Линклар

logo-print

Жаҳон Банки Покистонга 900 миллион доллар қарз беради


Жаҳон банки ўз тарихида илк бор бу қадар даҳшатли сув тошқинини кўрган Покистонга ёрдам тариқасида 900 миллион доллар қарз бериш қарорини маълум қилди.

Ташкилот баёнотида айтилишича, бу қарор Покистон ҳукуматининг шунча миқдорда ёрдам сўраб қилган мурожаатига жавобан қабул қилинган.

Бундан аввал БМТ табиий офатдан зарар кўргани тахмин қилинаётган 20 миллион аҳолига халқаро донор давлатлардан 460 миллион доллар ёрдам пули ажратишни сўраган эди. Бундан ташқари, шу кунларда 3,5 миллионга яқин бола сув тошқини боис юқумли касалликларга чалиниш хавфи остида қолмоқда.

Покистон расмийлари мамлакатга табиий офатдан етган зарарни қоплаш ва мамлакатни тиклаш ишлари учун жами 10 миллиарддан 15 миллиард АҚШ долларгачар маблағ кетиши мумкинлигини айтмоқда.

Покистоннинг Британиядаги Олий комиссари Важид Шамсул Ҳасанга кўра, бу ҳали дастлабки текширувлар натижасида қилинган ҳисоб-китоблардир ва олиб борилаётган текширув якунига етса, моддий зарарга оид рақамлар янада ўсиши мумкин.

Шунингдек, Покистон вакилининг Рейтерс агентлигига айтишича, бузилган ва вайрон бўлган йўллар, кўприклар, телекоммуникация тармоқлари, фермер хўжаликларини тиклаш учун камида беш йил вақт талаб этилади.
XS
SM
MD
LG