Линклар

Сутягин: Мен жосус эмасман


Россиялик физик Игор Сутягин Озодлик билан суҳбатда жосуслик бўйича ўзига нисбатан қўйилган айбловлар мутлақо асоссизлигини таъкидлади.

Россиялик физик Игор Сутягин Озодлик билан суҳбатда жосуслик бўйича ўзига нисбатан қўйилган айбловлар мутлақо асоссизлигини таъкидлади.

Яқинда АҚШ ва Россия ўртасида амалга оширилган ўзаро жосусларни алмаштириш жараёнидан сўнг озод этилган россиялик собиқ физик олим Игор Сутягин Озодлик радиосига берган эксклюзив интервюси чоғида ҳеч қачон жосус бўлмаганини таъкидлади.

Ўтган ой Россия қамоғидан озод қилиниб, Буюк Британияга келтирилган физик олим Игор Сутягин ҳеч қачон Ғарб фойдасига жосуслик қилмаганини таъкидлар экан, ўз ватани Россияга қайтиш истагида эканини маълум қилди.

Озодлик радиосига эксклюзив интервю берган олим ўз айбига иқрор бўлгани учун эмас, балки бошқа шахсларнинг озод қилиниши унинг қарорига боғлиқ бўлгани учун ҳам Россия раҳбариятидан кечирим сўраганини айтади.

Маълумки, яқинда АҚШ ҳукумати Россия фойдасига жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинган 10 нафар шахсни Россияда Ғарб фойдасига жосуслик айби билан қамалган 4 маҳбусга алмаштирган эди. Россия томонидан озод қилинган шахслар орасида физик олим Игор Сутягин ҳам бор эди.

Озодлик муҳбирининг: “Сиз жосус бўлганмисиз?” деган саволига Сутягин ҳеч иккиланмасдан “йўқ” дея жавоб қайтарди.

- Мен ҳеч қачон жосус бўлмаганман. Чунки, фикримча, мен биринчи ўринда ўз ватаним учун ишлаганман ва ўз ватаним ҳақида ўйлаганман. Табиийки, мен жосус бўлмаган. Ҳаттоки қораловчи маҳкама жараёнида мени ноқонуний пул ўзлаштиришда ва Россия манфаатларини хорижлик олдида ҳимоя қилганликда айблаган. Бу билан прокурор ҳам мен Россия манфаатларини ҳимоя қилганимни тан олган. Хориж давлат учун эмас, ўз ватани учун ишлаётган шахс жосус аталадими? Менимча, бунга бошқа ном топиш керак, деди Игор Сутягин.

Олимнинг билдиришича, Россия расмийлари 2005 йилда уни мамлакат раҳбариятидан кечирим сўрашга кўндиришга уриниб кўрган. Бироқ у ҳамкорлик қилишдан бош тортганини айтади.

Олимнинг айтишича, 2006 ва 2007 йилларда ҳам Россия расмийлари ўз айбига иқрор бўлишни сўраб унга мурожаат қилганлар. Бироқ ҳар доим у рад жавобини берган.

Жорий йилнинг июл ойи бошларида ҳам унинг олдига россиялик икки ва америкалик уч шахс келган ҳамда бир қанча шахснинг озод қилиниши унинг қарорига боғлиқ эканини билдиришган. Сутягин бу гал ҳам рад жавобини берган, бироқ унинг олдига ташриф буюрган шахслар вазият ўта қалтис экани ва олимнинг қарорига кўп нарса боғлиқ эканини тушунтиришган.

Игор Сутягин 2004 йилда Россияга оид маълумотларни Буюк Британия разведка хизматига махфий маълумотларни берганликда айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Айни пайтда Лондонда истиқомат қилаётган Сутягин Британияда унга олти ойлик ишчи визаси берилгани, бироқ ҳозирча ҳеч қаерда ишламаётганини айтади.

Россиялик олим Озодлик муҳбири билан суҳбат якунида ўз ватанини соғингани ва унда имкон бўлганда биринчи самолёт билан Россияга қайтиб кетишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG