Линклар

logo-print

Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева 12 август куни мамлакатнинг собиқ биринчи президенти Асқар Ақаевнинг дахлсизлик мақомини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекди. Асқар Ақаев ўз ўрнида Ўтунбаева имзолаган декретни ноқонуний эканини айтди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров ташаббуси билан қабул қилингани айтилаётган бу хужжатга биноан, Қирғизистон Бош прокуратураси Ақаевни жавобгарликка тортиш ва Россиядан Қирғизистонга экстрадиция қилишга оид зарурий чораларни кўрмоғи лозим.

Мазкур декретнинг қабул қилинишига Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаевга нисбатан бир қатор жиноий ишлар очилгани сабаб бўлган. Ҳозирда Москвада истиқомат қилаётган Ақаев ўз халқи ва мамлакатига қарши қаратилган ҳатти-ҳаракатларда айбланмоқда.

Хужжатда айтилишича, “Асқар Ақаевнинг кўпсонли чиқишлари ифодаланган провокация харакатерига эга бўлиб, мамлакатда вазиятнинг янада ёмонлашишига ҳамда “учинчи кучларнинг” бузғунчилик ҳаракатларни бошлашига чақириқдир”.

Бу айбловларга жавобан, Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев Озодлик Радиосига даҳлсизлик мақомининг бекор қилиниши ҳақидаги декретни мутлақо ноқонуний деб эълон қилди:

- Биринчидан, собиқ президентга нисбатан ҳар қандай амаллар Қирғизистон халқи томонидан куни кеча қабул қилинган янги Конституцияга биноан фақат мамлакат парламенти томонидан қабул қилиниши мумкин. Фақат парламент бундай ваколатга эга. Бугунда Қирғизистонда парламент йўқ. Муваққат ҳукумат амалдаги парламентни тарқатиб юборди, янгиси эса 2010 йилнинг октябрида сайланади. Шу сабабли экс-президент Ақаевга нисбатан ҳеч ким айбловларни эълон қилган эмас ва давлатда бу айбловларни текшириб чиқувчи парламентнинг ўзи йўқ. Бу ҳужжат ноқонуний, - деди Асқар Ақаев.

Қирғизистоннинг собиқ президентига кўра, Муваққат ҳукуматнинг ўзи ноқонуний бўлганлиги сабабли, у қабул қилган қарорлар ҳам қонуний кучга эга эмас:

-Иккинчидан, бу ҳужжат аслида амалда мавжуд бўлиши мумкин эмас муваққат ҳукумат аъзоси томонидан қабул қилинган, чунки янги Конституция кучга кириши биланоқ Муваққат ҳукумат амалда расмий ваколатлардан четлаштирилди. Бу ҳукумат ҳақида янги Конституцияда бир оғиз сўз айтилмаган. Яъни Муваққат ҳукуматнинг ўзи аксилконституциявийдир! - деди Озодлик билан суҳбатда Қирғизистон Муваққат ҳукумати томонидан Россиядан экстрадиция қилиниши сўралаётган Асқар Ақаев.

Эслатиб ўтиш жойизки, май ойининг бошларида Қирғизистоннинг иккинчи президенти Қурмонбек Бакиев ҳам мамлакат жанубидаги оммавий қирғинларни уюштирганликда айбланиб даҳлсизликдан мосуво қилинган эди.

Қирғизистон ҳукумати матбуот котиби тарқатган хабарда айтилишича, Асқар Ақаев тинч аҳолига нисбатан қурол қўлланганликда, қирғиз ерларининг Хитой ва Қозоғистонга бериб юборганликда ҳамда “давлат ҳокимияти узурпацияси ва миллий бойликларнинг талон-тарожида” айбланмоқда.

Москвадаги Жамоатчилик ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази директори Аждар Куртов фикрича, Ақаевни даҳлсизликдан маҳрум этиш Муваққат ҳукуматнинг аниқ сиёсий тусга эга намойишкорона қадамидир:

- Инқилоблар давомида инқилобчилар одатда аҳолининг улардан кутилаётган орзу-истакларини қондира олмаганликлари, ижтимоий-иқтисодий вазиятни бошқара олмаганликлари сабабли, шунчаки олдинги ҳокимият вакилларининг кесилган каллаларини намойиш қилади, - дейди Аждар Куртов.

Айни пайтда, таҳлилчи Аждар Куртов декретдаги айрим даъволар жиноий иш очилишига жиддий асос бўла олиши мумкинлигин таъкидлайди:

- Жумладан, Қумтор олтин кони масаласида... Бу йирик кон 90-чи йиллар бошида Ақаев бошқараётган ҳукумат томонидан канадалик фирмаларидан бирига ижарага берилган. Дарҳақиқат, бу шартномага кўра, Қирғизистон сезиларли миқдорда молиявий зарар кўрди. Шунингдек, Асқар Ақаевнинг қариндош-уруғлари билан боғлиқ бир қатор масалалар унга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига асос бўлиши мумкин, - деди Жамоатчилик ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази директори Аждар Куртов.

Лекин собиқ биринчи президенти Асқар Ақаевнинг дахлсизлик мақомини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатнинг имзоланиши Муваққат ҳукуматининг айрим аъзолари қаршилигига учради. Муваққат ҳукуматнинг 9 аъзоси имзо чеккан мазкур ҳужжатга, ҳукуматнинг қолган аъзолари - Темир Сариев, Элмира Ибраимова ва Абдиғаны Эркебаевлар қарши чиқди.

Асқар Ақаев 1990 йилда Қирғизистон президенти этиб сайланган. 2005 йилда мухолифат кучлари томонидан ҳокимиятдан ағдарилган.
Ҳозирда М.Ломоносов номли Москва давлат университетида маъруза ўқийди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG