Линклар

Эркин микрофон

  • Абдулла Искандар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Ўшдаги ўзбеклар бошдан кечираётган кўргиликлардан хавотирланаётган ўзбекистонликлар "уларнинг аҳволи қандай?", дея "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилмоқда. Бу саволга инсонпарварлик ёрдами сифатида кунига икки киши учун бир банка консерваланган балиқни олаётган ўшликларнинг ўзи жавоб беради.


Рўза айëмида иккита нонга пул топа олмаяпман


деб шикоят қилди еттита қиз чиқариб¸ икки ўғлини уйлантирган ва қариганда фарзандлар шафқатидан бенасиб эканини айтган қўйлиқлик Муҳаммадали ака.

- Ҳозир рўзанинг кунида иккита нон олгани пулим йўқ. Дорига ҳам пулим йўқ. 63 га кирдим. Мен ўзи 1975 йилда иккинчи гуруҳ инвалидига чиққанман. Юрак бир ишлаб¸ бир ишламай¸ ўрислар аритмия дейди¸ шунақа касалим бор. Вақти келса¸ дорига ҳам пул топа олмайманда. Кўчага чиқиб мардикор бўлиб арава тортай десам тўғри келмайди. Қариб қолдим. Арава тортгани кучим етмайди. Кучим бўлса¸ тортардим. Уялмайман. Арава тортиб юриб болаларни катта қилганман. Еттита қизни чиқардим¸ катта тўйлар қилиб бердим. Иккита ўғилни уйладим. Иккаласига ҳам уй солиб бердим.

Озодлик: Иккита ўғлингиз ҳам¸ еттита қизингиз ҳам сиздан хабар олмайдими?

- Ҳа¸ шунақа. Худди шундай десам ҳам бўлаверади. Нимага шунақа қилишаяпти? Мен нима қилибман уларга билмайман. Ҳаëтимда Худога шукур мана Оллоҳни таниб¸ намоз ўқидим¸ рўза турдим¸ ароқ ичмадим¸ сигарет чекмадим¸ нос чекмадим¸- дейди Муҳаммадали ака.

Ривоят қилишларича¸ бир ота ўз фарзандига катта узумзор боғ совға қилибди. Ота қариганида¸ фарзанд ўша боғдан бир шингил узумни ҳам қизғангани қиссадан ҳисса ўлароқ, оқибатсиз фарзандларга танбеҳдай айтилади.


Ўш ўзбеклари қандай яшаяпти

деб савол берди Самарқанддан келиб Қозоғистонда ишлаëтган Қозоқбой ака.

- Мен самарқандлик Қозоқбойман. Қозоғистоннинг Қизил Ўрдасида ишлаяпман. Биз ҳар кун эшитамиз Озодликни. Қирғизистондаги ўзбекларнинг яшаши қандай экан деб телефон қилаëтган эдик. Улар қайтиб бордику яна. Шулар қандай яшаяпти? Одамлар у ерда 6000-6500 доллар тўлаяпти эканку судларга. 50 минг долларгача тўлаяпти экан. Ўзбеклар қандай яшаяпти у ерда? Ўзбекистон қабул қилиб олса бўлмайдими уларни? Нима қилади у ерда қийналиб¸- дейди Қозоқбой ака.


Икки кишига бир кунга бир балиқ консерва

Самарқандлик Қозоқбой аканинг "Ўш ўзбеклари қандай яшаяпти?" деган саволига Ўшнинг эски Бобур кўчасида яшаëтган Абдуманноп Нишонбоев жавоб берди.

- Қанақа қилиб яшаяпсизлар? Мана менинг тўртта синглим бор. Учта синглимнинг ва битта ўғил укамнинг уйини ëқиб юборишган. Ҳеч нарса қолмаган. Гуманитар ëрдам деяпти¸ бошқа деяпти. Ҳар бир жон бошига 400 граммдан шакар¸ 5 килодан ун бераяпти экан бир ҳафтага. 200 граммдан ëғ бераяпти экан. Гуманитар ëрдамда ҳаммани тенг кўришмаяптида. Қирғиз миллатига мансубларга қопи билан ун¸ шакар берса¸ бизникиларга бунақа қиляпти. Икки кишига битта балиқ консерва бир суткасига. Икки ойдан кейин қиш келади¸ совуқ келади. Ҳеч қандай ўзгариш йўқда. Менсимаяптида ўзбек халқини. Икки кун бўлди мана Янги Новқатда бир одамни ўлдириб ташлашди қирғиз болалари¸- дейди Абдуманноп ака.


Ўшдаги ўзбекларнинг паспорти йиртилмоқда

деди Абдуманноп ака гапини давом эттириб.

- Кўчаларга ëш йигитларимиз чиқса¸ ушлаб “кимсан” деяпти. Паспортларини берса¸ олиб йиртиб юбораяпти. Мана шу бир ҳафтанинг ичида иккита-учта жиянларимнинг паспортини йиртиб юборишипти ўзбек миллати бўлгани учун. Ҳарбий кийимда юрганлар¸ милициялар дейди. Шунақа қилиб устимиздан кулишяпти¸- дейди ўшлик Абдуманноп ака.


Моноэтник бало

Жалолободлик Фарҳод 21 ëшда. Аммо у қирғиндан кейин кекса донишмандлардай фикрлайдиган бўлиб қолди. Ҳамма гап ҳукумат ва армия таркиби фақат қирғизлардан тузилганига бориб тақалмоқда¸ дейди Фарҳод.

- Ҳозир ҳукумат бошлиқларини кўрсангиз¸ қирғиз. Ҳарбийлар қирғиз¸ аскарлар қирғиз. Фақат ўзбекларга кун бериш бўлмаяпти. Ҳукуматга ўзбек одамдан қўйиш керак¸ ўзбекларга ëрдам қилиш керак қўлдан келганча. Масалан Ўшда аэропорт бор. Ўзбек болалар ўтса¸ уриб¸ нарсаларини талон-тарож қилиб олиб қўяëтган воқеалар жуда кўп. Мана дўстларимизнинг қанчаси кетди бошқа ўлкаларга. Қанчаларининг нарсаларини олиб¸ қанчаларини талон-тарож қилишди. Аксариятини чиқармасдан¸ бирор нарса ташлаб қўйиб олиб кириб қўйиш ҳолатлари бўлди¸- дейди жалолободлик суҳбатдошимиз Фарҳод.


Шерали Жўраев нега телевизорга чиқмайди

деб савол берди Сурхондарëнинг Олтинсойидан телефон қилган Шерали Жўраевнинг мухлиси Бобораҳмат ака.

- Ўзбекистоннинг таниқли хонандалари ҳақида ҳам бирорта эшиттириш тайëрлайсизларми¸ шунинг имконияти борми, деб телефон қилаëтган эдим. Мана Шерали Жўраев тўғрисида. Олдинлари телевидение орқали кўпроқ чиқиб турарди. Кейинги вқтларда чиқмай қолдида. Шунинг сабаблари ҳақида билмоқчи эдим. Қизиқтирган томонлари шу эди мени. Шу инсон тўғрисида радиоэшиттириш тайëрлаш имконияти борми сизларда¸- дейди Бобораҳмат ака.


Ўзга сайëраликни кўрган Дилноза

Ўзбек киночиси Зулфиқор Мусоқов суратга олган "Абдуллажон" филми қаҳрамонлари ўзга сайëралик келгиндини асраб олиб мурод мақсадига етишади. Шу кунларда пак-пакана ўзга сайëралик қип яланғоч ҳолда шўрчиликларнинг уйига бемалол кириб чиқиб юрибди¸ дейди сурхондарëлик тикувчи қиз Дилноза.

"Абдуллажон" филмидаги ўзга сайëраликнинг жинсий мансублиги ноаниқ бўлган эса¸ шўрчилик Дилнозани безовта қилган маҳлуқ эркак экан. Ҳар ҳолда Дилноза шундай деди.

- Қанақадир одам шаклидаги¸ бир хиллар айтаяпти ўзга сайëралик. Қўллари узун-узун¸ бўйи 80 сантиметр бадбашара пайдо бўлганда. Уйларга кириб чиқаяпти. Уй ëпиқ бўлса ҳам хонанинг ичида кўрасиз. Эмаклаб киради. Кўриб қолса ëки бақирсангиз¸ чиқиб кетади қочиб.

Озодлик: Сиз ўзингиз кўрдингизми шуни?

- Ҳа кўрдим. Лекин ҳамманинг уйига кириб чиқаяпти.

Озодлик: Ранги қанақа унинг?

- Жоду деган ҳинд киноси бўларди. Худди шунақа бўйда бу одам. Кўзлари одамнинг кўзи. Фақат юзи хунук. Қандайдир доғлари бор¸ хунук. Яна яп-яланғоч ҳолда.

Озодлик: Ўғри бўлмасин яна.

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ ўғримас. У ҳамма уйга кириб чиқаяпти¸- дейди Дилноза.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG