Линклар

Покистонни қайта қуриш 10–15 миллиард долларга тушиши мумкин


Покистоннинг Британиядаги Олий комиссари Важид Шамсул Ҳасан Ройтер ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда сув тошқинлари оқибатида кўрилган зарарни қоплаш учун 10 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак бўлиши мумкинлигини айтди.

Ҳасан табиий офат етказган зарар ҳажми ҳозиргача ўрганилмагани боис бу фақат дастлабки тахмин эканини таъкидлади.

Покистон вакили вайрон бўлган йўллар, кўприклар, телекоммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалик майдонларини қайта тиклаш учун камида беш йил вақт керак бўлишини қайд этди.

Айни пайтда БМТ Покистонда 3,5 миллионга яқин вояга етмаган бола мамлакат бўйлаб рўй берган сув тошқинлари туфайли юқумли касалликларга чалиниши мумкинлигини билдирди.

БМТ сув тошқинларидан азият чеккан 20 миллион аҳолига ёрдам кўрсатиш учун донор давлатларни зудлик билан 460 миллион доллар ажратишга чақирди.

Шунга қарамай, шу пайтгача БМТга сўралган маблағнинг ярмидан кам қисми тўланди.
XS
SM
MD
LG