Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:23

Ўшда ҳукумат кучлари бедодликлари давом этмоқда


Куч ишлатар идоралари юлғичлигидан зада бўлган ўшликлардан бири Ўш шаҳар коменданти Курсан Асановга пора берганини иддао қилди.
Куч ишлатар идоралари юлғичлигидан зада бўлган ўшликлардан бири Ўш шаҳар коменданти Курсан Асановга пора берганини иддао қилди.

500 дан 5000 АҚШ долларигача. ҲРУ вакили шу кунда Ўшда ҳибсга олинаётган ўзбекларнинг озодлиги шунчага баҳоланмоқда, демоқда. Айни пайтда ҳибсга олиниб, 6500 АҚШ доллари эвазига судгача очиққа чиқарилган ўшликлардан бири, судга яна 50 минг АҚШ долларини тўлаб қўйиши, акс ҳолда ҳоли вой бўлишидан гапирмоқда.


Ўш қамоқхонасида 13 август куни 6 нафар ўзбек устидан маҳкама бўлиб ўтди.

Суд мажлисини кузатган Ҳюман Райтс Уотч вакиласи Андреа Берг маҳкама тафсилотларини Озодликка айтиб берди.

- Олти нафар ўзбек устидан суд қамоқхонанинг тор ҳужрасида ўтказилди. Аввалига прокурор қирғиз тилида айбномани ўқиб эшиттирди. Бу ўзбеклар ўз сумкаларида ўт чиқарувчи шиша идиш (Молотов коктейли) ташиганликда айбланишди. Улар 15 июн куни гуманитар ëрдам олиш учун келаëтганида қўлга олинган. Бу олти нафар ўзбекларнинг бирортаси ҳам ўз айбини тан олмади. Суд мажлиси душанба кунига қолдирилди¸ - деди суд жараëни ўта тез ўтганини айтган Андреа Берг.

Ўшдаги манбамизга кўра¸ бу олти ўзбек қамоқдан озод бўлиш учун ҳарбийларга пул топиб бера олмагани учун суд қора курсисида ўтиришибди.Ўша манбанинг айтишига кўра, Ўшдаги қамоқхона маҳбуслардан пул соғадиган машинага айлантирилган.

Озодлик мухбири Ўшдаги мазлумлар ҳуқуқини ҳимоя қилаëтган адвокат кўмагида яқиндагина пул эвазига қамоқдан чиққан бир йигит билан суҳбатлашди.

Исми айтилмаслик шарти билан интервью берган бу йигит ўшлик тадбиркорлардан бири.

- Мени ҳам оғир аҳволда олиб келишган. Ҳақиқат йўқда умуман¸ дея гапини бошлади суҳбатдош.

Суҳбатдошимиз қамоқдан катта пул эвазига чиққанини айтади.

- Бекордан ўтказиб қўйди қамоққа. Ўтириб мана яқинда чиқдим.

Озодлик: Қанча пул бериб чиқдингиз?

- 10 минг доллар бердим.

Озодлик: Бу пулни айнан кимга бердингиз?

- Қораларга ҳам бердимда. Судга 6500 доллар бердим¸ қолганини терговчисига бердим.

Озодлик: Сиз пулнинг бир қисмини қораларга бердим дедингиз. Ким у қоралар?

- Қора дегани кўча болаларида.

Озодлик: Бу кўча болалари ўзбекми ëки қирғизми?

- Қирғиз.

Озодлик: Яъни кўчада ҳарбийларга пора олиб бериб турадиган тизим шаклланган-а?

- Шунақада. Энди иккалови биргаликда иш қилишаяптида¸ дейди ўшлик бу йигит.

Суҳбатдошимиз иддаосига кўра¸ у Ўш шаҳар коменданти Курсан Асановга ҳам озод бўлиш учун пул берган.

- Улардан биттаси ОВИР бошлиғи экан. Ўш шаҳар уголовный розискасида бошлиқ. Бу ишга УВД бошлиғи ҳам билади. Қизиқишиб¸ орқамдан юришган экан. 5-10 сўм тирикчилик қилса¸ шуни ҳам кўп кўришиб¸ хуллас мана шунақа эканда. Чўнтагингизда уч-тўрт сўмингиз бўлса¸ олволиб¸ қисиб¸ начальник УВД си Курсан Асанов деган. Бу ëғи начальник ОВИР экан. Фамилиясини билмайман. Шулар қилди основной¸ - дейди суҳбатдошимиз.

Шаҳарни тарк этмаслик шарти билан судгача озод қилинган суҳбатдошимизнинг айтишича¸ у судга ҳам пул бериши керак.

- Мен шаҳарни тарк этмаслик шарти билан озод қилиндим. Яқинда суд.

Озодлик: Судга пул бердингизми?

- Судга берасизда. Судга берганингиздан кейин чиқарадида.

Озодлик: Судга қанча бердингиз?

- 6500 берилди. Ҳали яна беришим керак.

Озодлик: Суддаги кишиларнинг исмларини айта оласизми?

- Айта олмайман, лекин улар 1000 доллар эмас, 100 нинг тепаси деяпти.

Озодлик: Қанча?

- 100 нинг тепаси¸ кўкида. Унақа 1000-2000 долларга нима йўқ ака. Энди уйни сотиб беришимиз керак.

Озодлик: Сиздан 100 нинг тепасида пул сўрадими?

- Мендан 50 сўради.

Озодлик: 50 минг доллар сўрадими?

- Ҳа.

Озодлик: Бошқалардан 100 нинг тепаси сўраяптими?

- Ҳа. Ўзига тўқроқлардан шунча сўраяпти. Яшагингиз келгандан кейин, берасизда¸ - дейди суҳбатдош.

Ўшлик суҳбатдошимиз ўзининг қандай қилиб қўлга олинганлиги ҳикоясини ҳам айтиб берди.

- Кетаëтсам¸ тўсди бекордан бекор. Тўсганида, ўша жойнинг ўзида 1000 доллар беришим керак эди. Мен “бермайман” десам¸ “Бермасанг юр” деб УВДга олиб борди. Багажникни очиб патрон ташлаяпти. Патронни ташлагандан кейин УВД га олиб боришди. УВД га олиб чиқишиб, “Тескари қараб туриб тушунтириш хати ëз” деяпти. Нариëққа кириб автомат¸ ҳар бало ташлашаяпти. Кейин видеокамералар билан чиқиб капотни очишаяпти¸ у ердан ҳар бало чиқаяпти. Давление қилишди¸ куч ишлатишди. Ҳар тарафдан сиқаяптида. Мени ҳам оғир аҳволда олиб киришган¸ - дейди пул эвазига судгача очиққа чиқарилган ўшлик йигит.

Суҳбатдошимиз шу ерда гапни калта қилди. Эртанги кунимдан қўрқаман, деган сабаб бор эди унинг гапириш оҳангида.

- Менинг яшашим ҳам бор энди. Биров страховка бермаяпти. Биров страховка берса¸ нима қилсак ярашади. Бугун гапириб қўйиб¸ эртага мен яна¸ ошиқча пулим йўқда ака. Ўзи зўрға чиқиб олдим Оллоҳдан тилаб¸ дейди суҳбатдош.

Қирғиз милицияси ва ҳарбийлари тарафидан бор-йўғи шилиб олинаëтганини айтган ўнлаб ўзбеклардан бири эди бу.

Ўшдаги қирғин кўламини кузатаëтган Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакиласи Андреа Берг ҳам ўзи суҳбатлашган одамларнинг аксарияти қирғиз ҳарбийлари ва милицияси талончилигидан зада бўлган дейди.

- Мен билан Ўшда суҳбатлашганларнинг деярли ҳаммаси қирғиз ҳарбийлари ва милициясининг юлғичлигини айтмоқда. Ҳатто бу юлғичларнинг қанча олиши акс этган нархнома ҳам бор¸ дейди Андреа Берг.

Ана шундан кейин Андреа Берг бу нархномани ўқиб берди.

- Молия полицияси 500 доллардан 1000 долларгача ¸ УВД 1000 доллардан 5000 долларгача¸ СНБ эса ундан ҳам баланд нархда пул ундиради. Одамларнинг айтишича¸ яна майда юлғичлар бор. Улар одамларни текшириш мақсадида тўхтатиб¸ чўнтагини ковлайди. Чўнтагида нима топса¸ танга¸ чақаларигача қоқиб олади¸ дейди Андреа Берг.

Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларга нисбатан ноҳақликлар бўлаëтгани халқаро кузатувчилардан кейин ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева тилидан ҳам янгради.

Қирғиз ҳарбийларининг аҳолини талаëтгани¸ қамоққа олиб пул эвазига қўйиб юборилаëтгани фактлари Ҳюман Райтс Уотч ва бошқа халқаро ташкилотлар тарафидан ҳужжатлаштирилмоқда.
XS
SM
MD
LG