Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:11

Тожикистонда партия масжиди атрофидаги баҳс авж олаяпти


Тожикистон Ислом уйғониш партияси қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда мамлакат Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Абдураҳим Холиқов исломий партия офиси қошида ташкил этилган масжид жамоат намозлари учун ёпилиши зарурлигини таъкидлади.
Тожикистон Ислом уйғониш партияси қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда мамлакат Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Абдураҳим Холиқов исломий партия офиси қошида ташкил этилган масжид жамоат намозлари учун ёпилиши зарурлигини таъкидлади.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси қароргоҳи қошида очилмиш масжид атрофида ҳукумат расмийлари ва партия масъул кишилари ўртасида баҳс тобора кескинлашмоқда.

Тожикистондаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдураҳим Холиқов Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий билан мазкур партия қароргоҳидаги учрашувида ўз идораси исломийларнинг намоз ўқишига тўсқинлик қилиш нияти йўқлигини, бироқ бу партия қароргоҳида жамоат намозлари ўқилишини тўхтатишга оид қарори қатъийлигини билдирди.

У Тожикистон Ислом уйғониш партияси аъзолари ва тарафдорлари эркин ибодат қилишга ҳақлилигини таъкидлади.

- Аммо партия биносида эмас, балки давлат қайдидан ўтган масжидларда ибодат қилишсин. Тожикистонда масжидлар жуда кўп. Агар зарурат бўлса, яна масжид ташкил қиламиз. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Шунинг учун партия аъзолари ва тарафдорлари ҳам бошқа фуқароларимиз сингари бошқа масжидларда тоат-ибодат қилишлари мумкин. Бизнинг мақсадимиз сизлар билан учрашиб, келишиб олиш эди, деди ҳукумат расмийси Абдураҳим Холиқов Ислом уйғониш партиясида бўлиб ўтган учрашувда сўзларкан.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, Ислом уйғониш партияси раис ўринбосарлари ва Ислом маркази кенгаши масъул кишилари қатнашган бу учрашувда Дин қўмитаси раиси ва Ислом уйғониш партияси раҳбари бир-бирига хайрихоҳ экани ва муаммо шу ернинг ўзида ижобий ҳал бўлиши мумкинлигини намойиш қилишга уринсалар-да, суҳбатдан бир неча дақиқа ўтиб, масала улар ўйлаганчалик осон ҳал бўладиган эмаслиги маълум бўлди.

- Иншаоллоҳ, умид қиламанки, иш Тожикистон фуқароларга намозни таъқиқлаган илк давлат бўлиб қолишигача етиб бормайди. Бу ишни толиблар аёллар учун қилган эди, деди Муҳиддин Кабирий.

- Илтимос, масалага нотўғри изоҳ берманг. Биз сизларга намозни таъқиқламоқчи эмасмиз. Ўқийверинг намозингизни. Аммо қонун чеклаган жойда эмас, деди Кабирийга жавобан Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси раиси Холиқов.

Бир неча дақиқа чўзилган баҳсдан сўнг Холиқов ўз идорасининг Ислом уйғониш партияси қароргоҳида жамоат бўлиб намоз ўқишларини таъқиқлашга оид қарори ўз кучида қолишини эълон қилди.

Дин ишлари қўмитаси расмийси Ислом партияси қароргоҳидаги масжид ноқонунийлигини яна такрорлаб, бу масжидда жамоат бўлиб намоз ўқиш Тожикистоннинг “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига хилоф эканини таъкидлади.

У дин давлат ва сиёсатдан ажратилганини таъкидлаб, сиёсий партия саналмиш Ислом уйғониш партияси ўз қароргоҳида ибодатхона ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтди.

Ўз навбатида, бу айтилганлар учрашувда бевосита қатнашаётган исломийларни асабийлаштирди.

Ислом партияси аъзолари Тожикистонда 1997 йили ўрнатилган тинчликка ўз улушини қўшганини айтар эканлар, шу кунга қадар ўзларига нисбатан ўтказилаётган турли хил босимларга ҳам айнан шу тинчлик ҳурмати чидаб келганларини таъкидладилар.

- Давлат ва хусусан, Дин қўмитаси масъуллари бизнинг бардошлилигимизни суиистеъмол қилмаслиги лозим, деди улардан бири.

Шу тариқа ҳукумат расмийлари ва исломийлар ўртасидаги баҳс кескинлашаётгани кузатилади.

Мухолиф партия раиси Муҳиддин Кабирий жамиятдаги сиёсий вазиятни таранглаштирмаслик мақсадида ўз партияси қароргоҳидаги масжид Рамазон ойи сўнгига қадар фаолият юритиб туришини таклиф қилди. Дин қўмитаси раиси Холиқов унинг таклифини рад қилмади.
XS
SM
MD
LG