Линклар

logo-print

Аҳмадийнажод уранни бойитиш дастурини кенгайтирувчи ҳужжатни имзолади


Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод уранни бойитиш ишларини давом эттириш ва Атом энергияси халқаро агентлиги билан алоқаларни чекловчи ҳужжатни имзолади.

Бу ҳужжат “Эрон Ислом Республикасининг тинч йўлдаги ядровий ютуқларини ҳимоя қилиш”, деб номланади ва у АҚШ ҳукумати Эронда Россия кўмаги билан бунёд этилган атом заводининг ишга туширилиши ҳамда Москва ва Теҳрон ўртасида ядровий ёқилғи етказиб бериш бўйича келишувга эришилгани Эронда бундан буён уранни бойитишга эҳтиёж қолдирмайди, деб баёнот берганидан бир неча кун ўтиб имзоланди.

Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббс 14 август куни бу ҳақда берган баёнотида Бушер шаҳридаги янги атом заводининг 21 августдан бошлаб ишга туширилиши Эроннинг уранни бойитишдан кўзлаган асл мақсадлари бобида баъзи саволларни пайдо қилишини айтган эди.

Эрондаги Атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий Теҳрон келгусида яна бир неча уранни бойитиш иншоотларини қуриш ниятида эканини билдирди.

- Ҳозир биз уранни бойитиш иншоотлари учун кўзланган 10 та қурилиш майдонига оид режани тасдиқлаш жараёнининг сўнгги босқичида турибмиз. Умид қиламизки, шу йилнинг охири ёки кейинги йилнинг бошидан бу қурилиш лойиҳаларидан бири бўйича иш бошлаймиз,- деди Эрон расмийси.

Эрон уранни бойитиш заводларида ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринмоқда, дея ғарб давлатлари таъкидлаётган хавотирлар ортидан БМТ июн ойида Теҳронга нисбатан янги кучайтирилган санкцияларни жорий этган эди.
XS
SM
MD
LG