Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:19

БМТ Бош котиби: Умримда бундан ёмон табиий офатни кўрмадим


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ўзининг Покистонга бу галги ташрифидан мақсад мамлакатда табиий офат оқибатларини бартараф қилиш учун қандай чоралар кўрилаётгани билан шахсан танишиш эканини айтди.
БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ўзининг Покистонга бу галги ташрифидан мақсад мамлакатда табиий офат оқибатларини бартараф қилиш учун қандай чоралар кўрилаётгани билан шахсан танишиш эканини айтди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 15 август куни Покистоннинг сув тошган минтақаларини вертолётдан кузатди. Бош котиб мисли кўрилмаган табиий офат Покистон ҳудудининг бешдан бир қисмига салбий таъсир этганини айтди.

БМТ Бош котиби ушбу оғир дамда халқаро ҳамжамият Покистон халқи билан бирга эканини алоҳида таъкидлади.

Сув тошқинидан 20 миллионга яқин одам жабр кўрган бўлиши мумкинлигини айтган Бан Ки Мун шу ҳафта охирида Покистон учун кўпроқ ёрдам ва маблағ ажратишни сўраб БМТ Бош Ассамблеясига мурожаат қилишини билдирди.

Покистон президенти Осиф али Зардорий ва бош вазир Юсуф Риза Ғилоний билан учрашишдан олдин БМТ Бош котиби табиий офатдан азият чеккан аҳолига ёрдам тезда етказилмаётганини айтди.

- Мен ушбу оғир дамларда бу ерга Покистон халқи ва ҳукуматига ўз ҳамдардлигимни билдириш ва БМТнинг бирдамлигини изҳор қилиш учун иккинчи марта келдим. Айни пайтда мен бу ерга нималар бўлаётганини кўриш ва қандай чоралар кўрилиши кераклигини билиш мақсадида келдим. Шунингдек, мен бу ерга жаҳон ҳамжамиятини Покистон халқига ёрдам кўрсатишни тезлаштиришга даъват қилиш учун келдим, дея баёнот берди БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

170 миллион аҳолига эга бўлган Покистонда сув тошқинлари содир бўлганига 10 кундан ошганига қарамай, БМТ маълумотига кўра, табиий офатдан азият чеккан аҳолига дастлабки ёрдамни етказиш учун зарур бўлган 459 миллион доллар маблағнинг атиги чорак қисми тўпланган, холос.

БМТ расмийлари ҳозир олти миллион одамга зудлик билан озиқ-овқат, ичимлик суви, бошпана ва тиббий дорилар кераклигини қайд этиб, агар ёрдам тезда етиб келмаса, аҳоли орасида қурбонлар сони кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Айни пайтда БМТ расмийлари Сват водийсининг Минғора шаҳрида камида битта одам сув орқали юқадиган вабо касаллигидан нобуд бўлганини билдирди.

Ўз навбатида, Покистон бош вазири Юсуф Риза Ғилоний Покистон тарихида энг ёмон табиий офат экани айтилаётган сув тошқинларидан мамлакат аҳолисининг 10 фоизи азият чекканини Исломобод расмийлари тахмин қилаётганини айтди.

- Ушбу табиий офат улкан вайроналик ва фожиа олиб келди. Тахминан 20 миллион одам офатдан азият чекди. Шу боис ҳукумат бор имкониятни ишга солиб, саъй-ҳаракат қилаётганига қарамай, барча ёрдам камлик қилмоқда, деди телевидение орқали чиқиш қилган Покистон бош вазири.

Шанба куни Покистон ҳукумати табиий офат қурбонлари хотирасига ҳурматан мамлакат мустақиллигига бағишлаб ўтказилиши режаланган барча байрам тадбирлари бекор қилинганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG