Линклар

logo-print

Тоҳир Йўлдош ким эди?


Тоҳир Йўлдош ким эди?

Йўлдошев Тоҳир Абдулҳалилович. Тоҳир Йўлдош ва Муҳаммад Тоҳир Форуқ номи билан машхур.

1968 йил 2 октябрда Намангандаги Рафиқ Мўмин маҳалласида туғилган. Мактабни тугатгач Совет армияси сафларига чақирилиб ҳизматни Афғонистонда ўтаган.

Горбачев даврида аввалига диний даъватчилик, кейин эса исломий ташкилотлар тузиш билан шуғулланади.

1991 йилда Адолат уюшмасини тузади. Уюшмадаги бўлинишдан кейин Ислом лашкарлари ва Тавба гуруҳларини ташкил этади.

1991 йил декабр ойида Наманган обкоми биносини ишғол қилади¸ воқеа жойига келган президент Каримовга исломий давлат тузиш талабини қўяди.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати маълумотларига кўра, 1991 йили Наманганда одамларни жазолаш ва қамашнинг муқобил тизимини яратган ва Уйчи туманида зиндон барпо қилиб, одамларни қамаган.

1992 йили Тоҳир Йўлдош сафдошларидан бир гуруҳи қамоққа олингач, у мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлади.

1996 йили Афғонистонда қочқин бўлиб туриб, Ўзбекистон исломий ҳаракатини тузади.

1997 йилда Тоҳир Йўлдошнинг уч укаси Мадамин, Муҳаммад ва Зоҳиджон Ўзбекистон МХХси томонидан қамоққа олинади.

1999 йилда Тожикистоннинг Жирғатол туманида қўним топади ва ўша ердан Қирғизистоннинг Боткент вилоятига ҳужум уюштиради. Боткент амалиëтидан кейин Тохир Йўлдош яна Афғонистонга қайтади.

Расмий Тошкент иддосига кўра, 1999 йили Тоҳир Йўлдош Теҳрондан туриб, 16 феврал куни Тошкентнинг бир неча жойида портлаш уюштирган.

Шу боис Ўзбекистон олий Суди 2000 йилда Тоҳир Йўлдошни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилади.

Бу маҳкамада судланган ЎИҲнинг воизи, деб айтилган Зайниддин Асқаров кейинчалик Тоҳир Йўлдошнинг бу портлашларга алоқаси йўқлигини айтган эди.

Тоҳир Йўлдошнинг Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати билан ҳамкорлик қилгани ҳақида иддаолар мавжуд.

Ал-Қоида билан ҳамкорлик қилган террорчи сифатида Тоҳир Йўлдош БМТ ҳавфсизлик кенгашининг ҳавфли жиноятчилар рўйхатига тиркалган.

2009 йили 27 август куни ПОкистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида АҚШнинг пилотсиз учқичидан қилинган ракета ҳужумида яраланади. Сал ўтмай касалхонада жон таслим қилади.

Ўзбекистон исломий ҳаракати бу хабарни жиҳод фикҳи нуқтаи назаридан яшириб келганини тан олиб, Тоҳир Йўлдошнинг ўлганлигини жорий йилнинг 16 августида эълон қилди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансуб, деб билинган нашрда Тохир Йўлдош жасадининг фотосурати берилган.

XS
SM
MD
LG