Линклар

Ўзбек-қирғиз чегарасида назорат кучайтирилди


Қирғизистон жанубидаги этник зўравонликларнинг дастлабки кунлари минглаб ўшлик ва жалолободлик ўзбеклар учун вақтинча нажот йўлагига айланган ўзбек-қирғиз чегараси шу кунда яна тақа-тақ ёпилган.

Қирғизистон жанубидаги этник зўравонликларнинг дастлабки кунлари минглаб ўшлик ва жалолободлик ўзбеклар учун вақтинча нажот йўлагига айланган ўзбек-қирғиз чегараси шу кунда яна тақа-тақ ёпилган.

Жорий йилнинг 15 августидан Ўзбекистон Қирғизистоннинг Ўш вилояти билан ёндош ҳудудларида чегарани кучайтирилган тартибда қўриқлашга ўтди. Айни пайтда қирғиз расмийларининг Ўзбекистон билан чегарани очиш борасида музокаралар олиб бораётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон кечадан бошлаб Қирғизистон билан чегарасини кучайтирилган тартибда қўриқлай бошлагани ҳақида Ўш вилоят маъмурияти расмийларига таянган ҳолда Марказий Осиё янгиликлар хизмати хабар тарқатди. Бу Қирғизистонда 31 август куни, Ўзбекистонда эса 1 сентябр куни нишонланажак Мустақиллик байрами саналари яқинлашаётгани билан боғланмоқда.

Айни пайтда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоев 16 август куни Жалолободда ўтказган матбуот анжуманида Ўзбекистон билан чегараларни очиш ҳақида музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмурияти матбуот хизмати вакили Жапарбек Абдиразақов билдирди.

- Бу борада музокаралар бормоқда, аммо чегара қачон очилиши ҳақида у ҳеч қандай маълумот бергани йўқ. Қирғизистон чегарани очишга тайёр, бироқ Ўзбекистон томони ҳозирча негадир буни хоҳламаяпти, деди Жапарбек Абдиразақов.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон томонидан маълумот олиш бўйича уринишларимиз ҳозирча самара бермади.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрел куни Қирғизистонда ҳокимият алмашинуви билан якунланган воқеалардан сўнг Ўзбекистон бошқа қўшни давлатлар қатори Қирғизистон билан чегараларини номаълум муддатга ёпиб қўйганди.

Июн ойида Ўш ва Жалолободда содир бўлган хунрезликнинг иккинчи куни, аниқроғи, 12 июндан бошлаб Ўзбекистон ўшлик қочқинлар учун ўз чегарасини очган ва уч кун ичида Андижон вилоятидаги қочқинлар лагерига ўшлик ва жалолободлик 100 мингдан ошиқ этник ўзбек жойлаштирилган эди.

Аммо орадан 10 кун ўтар-ўтмас Қирғизистонда 27 июнга белгиланган умумхалқ референдуми арафасида Ўзбекистон ҳукумати бу қочқинларни шошилинч тарзда ўз мамлакатига қайтарган эди.

Кўп ўтмай Андижон касалхоналаридаги ярадор қочқинлар ҳам ана шундай ошиғич тарзда Қирғизистонга қайтарилганди. Шундан сўнг Ўзбекистон яна Қирғизистон билан чегараларини ёпиб қўйган эди.

Андижон вилоятида истиқомат қилувчи Абдушукур аканинг қариндош-уруғлари Қирғизистонда яшайди. Биз билан суҳбатда Абдушукур ака ўзбек-қирғиз чегараси ёпиқлиги туфайли анчадан буён қариндош-уруғларини бориб кўра олмаётганини айтди.

- Энди ҳозир очилиши мумкин, деган гап ҳам йўқ, миш-миш ҳам бўлмаяпти. Гап-сўз бўлмаяпти. Мустақиллик ўтса, кейин ҳал бўлса керак, билмадим яна. Лекин чегара очилса, биз учун яхши бўлар эди. У ёқдаги қариндошлар ҳам ўта олмаяпти, бу ёқдагилар ҳам бора олмаяпти, қийин бўлиб қолди, дейди чегаранинг Ўзбекистон томонида истиқомат қилувчи Абдушукур ака.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 7 августида ўшлик ўзбек аёлларининг бир гуруҳи БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва Россия Федерацияси президенти Дмитрий Медведевга мурожаат қилиб, қирғизистонлик этник ўзбекларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига кўмак кўрсатишни сўрагандилар. Мазкур мурожаатда ўшлик аёллар, жумладан, Ўзбекистон орқали Россияга чиқиб кетишга имконият яратилиб берилишини ҳам илтимос қилгандилар. Ўшандан буён орадан қарийб 10 кун ўтганига қарамай, Ўзбекистон расмийларидан бу борада бирор-бир жавоб бўлгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG