун баъзан бензин қидириб, ҳалак бўлиб қолишини айтади.

- Бизда заправка йўқ опа. Москвич¸ Урал билан олиб келиб сотишади. Ҳозир Туркманистондан унча кўп ўтмаяпти. Ҳар-ҳар замонда ўтиб, белгиланган точкаларига 200-300 сўм фойда қоладиган қилиб ташлаб кетишади. Ўшалардан олиб машинага қуямиз. Ундай тоза бензинмас у. У ҳам шу кунларда 2200 бўлди. Яна битта-иккита гаплар эшитиб қолдик¸ Қаршида заправкаларга 1800 дан бензин чиқибди, деб. 1800 заправкага чиққан бўлса¸ демак 1900-2000 атрофида келиб қолади бизга ҳам. Олиб-сотарлар олиб келиб точкаларга бериб кетишади. Биз точкалардан оламиз,- дейди нишонлик деҳқон йигит Абдумалик.

Бензин тақчиллашганидан буён бошқа вилоятлардаги каби Қашқадарёда ҳам ёнилғи қуйиш шаҳобчаларига келтирилаётган чекланган миқдордаги бензин қўлга чиқиб кетмоқда.

- 1800 ми ҳозир давлат нархи бензиннинг? Мана 3500 дан ҳам бензин олиб миндик. Яъни, уч-тўртта Москвич борадида¸ Москвич тоннага яқин юк кўтаради-ку, тонна олмаса ҳам 200 литр бензинни заправкадан олади. Унча-мунча фойда қоладида. Заправкада сотгандан кўра Москвичларга сотгани қулай уларга. Заправканинг ëнидаги домларда ҳам кичкина қилиб “бензин” деб ëзиб қўйибди. “Бензин қаерда?” десангиз¸ кўрсатиб юборади. Баклашкаларга солинган. Олиб ишлатдик. Қўлга чиқиб кетганда шунақа,- дейди Қашқадарёнинг Нишон туманидан бўлган Абдумалик.

Шу тариқа, Ўзбекистонда бензиннинг тақчиллашгани ва бунинг ортидан нархи рекорд даражада ортгани боис қўшни Туркманистонда ўзбек сўмига 500 сўм бўлган бензинни не машаққат билан бўлса-да, Ўзбекистонга олиб ўтиб, 2500 - 3500 сўмдан сотиб, пул топишга иштиёқмандлар сони ортмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бензин тақчиллиги аввалига май ойининг охирларидан Тошкент шаҳрида кузатилди. Июн ойидан бошлаб эса бу тақчиллик республиканинг бошқа вилоятларига ҳам кўчди.

Бу тақчиллик эса аввалига Қозоғистон нефт маҳсулотлари экспортини тақиқлагани билан боғланди.

Қозоғистон ҳукумати дастлаб шу йилнинг 1 июлига қадар нефт маҳсулотлари экспортини тақиқлади. Кейин бу тақиқ муддатини 2010 йилнинг 1 ноябрига қадар узайтирди.

Бундан ташқари, мамлакат расмийлари буғдой ўримидан бошлаб, пахта йиғим-терими якунланадиган пайтга қадар мамлакатда ёнилғи махсулотлари етишмаслигини кўпроқ хом-ашё маҳсулотлари тақчиллиги билан боғлиқлигини айтиб келишади.

Бироқ, баъзи таҳлилчилар буни мамлакатда нефт ва газ саноати, нефт-газ маҳсулотлари таъминоти соҳасини ўз назоратига олгани айтиладиган “Зеромакс” ширкатининг ёпилиши билан ҳам боғлайди. Мамлакатдаги ёнилғи қуйиш шаҳобчаларининг аксариятига эгалик қилган ва аввалига “Зерокмакс” ширкатига қарашли бўлган “ЎзГазОйл” ширкатининг ёнилғи қуйиш шаҳобчалари май ойида иккинчи бор ёпилган, бунинг ортидан аввалига Тошкент шаҳри кейин эса республиканинг кўпгина вилоятларида бензин қаҳатлашиб кетган эди.

Айни кунларда давлат ҳисобига ўтказилгани айтилаётган “ЎзГазОйл”нинг Тошкент шаҳридаги бир неча йирик шаҳобчаларигина қисман ишламоқда, холос. Республиканинг бошқа вилоятларида эса ҳануз ёпиқлигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG