Линклар

logo-print

Тожикистон Ўзбекистонга буғдой ва картошка экспорт қилмайди

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийларига кўра, бу йил мамлакатда буғдой ўтган йиллардагига қараганда камроқ етиштирилган.

Тожик расмийларига кўра, бу йил мамлакатда буғдой ўтган йиллардагига қараганда камроқ етиштирилган.

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилояти расмийлари 2011 йилнинг баҳоригача буғдой ва картошкани Афғонистон ва Ўзбекистонга экспорт қилишни таъқиқлади. Россия ва Қозоғистон хорижга буғдой экспорт қилишни таъқиқлаганидан сўнг тожик расмийлари ана шундай қарорга келганлар.

Тожикистон буғдой ва картошкасини ўз қўшнилари - Афғонистон ва Ўзбекистонга экспорт қилиб келар эди. Бу йил эса мамлакатда буғдой ҳосили ўтган йилдагидан кам бўлгани, Россия ва Қозоғистон хорижга буғдой экспортини таъқиқлаши ортидан келгуси йил баҳоригача Тожикистон ҳам ён қўшниларини бу турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан тийилишини эълон қилди.

Бу борада маълум қилган Хатлон вилоятининг Қишлоқ хўжалик бошқармаси раиси ўринбосари Тожиддин Содиқов бу йил мамлакатда буғдой ҳосили ўтган йилга нисбатан кам бўлгани ва боз устига, жаҳон бозорида буғдой нархи 10 фоизга қимматлаши ортидан шундай қарорга келинганини айтди.

- Бу йил биргина Хатлон вилоятида ўтган йилдагига нисбатан 7 минг тонна буғдой кам етиштирилди. Экин майдонлари ҳам ўтган йилдагига нисбатан 20 минг гектарга кам эди. Тахминан 133 мингу 55 гектар экин майдонидан 335 912 тонна буғдой йиғиштириб олинди. Буғдойга бўлган эҳтиёжимизнинг 40 фоизини хориждан импорт қилинган буғдой ташкил қилади. Россия ва Қозоғистон буғдой сотмасликка қарор қилганидан сўнг биз ҳам буғдой ва картошкамизни ташқарига сотишни чеклашга мажбурмиз. Бундан кўзланган мақсад мамлакат аҳолисини бу маҳсулотлар билан етарлича таъминлаш ва бозорларда нархлар кўтарилишининг олдини олишдан иборат, деди Хатлон вилоят ҳукумати расмийси Содиқов.

Расмийнинг айтишича, 2009 йили республикада бир миллион тонна буғдой етиштирилган бўлиб, бу мамлакат эҳтиёжининг 60 фоизини ташкил қилган экан.

Мустақил таҳлилчилар мамлакатга хориждан олиб келинган ғалланинг асосий қисмини ташкил қилган Россия буғдойи бундан буён Тожикистонга сотилмай қўйилиши ва жорий йилда маҳаллий буғдойнинг ўтган йилдагига нисбатан кам етиштирилиши озиқ-овқат танқислиги келтириб чиқариши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Мустақил таҳлилчи Давлати Шоэътибор БМТ маълумотларига таянган ҳолда, мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият ва бу йилги табиий офатлардан етган зарар қабатида Россиянинг буғдой экспортига чеклов жорий этиши ортидан мамлакат аҳолисининг 9 фоизи очлик домида қийналиб қолиши мумкин, дея фикр билдиради.

Таҳлилчи бозорлардаги нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш борасида Хатлон вилоят расмийларининг уринишлари кутилганидек натижа бермаслигига амин. Айни пайтда у буғдой ва картошка мазкур маҳсулотлар экспорти учун чеклов жорий қилинишидан аввалроқ қимматлаганини қўшимча қилди.

Унинг айтишича, шу кунларда Қўрғонтепа бозорларида бир кило буғдой 1,3 сомонийдан, баъзи жойларда 1,5 сомонийдан сотилмоқда (шу кунда 1 АҚШ доллари қиймати 4,45 сомонийга тенг – таҳр.). Бу эса, Давлати Шоэътиборга кўра, ўтган йил шу даврига нисбатан икки баравар қимматроқдир.

- Ҳақиқатан бу йил бозорларда ун ва буғдой нархи ташвишланарли даражада ошди. Россия ва Қозоғистон Тожикистонга буғдой сотишни тўхтатганидан хабар топган аҳоли орасида турли хил ваҳимали гап-сўзлар тарқалган. Шу сабабли бўлса керак, бозорларда буғдой, ун ва ун маҳсулотларининг нархи борган сари кўтарилмоқда. Айни пайтда ҳукумат йўлга қўйган бугунги тадбир нархларнинг тушишига умуман таъсир кўрсатаётгани йўқ, дейди мустақил таҳлилчи Давлати Шоэътибор.

Хатлон вилоят расмийси Тожиддин Содиқов эса ўтган йилт мамлакатда бир миллион тоннадан кўпроқ буғдой етиштирилгани ва давлатнинг буғдой заҳираси келгуси йилга ҳам етарли эканини маълум қилар экан, жорий йилда Тожикистонда ун ва ун маҳсулотлари тақчил бўлмаслигини таъкидлади.

У бозорлардаги нарх-наво маҳаллий савдогарлар томонидан сунъий равишда ошириб юборилаётганини ва жойларда бу масала атрофлича ўрганилаётгани маълум қилар экан, яқин кунларда нархлар яна аввалги ҳолатига қайтарилишига ишонтирди.

- Бозорлардаги омборларда ун мўл. Нархлар савдогарлар томонидан сунъий равишда оширилмоқда. Улар “Россия ва Қозоғистон буғдой бермай қўйди” деган баҳона билан аввал арзон нархга олиб келган унни энди бир неча баравар қимматга сотаяпти. Лекин бундан ваҳимага тушмаслик керак. Давлатнинг ун ва буғдой заҳираси келгуси йилларга ҳам етади, деди Хатлон вилоят Қишлоқ хўжалик бошқармаси расмийси Содиқов.
XS
SM
MD
LG