Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:47

Обид Асомов рамкадан чиқди...


Uzbekistan - uzbek humorist Obid Asomov
Uzbekistan - uzbek humorist Obid Asomov

...ëки қийшиқ ойна ичидан жой олган сўз устаси. Олдинги гап юқоридаги сарлавҳанинг давоми. Бу узундан-узоқ сарлавҳа ҳам Обид Асомов каби торроқ рамкага сиғмагани учун, уни бўлишга, бошқача айтганда синдиришга тўғри келди. Лекин Обид Асомовни синдириш қийин, чунки у рамкасиз санъаткордир.


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист¸ сўз устаси Обид Асомовнинг Россия телевидениeсидаги чиқишлари рус томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинди.

Россиядаги мардикор муҳожирлар мавзусининг долзарблиги “Наша Раша” гуруҳи ҳозирлаган Равшан ва Жумшуд ҳажвияларининг томошаталаблигига сабаб қилиб кўрсатилади.

Равшан ва Жумшуд нафақага чиқаркан¸ русларнинг “муқаддас жой бўш турмайди” деган мақоли ижобат бўлди.

Бугун ўн мингларни ташкил қиладиган ўзбек меҳнат муҳожирлари Россия манзарасининг ажралмас қисмига айланди ва бу ҳолат Россия сатира ва юмор асарлари учун мавзу бўлар экан¸ Обид Асомов талантига эҳтиëж сезилди.


Обид Асомов Россия шоу дунëсида ўз ерини топди

Обид Асомов Россия томошабинлари учун кўчадаги ўзбек муҳожирининг умумлашма образига айланди.

Обид Асомовнинг Россия телевидениесида қилган чиқишларида Ўзбекистон воқелиги танқид қилинади. Масалан¸ Тошкентдаги уйлар бузилиши билан боғлиқ ҳолат Обид Асомов тилидан ўзига хос тарзда мутоиба қилинади.

Обид Асомовнинг DVD даги жавоблари

Ҳар ҳолда бу чиқишлар Ўзбекистон ичида турлича талқин қилингани боис Обид Асомов бир DVD диск чиқариб бу саволларга коса тагида ним коса қилиб жавоб берди. Бу жавоблар Россиянинг www.yandex.ru порталига ҳам қўйилиб, қисқа вақтда 7000 га яқин зиëратчи тарафидан кўрилди.

www.yandex.ru да намойиш қилинаëтган лавҳада Обид Асомов Ўзбекистонда очиқ матбуот йўқлиги боис ўзи тўғрисида тарқаган турли миш мишларни рад қилди.

Ҳазил тагидаги зилдай ҳақиқат

Кейинги пайтларда қўшни мамлакатларда урчиган ксенофобия ва миллатчилик боис ўзбекларнинг тазйиқларга дуч бўлаëтгани турли ҳисoботларда қайд қилинади. “Кривое зеркало” кўрсатувида Россиядаги ҳовлилардан бирида ўйнаб ўтирган болалар қиëфасида тоқатсизлик илдизлари сув ичган омиллар ҳажв қилинади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомовни қидириб унинг продюсерига тушдик. Продюсер www.yandex.ru да намойиш қилинаëтган лавҳа билан боғлиқ саволларимизга ойдинлик киритди.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Ассалому алайкум. Мен Озодлик радиосидан Абдулла Искандар бўламан.

- Озодлик радиосидан Абдулла Искандар?

Озодлик: Ҳа.

- Эшитаман ака.

Озодлик: www.yandex.ru да Обид Асомовнинг программаси чиқибди.

- www.yandex.ru дан фойдаланмайди Обид ака. Уни сайтга бошқа одамлар киргазиб юборади. Обид ака киргазмайди.

Озодлик: Бу диск бўлиб чиққан-а?

- Энди мухлислар эътиборига ҳавола қилинган. Санъаткор бўлгандан кейин қўшиғини беради¸ қизиқчи бўлгандан кейин ҳангомасини беради. Концертларнинг дисклари чиқади. Ўзбекистонимизда яхши йўлга қўйилган нарса бу. Кичик бизнес яхши йўлга қўйилган. Ҳеч кимнинг нимаси йўқ бунга. Бемалол диск чиқарилади. Дискни олиб¸ ўзининг сайтига тиқиб юборади. Ҳозир ҳамма очаяптию сайт.

Озодлик: www.yandex.ru бу Россиянинг катта портали.

- У портал билан ишимиз йўқ бизнинг. Мен бехабарман ундан ака.

Озодлик: Мана шунақа интернетларда чиқиш¸ мулоқотларга қандай қарайсиз?

- Ака¸ мен замондан орқароқдаман. Умуман интернетга кирмайман. Ҳаммаси яхши. Ватанимиз гуллаб яшнаяпти. Санъаткорларимиз ижод қилишаяпти. Мухлисларни хушнуд қилаяпмиз¸ дейди Обид Асомовнинг продюсери.


Рамкасиз санъаткор

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов 2006 йили “Халқ сўзи” газетасида рамкадан чиққан санъаткор сифатида танқид қилинди. Обид Асомов ўзининг интернетдаги нашрида бу мақолага жавоб сифатида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Йўлдош Охунбобоев билан боғлиқ ҳикояни келтиради.

Республика пахтакорлари қурултойи қатнашчиларига катта концерт берилиб (Навоий театрида) унда Республика ҳукуматининг ўша даврдаги раҳбарлари ҳам қатнашаётган эди. Юсуфжон қизиқ билан Охунжон қизиқ ҳар хил кинояли гаплар билан халқни кулдиряпти.

Номер тугагач, саҳна ортига ўтишса¸ режиссëр қовоғидан қор ёғиб – "...нима, бу сизларга чойхонами? Саҳна бу муқаддас! Неча марта айтиш керак, саҳнада рамкадан чиқманглар, деб?..."

Қизиқчиларнинг кайфияти тушиб кетди. Концерт дастурида уларни яна бир чиқишлари бор эди. Навбатлари келганда режиссëр яна бир қайтарди: “Бола-чақамиз бор, илтимос рамкадан чиқманглар!”

Парда очилганда Юсуфжон қизиқ ва Охунжон қизиқлар бўйинларига биттадан расм рамкасидан осиб олиб, каллаларини хам қилиб ўтирар эдилар. Сукунат анча давом этди. Халқнинг сабри тугаб, шовқин бошланди. Режиссëр саҳнага чиқиб, “Бу нима қилганларинг? 10 дақиқа бўлди. Нега жимсизлар?” деди. “Ахир ўртоқ режиссëр, рамкадаги одамдан қандай кулги чиқади?” дея жавоб беришди қизиқчилар.

Залда Ўтирган Йўлдош Охунбобоев ўрнидан туриб шундай деди: “Қизиқчиларнинг бўйнидаги рамкаларни олиб ташланг, улар берамка гапирмаса¸ халқ кулмайди!


Биродаримсан Бўрот

Қозоқ режиссëри Эркин Ракишев “Биродаримсан Бўрот” деб номланган филмни суратга олишга киришди.

Филм Саша Барон Коэн бош ролда суратга тушган “Бўрот” филмига жавобан суратга олинмоқда.

Аксилбўрот жанрда суратга олинаëтган бу филм Қозоғистон воқелигини ижобий тарзда кўрсатишни ўзига мақсад қилган.

Бўрот филмидан таъсирланиб, Қозоғистонга бориб буткул тескари манзарани кўрган америкалик йигит саргузаштлари киноасарга мавзу бўлди.

Ракишевнинг матбуотга айтишича¸ бу асар “Бўрот” филми орқали обрўйи тушган Қозоғистон қиëфасини чет элларда обрўли мавқега кўтаради.

Қозоғистон ҳақидаги шаклланган салбий стереотипларни чиппакка чиқаради.


Бўрот қозоққа биродар эмас

Қозоқкинога узоқ вақт раҳбарлик қилган таниқли режиссер Сергей Азимов эса Бўрот филмига қарши кино суратга олиш бўрот эффектини юзага чиқаради¸ яъни “ахлатга кесак отсанг¸ юзинггга сачрайди” қабилидаги иш бўлади¸ деган фирда собит.

- Нафақат Қозоғистон балки бутун турк дунëсига европача такаббур нуқтадан боқиб миллий руҳимизни камситган “Бўрот” филмини буткул унутиш керак. Унга парво қилмаслик лозим. “Бўрот” филмини суратга олганлар бу кино атрофидаги васваса боис муваффақиятга эришишди. Миллионлаб томошабинларга чипта сотишди. Агар биз бу қадар ҳассос бўлмасдан¸ бу филмга бепарво бўлсак¸ балки бу қадар ажиотаж бўлмас эди. Шу маънода мен ҳамкасбим Эркин Ракишевнинг аксилбўрот руҳидаги филмни тасмага тортишини маъқулламайман¸ дейди Қозоқкинога узоқ вақт раҳбарлик қилган таниқли режиссер Сергей Азимов.

Суҳбатдошимиз назарида “Бўрот” филми тезроқ унутилишга лойиқ ва Марказий Осиë халқлари учун ëт бўлган бир лента. Айни пайтда Марказий Осиë халқларида масхарабозлик¸ аския¸ тақлид деган анъаналар бор. “Бўрот” филми ҳам ана шу доирага яқин асар эмасми¸ деб савол берамиз суҳбатдошга.

- Мен масхарабозлик нима дегани¸ аския нима дегани¸ қолаверса шарқона пайров нима эканлигини яхши биламан. Ҳар ҳолда Ўзбекистонда туғилганман. “Бўрот” асари бизни мазах қилиш баробарида аниқ адрес билан ҳақоратлайди. Ҳақорат эса санъат асари бўла олмайди. Қозоқларда “Жиннига жинни десанг¸ арпа бўйи ўсади” деган мақол бор. Ҳозир Эркин укамиз Бўротга қарши филм тортса¸ яна унинг пилиги кўтарилади¸ дейди Қозоқкинога узоқ вақт раҳбарлик қилган таниқли режиссер Сергей Азимов.

Саша Барон Коэн бош ролда суратга тушган “Бўрот” филмида Қозоғистон қолоқ бир ўлка сифатида ҳажв қилинган эди.
XS
SM
MD
LG