Линклар

Пентагон "WikiLeaks"дан дарғазаб


АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистон бўйича махфий ҳужжатларни жамоатчиликка ошкор қилаётган WikiLeaks сайтини танқид қилди.

Афғонистондаги урушнинг шу вақтгача ошкор этилмаган тафсилотлари қайд этилган 70 мингга яқин расмий ҳужжатлар Wikileaks вебсаҳифаси томонидан омма эътиборига ҳавола этилди ва сайт яна 15 мингга яқин ҳужжатни эълон қилиш ниятида эканини билдирганди.

Пентагон вакили Жэфф Моррел сайт эгаларидан ҳужжатларни Интернетдан олиб ташлаш ва уларни ҳукуматга қайтаришни талаб этди.

Қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари WikiLeaks сайтидан халқаро кучлар билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларнинг ҳужжатларда келтирилган номларини яширишни сўраганлар. Ҳуқуқбон ташкилотларга кўра, номлари келтирилган бу афғонистонликлардан жанггарилар ўч олиши мумкин.

Wikileaks эълон қилган ҳамда Британиянинг “Гардиан”, АҚШда чиқадиган “Нью-Йорк Таймс” ва Германиянинг “Шпигел” нашрлари кўчириб босган ҳужжатлар “Афғон уруши кундалиги” деб номланади.

Афғонистондаги урушига оид 70 мингдан зиёд ҳисобот – махфий ҳужжатлар бўлиб, кимдир уларни Wikileaks веб-сайтига яширинча етказган. Wikileaks гуруҳи армия, хавфсизлик кучлари, ҳукумат идоралари ва бизнес ширкатларидаги манбалар яширинча етказиб берадиган маълумотларни ошкор қилиб келади.
XS
SM
MD
LG