Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:07

Ўзбекистонга туҳмат қилганликда айбланаётган журналист ЕХҲТга арз қилди


Владимир Березовский иши фотограф Умида Аҳмедова ишига ўхшайди, дейди журналистнинг адвокати.
Владимир Березовский иши фотограф Умида Аҳмедова ишига ўхшайди, дейди журналистнинг адвокати.

Ўзбекистонга қарши туҳмат ва ҳақоратда айбланаётган Россиянинг “Парламентская газета” нашри мухбири ва “Vesti.uz” интернет-нашри бош муҳаррири Владимир Березовский унга нисбатан қўйилаётган айбловлар туҳмат экани битилган мактубни ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонасига топширди.


Tуҳмат ва ҳақоратда айбланaëтган www.vesti.uz интернет нашри бош муҳаррири Владимир Березовский ЕХҲТга арз қилди.

Озодлик билан суҳбатда Березовский аризани ЕХҲТнинг Тошкентдаги идорасига 12 август куни ўзи элтиб топширганини айтди.

Мактубда тошкентлик муҳаррир ўзига қўйилган айбларни туҳмат ва уйдирма, дея атайди.

Березовский ўзбек aдлия тизимининг репрессив режим буюртмачисига айланганини таъкидлар экан, "Қандай қилиб www.vesti.uz даги Россия нашрларидан кўчириб босилган мақолалар туҳмат дея малакаланиши мумкин?"¸ деган риторик саволни қўяди.

ЕХҲТ мулозимлари мактубни ташкилотнинг Вена ва Варшавадаги қароргоҳига жўнатишган.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникация соҳасини мониторинг қилиш маркази www.vesti.uz сайтида чоп этилган 16 та хабарни Ўзбекистонга қарши туҳмат ва ўзбек халқини ҳақорат қилувчи, дея топган.

Ўзбекистон прокуратураси журналист устидан шу йил 6 апрел ойида жиноий иш қўзғатган ва тергов август ойи бошида якунига етгач, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 ва 140 моддаларига биноан айблов илгари сурилган.

13 август куни Тошкент шаҳри¸ Яккасарой тумани Жиноий ишлар бўйича суди журналист иштирокисиз маҳкама ўтказди.

- Мен бетобман. Эшигим олдида тез ëрдам машинаси турибди. Маҳкамага бора олмайман, - деди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда Россия Федерал кенгаши расмий нашри бўлган “Парламентская газета” нашрининг Марказий Осиё бўйича мухбири ва www.vesti.uz интернет нашри бош муҳаррири Владимир Березовский.

Журналистнинг маҳкамада иштирок қилган адвокати Сергей Майоровнинг Озодликка айтишича, 13 август куни бўлиб ўтган маҳкама ажрим чиқарган.

- Ажримда Березовскийнинг бетоблиги унинг судда иштирок қилишига монелик қиладими, ë йўқми деган масалани ечиш учун суд тиббий комиссияси ташкил қилиш кўрсатилган¸ - дейди Березовскийнинг адвокати Сергей Майоров.

Журналист устидан биринчи маҳкама Тошкент шаҳри¸ Яккасарой тумани Жиноий ишлар бўйича суди томонидан 10 август куни журналистнинг уйида ўтказилган.

Ҳакамлар журналистнинг бетоблигига қарамасдан унинг уйига бостириб кириб суд мажлисини ўтказганлар.

- Юқорига "буйруқни бажардик¸ журналистни суд қилдик", деб рапорт беришга шошишаяпти бу судялар¸ - дейди Березовский.

Березовский устидан ўтаëтган маҳкама йил бошида таниқли фотограф Умида Аҳмедова устидан ўтказилган маҳкамага икки томчи сув каби ўхшайди¸ - дейди адвокат Сергей Майоров.

- Айни сценарий¸ айни айблов. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникация соҳасини мониторинг қилиш маркази гуруҳининг хулосалари ҳам айни. Менимча¸ охири ҳам бир хил бўлса керак. Эсингизда бўлса¸ Умида Аҳмедова суд қилингач¸ амнистия қўлланиб жавобгарликдан озод қилинган эди¸ - дейди Березовскийнинг адвокати Сергей Майоров.

Соғлиги оғир аҳволда уйида қолган россиялик журналист ўзига нисбатан эълон қилинган айблов ва шошилинч равишда унинг уйида ўтказилган маҳкама жараёни тўлиқ сохта айбловларга асосланилган, деб ҳисоблайди ва бунинг ортида Ўзбекистондаги Россияга қарши кайфиятда бўлган сиёсий гуруҳларнинг қўли бор, дея тахмин қилади.

- Мен бу Россия ва Ўзбекистонни бир-бирига қарши қўйишга уриниш, деган тахминни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Чунки, ҳозирданоқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Россия Бош прокуратураси бу ишни кузатмоқда. Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Ҳозир эса иккинчи нота ҳозирланмоқда. Яъни, ҳозир бу масала давлат ва жамоат ташкилотлари диққат марказида турибди. Менимча, бундан мақсад, Россия билан Ўзбекистон алоқасини бузиш ва шу билан бирга маҳаллий нашрлар томонидан Россия нашрларидан хабар олишни буткул тўхтатиш бўлса керак,- дейди “Vesti.uz” интернет нашри бош муҳаррири Владимир Березовский.
XS
SM
MD
LG