Линклар

logo-print

"Чўқинтирган батька-3": давоми борми?


Россия расмий телеканаллари “Крестный батька” лақабини берган Лукашенка яқин орада Кремл хўжайинлари қучоғига қайтиши амри маҳол кўринади.

Россия расмий телеканаллари “Крестный батька” лақабини берган Лукашенка яқин орада Кремл хўжайинлари қучоғига қайтиши амри маҳол кўринади.

Москва ва Минск ўртасида информацион уруш давом этмоқда. Россиянинг НТВ канали Беларус етакчиси Александр Лукашенк “Крестный батька” - “Чўқинтирган батька” хужжатли филмининг 3 қисмини намойиш этди. Бу филмлар туркумининг намойиш этилиши Россия-Белорус муносабатлари совуқлашган пайтга тўғри келди.


Якшанба куни прайм-таймда намойиш этилган бу филмда Беларус Президенти Лукашенко ва унинг атрофидагилар қаттиқ танқид остига олинган. Жорий йилнинг июл ойида намойиш этилган “Крестный батька”, яъни “Чўқинтирган батька” филмининг биринчи ва иккинчи қисмлари жамоатчилик қизиқишини ўзига жалб қилмаслиги мумкин эмасди: эндигина ҳал бўлаётган Россия-Беларус газ-сут урушлари ортидан рус телеканалларида оммавий ахборот хуружи бошланди. Шов-шувларга сабаб бўлган филм қисқа вақт ичида Интернетда энг кўп кўрилган фильмлар қаторига қўшилди.

Бу филмни оддий беларуслар кўра олгамагани табиий албатта.

Биринчи филмларда Лукашенко ҳокимиятдан ағдарилган Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурмонбек Бакиев билан таққосланган бўлса, учинчи қиссада очиқчасига унинг руҳан ноқис экани иддао қилинди.

Филмнинг марказий мавзуси - Лукашенко оиласининг даромад манбайи. НТВ журналистлари ҳисоб-китобига кўра, Беларус президенти бисотидаги маблағ 8-12 млрд АҚШ долларига етади.

Россия оммавий ахборот воситаларида бошланган информацион ҳуружга жавобан Александр Лукашенко бундай жавоб қайтарди:

- Улар бизни қанчалик сиқувга олишмасин, бирор натижага эришмайди. Энг ачинарлиси, бунинг барчаси ҳамкасбларим томонидан амалга оширилмоқда. Бу Оммавий ахборот воситаларнинг иши эмас, мен ўзим биламан бундай ишлар қандай бажарилишини. Биз ифлосликка ифлослик билан жавоб бермаймиз!,- деди Беларус президенти.

Кейинги пайтларда Кремл билан юзага келган келишмовчиликларга тўхталар экан, Лукашенко беларусларни “нима бўлганда ҳам тиз чўкмасликка” чақирди. “Тиз чўксак- бошқа тураолмаймиз!”, дея якунлади фикрини Александр Лукашенко. Ваҳоланки, айнан Беларус раҳбарининг ўзи 1996 йилда “Мен Россияга тиз чўкиб, боришга тайёрман!” деб эди.

Россияда Лукашенкага қарши бошланган ахборот кампанияси сабабларига тўхталган таниқли тележурналист ва тарихчи Леонид Млечин бу каби намойишлар беларус жамиятининг Россиядан узоқлашишига олиб келмоқда дейди:

- Ҳозирда Лукашенко Украинанинг собиқ президент Юшченко ва Грузия президенти Саакашвили каби Москванинг жаҳлини қўзғатмоқда. Узоқ йиллар давомида Москва Беларус президентини россиялик журналистлар танқидидан қатъиятлик билан ҳимоя қилиб келган. Демак, ҳамма нарса ўзгарди! Лекин Россия ҳукуматининг олиб бораётган сиёсати кимга қаратилишидан қатъий назар оддий беларусларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда,- дейди журналист Леонид Млечин.

НТВнинг Лукашенкага қарши кўрсатилган компроматлар урушига “Европанинг сўнгги диктатори” филмини намойиш этган Russia Today телеканали ҳам қўшилди.

Беларус ҳукумати расмийлари бундай ахборот ҳуружини қоралаб, Россия телеканалларида Минск раҳбариятига қарши филмларнинг намойиш этилиши Беларусда яқинлашаётган сайловда Лукашенконинг мағлубиятини истаётганлар томонидан уюштирилмоқда, дея таъкидламоқда.

Озодликнинг беларус хизмати директори Александр Лукашук филм асосчиларини масалани ёритишда бир тарафлама ёндошганликда айблади:

- Сиёсий сенсацияга айланган бу филмнинг мазмунида аслида ҳеч қандай сенсация йўқ. Беларус расмийлари бу жиноятлар ҳақида яхши хабардор. Лукашенко томонидан содир этилган қотилликлар, одам ўғирлаш, унинг руҳий касаллигига оид материаллар беларус мухолифати томонидан йиллар давомида тарқатилмоқда. Бу ерда НИМА эмас, балки КИМ ёритилаётгани муҳим. Журналист сифатида филм яратувчиларига саволим бор эди: нега филмда Лукашенко тарафдорларига сўз берилмади? Сўзсиз Россия-Беларус муносабатларининг ёмонлашишига “газ”, “сут”, “нефт” урушлари таъсир кўрсатди. Лекин эсдан чиқарманг, яқинда сайловлар! 15 йил давомида Россия Лукашенкони қўллаб-қувватлаб келган... Бу сафар-чи?,- дея савол қўйди Озодликнинг беларус хизмати директори Александр Лукашук.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG