Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ифторлик ўтказишга чекловлар жорий қилинди

  • Садриддин Ашур

Рамазон ойида ифторликни ресторанда ўтказман деганларнинг нияти амалга ошмайдиган бўлди.

Рамазон ойида ифторликни ресторанда ўтказман деганларнинг нияти амалга ошмайдиган бўлди.

Ўзбекистон расмийлари ифторлик базмга айланиб кетмасин ва унинг Ислом дини энди пайдо бўлган даврлардагига ўхшатиб ўтказиш важидан бу маросимни ресторанларда ўтказишни тақилаган бўлса, уйида ифторлик қиламан деганларга ҳам муайян чекловларнинг жорий қилинганидан оддий мусулмонларнинг ҳафсаласи пир бўлмоқда.


Рамазон ойида Тошкентдаги кафе-ресторан ва тўйхоналарга ифторлик ўтказиш учун буюртма берган одамлар пулларини қайтариб олмоқда.

Тошкентдаги номдор бир ресторанга оддий буюртмачи сифатида қўнғироқ қилиб бунинг тасдиғини олдик:

Озодлик: Мен бир нарсани сўрамоқчиман. Сизларда ифторликка буюртма берса бўладими?

- Ифторликлар қилаëтган эдик ака. Лекин ҳозир тақиқлаб қўйишдику ифторликни.

Озодлик: Нега тақиқлаб қўйишди?

- Рухсат йўқ бу йил ифторликларга. Шунинг учун олинган ифторликларнинг авансини ҳам қайтариб бердик. Ўтказмадик. Ҳозир запрет қилиб қўйишди. Муфтиймизнинг фатвоси чиққан бу бўйича. Ўтган йил ифторликлар бўлган эди. Бу йил шунақа. Ҳамма жойда шунақа бўлди. Бошқа йиғинлар бўлса бемалол. Лекин ифторлик эмас, - деди Тошкентдаги номдор ресторанлардан бирининг хизматчиси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурнинг Озодликка айтишича, бу ҳақдаги қарор рамазон ойи арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент шаҳар имом-хатиблик идораси, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва ички ишлар идоралари вакиллари иштирок этган йиғилишда қабул қилинди деёди. Шайх Абдулазиз Мансурга кўра, бундай қарорни қабул қилишдан мақсад тобора дабдаба тусини олаётган ифторликларда исрофгарчиликка барҳам бериш ва бу диний маросимни ўз маромига қайтаришдир:

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Кейинги йилларда ҳатто мана шу ифторликларни ҳам тўйхоналарда шодиëна¸ катта йиғинлар қилиб ўтказадиган бўлиб қолишди. Аслида қарайдиган бўлсак¸ ифторлик ўзи Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида рўза тутишга қийналган¸ ифторликка ëки саҳарликка насра топа олмайдиган кишиларга ифторлик беришдан бошланган.

Шунинг учун “Ифторликни ҳам тўйхоналарда қиладими?” деб, кўп одамларга эриш туюлди. Ҳатто баъзи¸ ўтган йилларда кузатилди¸ ифторлик ўтказилган тўйхоналарда санъаткорлар қўшиқ айтишиб¸ шунақа шодиëнога айланиб кетди. Ваҳоланки¸ ифторлик бу диний маросим ҳисобланади. Камтарона¸ ихчам ўтиши керак. Мана шуларни ҳисобга олиб¸ Рамазон ойининг кириши олдидан бу йилдан бошлаб “Ифторлик маросими тўйхоналарда¸ кафеларда ўтказилмайди. Фақат хонадонларда ўтказилади” деган қарор қабул қилинди,- дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур.

Тошкентлик Абдумўмин Холжўраевнинг айтишича, бу ўз вақтида тўғри қабул қилинган қарордир. Ифторлик ном чиқариш ёки манманлик учун эмас, балки чин кўнгилдан қилинган хайрдир,- дейди суҳбатдош:

- Бугун масжида ҳам шу тўғрида гап бўлди. “Ифторликни уйда қилган маъқул. Савоби катта бўлади. ўша хонадондан ўтганлар бор¸ маҳалладан ўтганлар бор. Савоби кўпроқ тегади”, деган маънода гапирилди. Менинг шахсий фикримча¸ квартирада турганлар ифторга кўп одам чақирмайди. 10 та бўлар¸ 15 та бўлар. Боринг 50 та бўлганда ҳам квартирада турганда ўтказса бўлади. Ресторанларда қиладиган бўлса¸ шахсан менинг фикрим бўйича¸ кўпроқ пулдорлар манманлик учун ëки бўлмаса ўша ерда қилинадиган меҳнатдан қочиб қилиши мумкин. Боради¸ ейди¸ туриб кетади. Менинг фикрим шу, - дейди тошкентлик Абдумўмин ака.

Гарчи бу қарор Тошкент шаҳри учун қабул қилинган бўлсада, вилоят мараказларига ҳам оғзаки буйруқ берилган кўринади. Бухородаги ресторанлардан бирининг ўз исмини ошкор этишни истамаган директори ҳам ифторликлар ўтказилишига тақиқ қўйилганини айтади:

- Йўқ, йўқ, ҳеч иложиси йўқ. Ҳозир қилинмаяпти бизларда, - дейди Бухородаги ресторанлардан бирининг директори.

Ўз исмини ошкор этмаслик шарти билан гапирган фарғоналиклардан бири ифторликларнинг тўйхона ва ресторанларда ўтказилиши таъқиқлангандан ташқари, хонадонларда хатми Қуръон маросимларини ўтказишга ҳам чек қўйилди:

- Бизларда “Ифторлик хонадонларда камроқ бўлсин. Хатмлар бўлмасин. Ҳамма хатмлар масжидларда бўлсин”, деган буйруқ бўлибди. Ҳамма масжидларга 27 кунлик хатм қилинглар дебди. Ифтор қилиб¸ кўп одамлар “Уйимда Қуръон ўқилсин, уйим тозалансин”, деб хатм ҳам ўқитадида. Шунақаларни тўхтатишибди. 800 минг сўм жарима дейишаяпти. Мен ҳар йили хатм қиламанда. Ҳар йили уйда хатм қиламиз. 30 пора Қуръонни уч кунда хатм қиламиз 10 порадан. Бу йил қорилар “Хатм қилмаймиз. Агар ўқиганимизни билса¸ бизга ҳам жазо беради”, деб унамади. Кечаги кун сўраган эдим мен. “7 сентябрга рўйхатларингда борми?” десам¸ “Йўқ¸ биз бу йил хатмда юрмаймиз. Устозимиз рухсат бермадилар. Рухсат йўқ экан” дейишди, - дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Унга кўра, бундан ташқари рамазон ойи бошланиши билан баъзи кафе ва ошхоналар буфетларини ёпиб, спиртли ичимлик сотмай қўйган эдилар. Бироқ расмийлар бу ошхоналарга спиртли ичимликлар сотишни мажбурий қилиб қўймоқдалар:

- Бор. Ошхонани очсанг¸ ароқларни сотасан деяпти. Рамазондан олдин ошхоналар бузилиб кетиб, 30-40 ошхонадан битта-иккитаси қолди. Кирсангиз¸ буфетда бурчакда ароқлар қўйиб қўйган. Олишаяпти оладиганлар. Ҳукуматнинг сиëсатида энди бу. “Ароқ ичиб¸ маст бўлиб¸ ҳеч нарсага аралашмасин, иймондан узоқлашиб кетсин”, деяпти, - дейди ўз исмини ошкор қилмаган фарғоналик.

Унга кўра, исломий анъаналарга бундай чек қўйишлар, одамларда ҳукуматга бўлган норозиликни кучайтиради:

- Кафеларда¸ тўйхоналарда ифторлик берилмасин дегани жуда ҳам нотўғри нарсада. Бир одам ният қилиб қўйиб¸ эҳсонини ëки закотини шунақа қилиб бериб юбориб¸ “Рўза тутганлардан савоб оламан. Оллоҳдан умид қиламан. Катта жамоатга ифтор бераман” деса¸ бера олмайдида. Уйида беради. Уйда ҳам катта қилишга рухсат йўқ дейишаяпти. Эҳсон бўлгандан кейин кўпроқ одамларга эҳсон қилгиси келадида ифторда. Нотўғрида бу нарса. Исломни бўғиш¸ исломга душманлар тепада тўпланиб қолган, - дейди ўз исмини ошкор этилмаслигини сўраган фарғоналик бу одам.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG