Линклар

Лужков "ғазабланишга" имкон бермади


Москвалик фаоллар Лужков ҳукумати фаолиятидан норози.

Москвалик фаоллар Лужков ҳукумати фаолиятидан норози.

12 август куни Москвада қатор муҳолиф партия ва ҳаракатлари томонидан уюштирилган “Ғазаб куни” норозилик намойиши милиция томонидан куч билан тарқатиб юборилди. Москва ҳукумати томонидан рухсат этилмаган норозилик акциясининг ўнлаб иштирокчилари ҳибсга олинди.


12 август куни Россиянинг йирик муҳолифат ҳаракатлари томонидан “Шаҳарни ўзимизга қайтарамиз” муддатсиз норозилик кампанияси доирасида “Ғазаб куни” норозилик акциясини уюштирилди. Уни ўтказиш учун Москва мэрияси қаршисидаги майдон танлангани бежиз эмас, намойиш иштирокчилари шаҳар ҳукумати, хусусан, мэр Юрий Лужковнинг фаолиятига норозилик билдирди.

Кутилганидек, майдон атрофи милиция ходимлари, сув пуркайдиган ва ўт ўчириш машиналари билан ўраб олинди. Пойтахт расмийлари бу намойишни мэрия рўпарасида жойлашган Юрий Долгорукий ҳайкали олдида эмас, шаҳарнинг панароқ жойида ўтказишга рухсат берган эди. Лекин расмий партияларнинг барча тадбирлари айнан шу ҳайкал атрофида ўтказилиши ҳаммага маълум.

Жами норозилик намойишчилари сони 60-70 кишини ташкил этган бўлса, милиция ходимлари сони унда уч баробарга кўпроқ бўлди.

Дорогомилово шаҳарчасидан келган Наталья Белоева Москва ҳукуматнинг коммунал-хўжалик соҳасидаги ислоҳотларидан норози эканини айтади:

- Биз аслида ислоҳотларнинг ўзидан эмас, балки уларнинг бажарилишидан норозилигимизни билдирмоқдамиз. Бу ҳам коммунал тўловлар, ҳам қалбаки ижтимоий хўжалик тузилмаларнинг тузилиши, ҳам ноқонуний тўлов хужжатлари, экологияга муносабат ва ҳоказолардир. Химки ўрмонининг кесилиши, квартирага навбатлар, тарихий обидаларнинг бузилиши... Бу муаммоларнинг бирортаси ҳам ҳал этилмаяпти! Шаҳарни таниб бўлмас ҳолатга келтираётгани-чи?! Қолаверса, нима учун шаҳар ҳокимияти менинг ўз норозилигимни билдиришимга тўсқинлик қилмоқда?,- дея ўз норозилигини билдирди намойиш иштирокчиси Наталья Белоева.

Норозилик акцияси бошланиши биланоқ формадаги ва оддий кийимдаги милиция ходимлари акция раҳбарларини бирма-бир қўлга ола бошлади.

Улар қаторида “Сўл фронт” ҳаракати раҳбари Сергей Удальцов ва “Инсон ҳуқуқлари учун” умумроссия ҳаракати раҳбари Лев Пономаревлар бор.

Хавфсизлик ходимлари томонидан милиция бўлимига олиб кетилишидан бир неча дақиқа олдин берган интервьюсида “Сўл фронт” ҳаракати раҳбари Сергей Удальцов Лужков ҳукумати халқнинг ғазабини қўзғаётгани ва оммавий норозиликнинг авж олишига сабаб бўлаётганини таъкидлади:

- Норозиларни таъқиқлаб, тарқатиб, ҳибсга олиб, Москва ҳукумати акцияларимизни доимий ва изчил бўлишига замин яратмоқда. Июн ойида тарқатилган сўнгги намойишимиздан кейин бу акцияларни узвий давом эттиришга қарор қилдик. Эндиликда биз ҳар ойда мэрнинг истеъфога чиқишини ва шаҳар ҳокими лавозимини сайлов асосида тайинланиши талаби билан намойишлар уюштирамиз. Нормал сайловларда Москвада Лужковдан ташқари бошқа муносиб номзодлар ҳам чиқиб қолади,- деди мухолифат лидерларидан бири Удальцов.

“Сўл фронт” етакчилари милиция машиналарига юкланаётган пайтда “Инсон ҳуқуқлари учун” умумроссия ҳаракати раҳбари Лев Пономарев намойишчилар ичида пайдо бўлиши биланоқ, милиция ходимлари томонидан олиб кетилди. Кейинроқ, “Таганское” милиция бўлимида унинг аҳволи ёмонлашганлиги сабабли “Тез ёрдам” машинасида шифохонага олиб кетилди. Озодликнинг рус хизмати мухбири билан суҳбатда 68 ёшли таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси шифокорлалар унга “гипертоник криз” ташҳисини қўйишганини маълум қилди .

- Қизиғи, милиция машинаси “Тез ёрдамни” шифохона эшигигача кузатиб келди, менга ташҳис қўйилиб ётқизилмагунимча ёнимда орган ходими кутиб турди. Ҳозир соғлигим бирмунча яхши. Лекин бир неча кун шифохонада ётишимга тўғри келади,- деди милиция бўлимидан шифохонага келтирилган “Инсон ҳуқуқлари учун” умумроссия ҳаракати раҳбари Лев Пономарев.

Ҳуқуқ ҳимоячиси шаҳар милициясининг намойишни тарқатишда куч қўллагани юзасидан судга шикоят қилиш ниятида эканини айтишмоқда.

Намойиш давомида қўлга олинган 34 нафар муҳолифатчи ҳозирда қўйиб юборилган. Лекин муҳолифат раҳбарларидан Сергей Удальцов ва Константин Косякинларнинг қаерда эканлиги ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG