Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:26

Уйи куйган ўшликлар яшаб келган жойларига қайдга қўйилмаяпти


Уйи куйгани етмагандай, ўшлик ўзбекларни энди паспорт столлари ҳам "куйдирмоқда"
Уйи куйгани етмагандай, ўшлик ўзбекларни энди паспорт столлари ҳам "куйдирмоқда"

Озодликнинг бу ҳақдаги саволига жавоб берган Ўш шаҳар паспорт бўлими бошлиғи прописка масаласида ҳеч қандай чеклов йўқлиги, фақат Ўш шаҳар мэрининг уйи куйганларни вақтинча қайдга олмаслик тўғрисида қарори борлигини айтди. Лекин асосий муаммо Ўш мэри чиқарган қарор мантиғини расмийларнинг ўзлари тушуна олмаётганида экани маълум бўлди.


"Паспорт бўлими бизни ўз уйимизга прописка қилишдан бош тортди, натижада Ўш яқинидаги Наримон қишлоғига бориб пропискадан ўтишга мажбур бўлдик". Бундай шикоят билан Озодлик радиосига Ўшнинг Бешкўприк маҳалласида яшайдиган бир неча аёл мурожаат қилди.

Шикоят қилганлардан бири бешкўприклик Гулчеҳрахон бундай ҳикоя қилди.

- Бизнинг уйлар куйди. Паспортларимиз ҳам¸ домовойларимиз ҳам куйди. Кейин паспортларимизни бошқатдан тикладик. Адресимни берган эдим¸ ҳақиқатан шу жойда яшаган деб справка берди. Госрегистрдан домовойни олиб ХБК га туришимиз керак эди учëтга. (ХБК – Ўшдаги Тўқимачилик комбинати, Бешкўприк аҳолисига комбинатолди шаҳарчасидаги паспорт бўлими хизмат кўрсатади) ХБКга борсак¸ “Сизларни учëтга қўя олмаймиз” деди. Мана ҳозирги вақтда ҳам қўймаяпти. Нафақат мени бошқаларни ҳам қўймаяпти. Приказ йўқ экан. Нимага деганда уйи куйганларга ҳали приказ чиқмапти учëтга қўйишга. Мен мажбур бўлдимки¸ боламга¸ менинг қайноталарим Наримонда яшайдида¸ ўша ердан паспорт олиб валакитаси кўп экан¸ ўша ëққа учëтга қўйиб бугун соат 7 да самолëтда учираяпман боламни¸- дейди бешкўприклик Гулчеҳрахон.

Шу маҳаллада яшайдиган Танзила опа ҳам ўғлини ўзининг Бешкўприкдаги уйига прописка қилдиролмади.

- Уруш бўлмасидан олдин 16 га кирмаган боламнинг документини ташлаб қўйганман. Урушдан кейин документ чиқиб қолди. Янги паспорт келдида. Олиб борсам¸ “Сенларнинг уйинг куйиб кетган бўлса¸ қаерга қўйилади? У жойга қўйилмайди” деди. “Бўпти¸ қўймасанг қўйма” деб Россияга жўнатиб юбордим 16 га кирган боламни.

Озодлик: Сизга ўша жавобни ким айтди?

- ХБК да конечний остановкада паспорт стол бор. У ерда милицияхона бор¸ милицияхонанинг ичида паспорт стол бор¸ дейди Танзила опа.

Гулчеҳрахон ва Танзила опаларнинг айтишича, Ўшнинг Бешкўприк маҳалласида ўзининг ёндирилган уйига прописка бўлолмаётганлар жуда кўп.

Шуниси қизиқки, шаҳарнинг 11, 12, 13 июн кунлари ўт қўйилган бошқа маҳаллаларида, хусусан, Черёмушкида бундай муаммо йўқ. Ҳар ҳолда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев шундай деди.

Унинг айтишича, Черёмушки аҳолисига Западний микрорайонидаги паспорт бўлими хизмат кўрсатади.

- Западний микрорайондаги паспорт столда бунақа муаммолар йўқ. Уйи куйганлар янги паспортни тиклаб¸ керакли справкаларни олиб, домовой книгасини олиб туриб паспорт столига бораяпти. У ерда печат бостириб келишаяпти. Чеклов йўқ¸- дейди Иззатулло Раҳматуллаев.

Битта шаҳарда ҳар хил тартиб жорий қилингани сабабини билмоқчи бўлиб Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг паспорт бўлимига қўнғироқ қилдик.

Бўлимнинг ўзини таништирмаган ходимидан уйи куйган ўшликлар паспортларини расмийлаштириш юзасидан қандайдир махсус ҳужжат борми, деб сўрадик.

Ходим бу масаладан хабари йўқлигини билдидиришдан нарига ўтолмади.

ХБКдаги паспорт бўлими билан боғланиб бўлмади: бўлимнинг шаҳар телефони йўқ экан.

Ўш шаҳар паспорт бўлими бошлиғи Мавлянбек Сабировнинг айтишича, прописка масаласида ҳеч қандай чеклов йўқ.

- ХБК паспорт бўлими бошлиғи шу кунда меҳнат таътилида. Сизга мурожаат қилганларга айтинг, марказий паспорт бўлимига келишсин. Агар ҳужжатлари жойида бўлса, уларни прописка қиламиз,- деди Мавлянбек Сабиров.

Наҳотки, масала ечими шу қадар осон?!

Таажжубимизни жаноб Сабировга ҳам билдирдик. Унда нима учун паспорт бўлимидагилар қандайдир махсус фармойишни рўкач қилишаяпти?

Худди шу саволимиздан кейин Мавлянбек Сабировнинг бир ҳужжат борлиги эсига тушди.

- Шаҳар мэриясининг жабр кўрган жойларда пропискани вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори бор,- деди у.

6 июл куни чиққани маълум бўлди қарорнинг. Унинг талаби будир: ёндирилган маҳаллалардаги уйлар қайта тикланиши олдидан “ҳақдорлар” кўпайиб кетишининг олдини олиш учун бу маҳаллаларга бошқа фуқаролар кўчиб келишининг олдини олиш.

Лекин, лавҳамиз бошида овозларини эшитганингиз Гулчеҳрахон ва Танзилахон опаларнинг ўғиллари бошқа жойдан кўчиб келгани йўқ, уларнинг туғилиб ўсган уйларига прописка бўлишга ҳақлари бор эди.

Буни Ўш шаҳар паспорт бўлими бошлиғи Мавлянбек Сабиров ҳам тан олди.

Афтидан, бешкўприкликларни қийнаётган муаммо 6 июл кунги қарорда эмас, балки яна миллатлараро муносабатларнинг таранглигида бўлиб қолмоқда.

Амал курсиларида фақат бир миллат вакиллари, бошқа миллат вакиллари эса, уларнинг қош-қовоғига қараб қолган бир шароитда бундай муаммоларни ҳал қилиш учун мустаҳкам асаб, чуқур ҳуқуқий билим керак бўлади.

Кўпчиликда эса, табиийки, ана ўша ҳуқуқий билим етарли эмас.

Шунинг учун ҳам фожеадан сўнг БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги Ўш ва Жалолободда Халқаро ҳимоя кўмак маркази очган эди.

Бугунги масала юзасидан шу марказ билан ҳам боғландик.

Марказ вакили Ойгул Матиева прописка масаласида шу кунгача бирон бир ўшлик мурожаат қилмаганини, лекин зарурат бўлса, ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди ва “телефонларимизни тингловчиларингизга билдириб қўйсангиз”, деб илтимос қилди.

Мана марказнинг телефонлари: Ўшда: 0555 509944 ёки 0555 519944; Жалолободда 0555 529944.
XS
SM
MD
LG