Линклар

Шимолий Кавказ республикалари президентликдан воз кечмоқчи


Кремл "эркатойи" Рамзан Қодиров "бошлиқ" лавозимига ҳам рози.

Кремл "эркатойи" Рамзан Қодиров "бошлиқ" лавозимига ҳам рози.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров илгари сурган Президентлик лавозимдан воз кечиш ташаббуси Кремлга маъқул келган кўринади. Биргина Чеченистонда "президент"ни "бошлиқ"қа ўзгартириш 10 миллион рублга тушиши айтилаётган бўлсада, иқтидордаги “Единая Россия” бу ғояни қўш-қўллаб олқишламоқда.


Шимолий Кавказ республикалари президентлари ҳамкорликда Россия Давлат Думасига мурожаатнома тайёрламоқда. Улар Россия таркибига кирувчи давлатлар раҳбарларига берилган “президент” лавозимидан воз кечиш таклифини илгари сурмоқда.
Ғоя ташаббускори Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров, 13 август куни чечен парламентига “президент” атамаси ўрнига бошқасини жорий қилишни таклиф қилди.

Бу таклифни Ингушетия Президенти Юнусбек Евкуров, Қабардин-Болқор Президенти Арсен Каноков, Қорачой-Черкес Республикаси Президенти Борис Эбзеев ва 2005 йилда президентлик лавозимидан воз кечган Шимолий Осетия ҳукумати ҳам қўллаб-қувватлади.

Рамзан Қодиров шахсий Интернет-блогида ўз ташаббусини “мамлакатни ягона президент бошқариши лозим”лиги билан изоҳлади.

“Шу йилнинг баҳорида мен Қабардин-Болқор президенти дўстим Арсен Каноков билан Дмитрий Медведев бошқараётган делегация таркибида Сурия ва Туркияга сафарда бўлдим. Мен ўзимни жуда ноқулай ҳис этдим... Иштирокчилар хаёлида “буларда нечта президент ўзи?” деган фикр пайдо бўлиши мумкин эди..”, дея изоҳлайди ўз таклифини блоггер ва ҳозирча Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров.

15 август куни Россия Давлат Думасида кўпчиликни ташкил этувчи ва ҳокимиятни назорат қилувчи “Единая Россия” партияси вакиллари Кавказ республиклари президетларининг ташаббусига расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда фикр билдирган айрим депутатлар минтақаларда президентлик лавозимларининг бекор қилиниши Россияни янада жипслашишига ва марказий ҳокимиятнинг кучайишига ҳисса қўшишида.

Давлат Думаси депутати, “Единая Россия” партияси аъзоси Сергей Марков ташаббусни олқишлар экан Россия - давлатлар уюшмаси эмас, Россия - ягона президент бошқараётган давлат, дея таъкидлади:

- Барчамизнинг эсимизда бўлса керак 80 йиллар охирларида, 90 йиллар бошида “мустақиллик” ўйинлари парокандалик, ўзаро урушлар ва бошбошдоқликка олиб келган эди. Натижада мустақил давлатларнинг аксарияти бозор иқтисодиётига ўтгани билан янада аянчлироқ аҳволга тушди, Шу сабабли Россияда бундай парокандаликка бошқа йўл қўймаслик керак, - деди Давлат Думаси депутати, “Единая Россия” партияси аъзоси Сергей Марков.

Мустақил сиёсатшунос Дмитрий Орешкин Кремл Рамзан Қодировнинг ички сиёсатини қўллаб-қувватласада, бу ташаббуснинг олқишланаётгани давлатнинг заифлиги ёки бюракратия тизимининг қўдратидан дарак беради, дейди:

- Қисман бу ташаббусларни биринчидан ўзини намойиш қилиш, иккинчидан эса давлат бошқарувидаги муваффақиятсизликлар сифатида қабул қилиш мумкин. Дарҳақиқат, террорчиларга қарши кураш ва конституциявий тартиб ўрнатишда айнан шу республикалар бошқаларга нисбатан ортда қолмоқда. Тўғриси, Чеченистонда Қодиров “тартиби” мавжуд, Конституциявий тартибнинг эса ўзи йўқ, Бу қариндош-уруғчиликка асосланган режимдир, - дейди мустақил сиёсатшунос Дмитрий Орешкин.

Ҳозирда Чеченистон парламенти давлат раҳбарига янги ном изламоқда.

“Жуда кўплаб вариантлар таклиф қилинди, лекин энг маъқул лавозим – “Чеченистон Республикаси бошлиғи”, деб қарор қилинди. Бу масала жорий йилнинг сентябр бошларида парламент муҳокамасига қўйилади”, дея хабар қилди Чеченистон парламенти раиси Дукуваха Абдурахмонов. Унинг сўзларига кўра, бу ўзгариш Чеченистон бюджетидан 10 миллион рублгача сарф-харажат талаб қилади.

Россия Федерацияси таркибидаги 83 минтақадан 21таси республика мақомига эга.

Федерациянинг 14 республикасида президент лавозими жорий қилинган, буларга Чеченистон, Бурятия, Бошқирдистон, Марий Эл, Татаристон, Удмуртия, Чувашия, Саха Республикаси (Ёқутистон), Адигей, Доғистон, Ингушетия, Қорачой-Черкес ва Шимолий Осетия Республикалари киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG