Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:56

Мирзакматов Ўшнинг "юраги" - Марказий бозорни бошқа жойга кўчирмоқчи


Мирзақматов Ўш "юраги" бўлган ва қонли воқеалар пайтида жароҳатланган бозорни энди бошқа жойга кўчирмоқчи.
Мирзақматов Ўш "юраги" бўлган ва қонли воқеалар пайтида жароҳатланган бозорни энди бошқа жойга кўчирмоқчи.

Ўш шаҳри Марказий бозорини бошқа жойга кўчириш режаси шаҳар мэри Мэлис Мирзакматовнинг маҳаллий ўзбеклар манфаатларига яна бир зарба беришга уринишидир. Бу фикрни шу кунда Ўшда кўпчиликдан эшитиш мумкин. Бозордаги савдо расталарию дўконларнинг тахминан 70-80 фоизи ўзбеклар мулкидир.


26 июл куни кеч соат 6 га яқин Карвон сарой рўпарасидаги бинога ўт кетди. Бино бир неча соат ичида куйиб кул бўлди.

Ўшликлар ҳануз “Баҳор” чойхонаси, деб атайдиган, Сталин даврида қурилган бақувват бино кейинги йилларда хўжалик моллари магазинига айлантирилган, соҳиби Усмон ҳожи эди.

Марказий бозорнинг собиқ бозорқўми Усмон ҳожи “Баҳор” чойхонасини 90-йиллар бошларида хусусийлаштириб олганди.

Бугун Усмон ҳожининг телефонини изладик. Таниганлар Ҳожининг бошқа кўплаб ўшлик ўзбеклар сингари шу кунда Қирғизистонда эмаслигини айтишди.

Усмон ҳожининг магазини Марказий бозорда аввал талон-тарож қилиниб, сўнгра ёндирилган иморатлардан биридир.

Марказий бозордаги мулкидан ажраган мана бу йигит ҳам шу кунда жон сақлаш мақсадида Қирғизистондан қочиб чиққан.

- Йўлнинг бу бетида Оқбура дарëсининг олдида узун дўконлар бўларди. Шу ерда менинг иккита дўконим бор эди. Мен деганим бу менинг оилам. Оилавий ака-укалар иш қилардик. Шу ерда иккита дўконни 10 минг доллардан олганмиз. Битта дўконнинг ичида ëғ маҳсулотлари сотардик. Битта нарса қўймаган. Ҳаммасини ëқиб юборишган¸ куйдириб юборишган¸ олиб чиқиб кетишган. Машиналарга юклаб-юклаб Олой томонга олиб кетганини кўрган одамлар бор экан¸- дейди Марказий бопзордаги мулкидан ажраган йигит.

11, 12, 13 июн кунлари бўлиб ўтган талон-тарож ва ўт қўйишлардан сўнг шаҳар мэрияси Марказий бозорни 20 августгача ёпиб қўйган, бу чорани ҳокимлик бозорда тозалаш ишлари ўтказиш зарурати билан изоҳлаганди.

29 июн куни эса, Ўш шаҳар мэри Мэлис Мирзакматов Марказий бозорни бошқа жойга кўчиришни режалаштираётгани тўғрисида баёнот берди.

Бозор Марказий Осиёда ҳар бир шаҳарнинг юрагидир. Ўш бозори эса, ўша “юрак”ларнинг энг қадимийси.

Ўшнинг ёшини 3000 йил, деб иддао қиладилар. Демак, бозорнинг ёши ҳам бундан кам эмас.

Ўшликларнинг айтишича, қадим-қадимдан Ўш бозорида ўзбеклар савдо қилган. Бинобарин, 90-йиллар бошида хусусийлаштириш бошланганида бозордаги объектлар унда ишлаганларга бўлиб берилган эди, дейди ўшлик Баҳодиржон Аҳмедов.

- Ўш бозори Облпотребсоюзга қарашли бўлган. 80 фоиз жой эгалари ўзбеклар. 20 фоизини мустақилликдан кейин баъзи бир қирғизлар сотиб олган. Ҳиссадорлик жамияти деймиз¸ шунга ўтиб олиб бозордаги ўз улушини бўлишиб олган¸ сотиб олган. Кам ҳисоблаганда 70 фоизи ўзбекларнинг шахсий мулки ҳисобланади. Шунинг ҳисобига бозорни ëпамиз деган нияти бор буларнинг¸ дейди Баҳодир Аҳмедов.

Суҳбатдошимизнинг ҳам Марказий бозорда чоғроқ дўкони бор эди.

- Бизнинг ҳам дўконимиз бор эди. Эшикларни бузишиб¸ ҳамма нарсани олиб чиқиб кетиб бўлишди. Бизники унча катта эмас. Ҳеч нарса қолдирмай ташиб чиқиб кетишибди. Бир-иккита магазинларимиз бор эди. Шуларни ҳам ëқишибди тинчлик кунида¸- дейди Баҳодир Аҳмедов.

Суҳбатдошимиз айтаётган “тинч кунларда ёқилган” магазинлардан бири тўғрисида лавҳамиз бошида айтдик.

Ўш дўппидай шаҳар. Шунинг учун ҳам Марказий бозордаги қайси объект кимники эканлигини кўпчилик билади.

- Кўприк Ҳикматулло аканики. Ундан кейин Даврон Собировнинг икки қаватли магазини келади. Ўнг тарафда Усмон ҳожининг магазини. Карвон сарой Тожиддин ҳожиники...

Ўшлик йигит тилга олаётган исмлару уларга тегишли мулкларни санашни шу ерда тўхтатдик ва сўрадик:

Озодлик: Марказий бозорнинг ҳудудию кўчмас мулки биноларининг тахминан қанча фоизи ўзбекларники?

- У ерда асосан 80 фоизга яқини ўзбекларникида¸ дейди ўшлик йигит.

Бу йигит ҳам бояги суҳбатдошимиз – Баҳодиржон Аҳмедов айтган рақамни айтди.

Ўш шаҳри мэри Мэлис Мирзакматов 29 июн куни Марказий бозор ёпилажаги, у шаҳарнинг Ғарбий микрорайонига кўчирилажаги тўғрисида баёнот берган эди.

Ўша куни мэр бозор ўрнида йўл ва кўприк қурмоқчи эканлиги тўғрисида айтган.

Бир неча кун олдин эса, Мирзақматов бозор юзасидан яна бир баёнот берди: Марказий бозорнинг Тўқимачилик комбинати ҳудудига кўчирилишини айтди.

- Тўқимачилик комбинати ҳудудида ўрни катта ерлар борда. Шу ерлардан биттасини бозор қилиши мумкин деган гап бўлдида¸ деб хабар қилди ўшликлардан бири.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, фожеадан бери ўтган икки ой ичида Марказий бозорни кўчириш учун шаҳар мэри таклиф қилган икки жой: Ғарбий микрорайон ҳам, Тўқимачилик комбинати ҳам миллатлараро муносабатлар ўта таранг бўлиб турган бир пайтда мутлақо қабул қилиб бўлмас таклифдир. Чунки бу районларда асосан қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қиладики, бу ҳолат вазиятни янада таранглаштириши мумкин холос.

Марказий бозор, уларнинг фикрича, аксинча, муносабатларни соғломлаштирадиган жойдир.

Бозорни кўчириш ғоясига бу ерда тирикчилик ўтказиб келган қирғиз савдогарлари ҳам қарши эканликларини билдирмоқдалар. Уларнинг бир гуруҳи 5 август куни шаҳар мэрияси биноси олдида норозилик акцияси ҳам ўтказди.

Бозордаги кичкина “точка”сида савдо қилиб уч фарзанд боқаётган, шу кунда бозор ёнидаги кўчада савдо қилаётган Айгул Базарбаева 12 август куни бундай деди:

- Йиққанимиз анчайин пулни тўполон кунлари еб битирдик. Бу ерда ўтирганларнинг кўпчилиги бўйнида қарзи бор, уни тўлашлари керак. Марказий бозор ўз ўрнида қолиши керак¸ дейди Айгул Базарбаева.

Умуман, бозорни кўчириш ғояси ўзининг миллатчи эканлиги тўғрисида баралла баёнот берган Мирзақматовнинггина ғоясидир, дейиш мумкин.

Чунки шаҳар мэриясида бундан икки йил олдин ҳам бундай ғоя йўқ эди. 2008нинг 18 апрелида ўша даврдаги бозорқўм Базарбай Сўлпиев Марказий бозор 1-1,5 йил ичида реконструкция қилинажаги тўғрисида баёнот берган эди.
XS
SM
MD
LG