Линклар

Бан Ки Мун Покистонга борди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун бугун Покистоннинг кучли сув тошқинларидан жиддий зарар кўрган минтақаларига сафар қилади.

Бу ерда БМТ Бош котиби табиий офат оқибатларини бартараф этиш ҳамда маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатиш ишлари билан яқиндан танишади.

Бан Ки Мун ўз сафари давомида Покистон ҳукумати етакчилари билан ҳам учрашиб, музокаралар олиб боришни режалаштирган.

Покистон бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний сув тошқинларидан мамлакат аҳолисининг қарийб 20 фоизи жиддий зарар кўргани ва бу Покистон тарихида энг мудҳиш гуманитар бўҳронга олиб келганини таъкидлади.

- Ушбу табиий офат мамлакатимизга катта вайронагарчилик олиб келди. Тахминан 20 миллион киши ундан зарар кўрди. Ҳукумат томонидан кўрсатилаётган ёрдамга қарамай, фикримча, бу уринишларимиз етарлича эмас, деди Покистон бош вазири.

Шанба куни Покистон ҳукумати мамлакат мустақиллигига бағишлаб ўтказилиши режаланган барча байрам тадбирларини бекор қилди.

Шунингдек, БМТ табиий офат оқибатлари бартараф этилаётган бир пайтда маҳаллий аҳоли орасида вабога чалиниш ҳолати аниқланганини эълон қилди.

Айни пайтда расмийлар мамлакатнинг сув тошқинлари рўй берган бошқа ҳудудларида ҳам юқумли касалликлар авж олиш хавфи юқори эканлигини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG