Линклар

"ОБОН" миллат софлиги учун курашмоқда

  • Сарвар Усмон

Ўшликлар яқинда ўт билан "ОБОН" балосидан Ўзи асрасин, дейдиган бўлиб қоладиган кўринади.

Ўшликлар яқинда ўт билан "ОБОН" балосидан Ўзи асрасин, дейдиган бўлиб қоладиган кўринади.

"ОБОН" аталмиш миллатчи хотин-қизлар ҳамда қирғиз йигитлари тўдалари Ўш аҳолисининг "этник софлиги" учун курашмоқда. Ўшдан олинаётган хабарлардан пайдо бўлган фикрни мана шундай пафос билан ифодалаш мумкин. Ўшлик ҳуқуқ фаоли Абдуманноп Халилов 16 август кунги "ОБОН" ҳамласининг энг сўнгги қурбонларидан биридир.


“ОБОН” – “ОМОН”дан гула кўтариб ясалган истеҳзоли атама.

“ОМОН” – “Отряд милиции особого назначения” бўлса, “ОБОН” – “Отряд баб особого назначения” деганидир.

Хотин-қизларнинг бундай махсус отрядлари 2005 йилги Март инқилоби маҳсулидир.

“ОБОН”лар у ёки бу сиёсатчининг мақсадига етиш ёки давлат амалдорининг хизмат пиллапоясидан юқорироққа кўтарилиш йўлидаги тўсиқларни очиб берадиган кучдир.

Ана ўшандай “зарбдор отряд”лардан бири 16 август куни Ўш шаҳар суди биносида шаҳар судининг янги раисидан норозилик акцияси ўтказди.

- Уларнинг қўлида транспарантлари бўлган. “Бекжанова 15 та ўзбекни суд залидан озод қилди. Бундай одам судя бўлишга нолойиқ”, деган шиорлари¸ бундан ташқари “Бекжанова қирғиз бўлишга лойиқ эмас”, деган лозунглари бўлган¸- деб хабар қилди қирғиз миллати софлиги учун курашчи хотин-қизларнинг акциясини узоқдан кузатган ўшлик.

ОБОНчилар қўлларида бош чаноғи айланаси ёки бурун узунлигини ўлчайдиган штангерциркуль бўлганми-йўқми – манбамиз илғай олмаган.

Ким қирғиз аталишга ҳақлию ким ҳақсиз эканлигини аниқ биладиган ОБОНчилар қонлари қайнаб турган пайтда ўшлик, миллати ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуманноп Халилов суд биносига ўз иши билан бориб қолади.

- Абдуманноп Халилов. 1959 йилда туғилган. “Ҳақиқатга жўл” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказида ишлайди¸ - дейди Абдуманноп Халилов ҳақида маълумот берган ўшлик суҳбатдошимиз.

17 август куни Абдуманнопнинг ўзи билан боғланишга ҳаракат қилдик. Суриштириб билдикки, Халилов ўз уйида, аҳволи оғир ётибди, мияси чайқалган. Шунинг учун воқеанинг тафсилотларини унинг ўзидан эшитган манбаларимиз ҳикоя қилиб беради.

- Абдуманноп Халилов қўққисдан суд территориясига кириб қолганда “Ана сартларнинг ҳимоячиси келиб қолди” деб ОБОН аëллари ур-тўқмоққа олишган¸- дейди суҳбатдошимиз.

Яна бир ўшликнинг айтишича, Халиловни 15 та эркак ва 50 та аëлдан иборат тўда калтаклаган.

Халиловни узоқ калтаклашган, деб ҳикоя қилади исмини айтишга қўрққан ўшлик аёл.

- Учинчи этажда тутиб уришган¸ кўчага олиб чиқиб уришган. Орган ходимлари у ерда тахминан 30 та бўлган экан. Бирортаси ëрдам беришга ҳам¸ ажратишга ҳам уринмабди¸ - дейди исмини айтишга қўрққан ўшлик аëл.

Калтаклаш узоқ давом этди ва мана бундай якун топди.

- Аëлларнинг қўлидан ажралиб чиқиб, нарироқда турган милиция ходимларининг олдига борса¸ қайтариб аëлларнинг қўлига ирғитиб беришган. У ерда Абдуманноп Халиловни яна калтаклашган. У қочиб Ўш шаҳар судининг иккинчи этажига чиқиб¸ суд раисининг хонасининг эшиги очиқ экан¸ ўша ерга бориб судянинг орқасига бекинган. Шаҳар суди раисининг креслосида облсуд раиси ўтирган бўлган. У ерда ундан ташқари учта милиция полковниги ва переговоршиклар бўлишган. Халилов судянинг орқасига бекинганда аëллар келишиб столнинг устидаги 1¸5 литрлик минерал сув билан урган. Ўша пайтда бу ҳушидан кетган. Ўзига келган пайтда Абдуманноп Халиловга таниш бўлган собиқ прокурор ходимлари уни кўчага олиб чиқиб, таксига ўтказиб қўйишган¸ - дейди ўшлик суҳбатдошларимиздан бири.

Биз воқеа юзасидан бирон бир изоҳ олиш учун кун давомида Ўш шаҳар суди, вилоят суди, шаҳар милицияси билан боғланишга ҳаракат қилдик. Самара бўлмади.

Лекин шуни айтиш керакки, одатда қирғиз расмийлари журналист билан мулоқотдан қочмайди. Уларнинг бир нечаси Озодлик саволларига бир неча бор жавоб берди ҳам. Жавоблар зўр, эшитсангиз вазият барқарорлашяпти.

Лекин...

Шу ўринда халқаро Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг куни кеча эълон қилинган ҳисоботи ёдга тушади.

Ҳисобот муаллифларидан бири Оле Солванг Озодлик билан суҳбатда “оммавий этник зўравонликлар қирғиз ҳукумати кучлари учун жиддий муаммога айланган бўлса-да”, ташкилот ўтказган текширувлар “ҳукумат кучларининг баъзилари бу муаммонинг ечими эмас, унинг бир қисмига айланди”, деган эди.

Шаҳарда миллатчи тўдалар бемалол ҳаракат қилаётганини кўрсатувчи яна бир воқеа. Ўтган ҳафта ўрталарида ўзини Ҳалимахон, деб таништирган аёл кекса отаси билан, унинг машинасида шаҳар марказига борган эди.

- Менинг дадам 70 га кирган. Икки марта инфаркт бўлган одам. Светофорда дадам турдида тўхтаб. Орқадан келиб урди учтаси. Майли буни чиқариб Озодликка берсангиз ҳам майли. Бирпасда ўша ерда 10-15 та қирғиз тўпланди. Уришиб кетишди. “Сартлар сенлар ўлишинг керак. Сенлар йиғла. Сен ўлмасдан нима қилаяпсан? Торт машинасини запчасть қил” дейди. Бу тўла исботли ишда¸ - деган эди Ҳалимахон.

Мана бу эса, 3-4 кун олдин шаҳар мэрияси олдида бўлиб ўтган, ОБОНчи хотин-қизлар иштирок этган воқеа.

- Бир аëл соат 4-5 ларда ҳокимият олдидан қизи билан ўтиб кетаëтган бўлган. Шу ерда палатка тикиб ўтирган аëллар бу аëлни ушлаб олган. “Сен сартсан” деб уришган. Атрофида 10-15 та солдатлар¸ милициялар бўлган. Улар ажратиб ҳам қўймаган¸- дейди ўшлик аëллардан бири.

Шаҳарга мутлақ эга чиқиб олган қирғиз йигитларию ОБОНчи аёлларга қарши чора кўриш иложсизми, деган саволимизга қирғиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова бундай деди:

- Афсуски, Қирғизистонда аҳоли ўта сиёсийлашиб кетган, сиз айтаётган гуруҳлар конкрет шахсларга хизмат қилишаяпти¸- дейди Азиза Абдурасулова.

Агар, шаҳар мэрияси олдидаги ОБОН бундан олдин ҳам ўзбек аёлларига ҳужум қилганини эсласак, мана 2 ойдирки, шу ердан жилмай яшаётганларини ҳисобга олсак, уларнинг кимга хизмат қилаётганларини тахмин қилиш қийин эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG