Линклар

Амир ўлди, яшасин амир!

  • Алишер Сиддиқ

Қайнотаси ўлимидан кейин ЎИҲ амири этиб тайинланган Усмон Одил учун бундан кейин ҳам ҳаракатни сақлаб қолиш асосий вазифага айланиши мумкин.

Қайнотаси ўлимидан кейин ЎИҲ амири этиб тайинланган Усмон Одил учун бундан кейин ҳам ҳаракатни сақлаб қолиш асосий вазифага айланиши мумкин.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўлганини бир йил ўтиб тан олгач, ҳаракат бошчилигига марҳумнинг куёви Усмон Одил келгани маълум бўлди. Айни пайтда бир йил давомида ЎИҲнинг Интернетда тарғиботни кучайтиргани таҳлилчилар томонидан ҳаракатнинг амалда заифлашгани сифатида баҳоланмоқда.


Бир йил аввал Ўзбекистон исломий ҳаракатининг асосчиси ва 18 йиллик амири Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ушбу террорчи гуруҳни янада заифлаштирган бўлиши мумкин.

Ҳаракатнинг янги амири сифатида илк бор элга танитилган Усмон Одил исмли йигит кўринишидан анча ёш, аммо Озодлик манбасига кўра, 1977 йилда Наманганда туғилган.

Ҳаракат бошқаруви зўравон Тоҳирдан кўпроқ мадраса талабасини эслатувчи Усмон Одилга ўтгани жанггари гуруҳда бошқарув инқирози ҳали давом этишини кўрсатади.

Агар Усмон Одилнинг бирор "ютуғи" ҳақида гапирганда Тоҳир Йўлдош ўлимидан бир йил ўтиб, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳали ҳам йўқ бўлиб кетмагани ва ўзи ҳақида интернет орқали бўлсада эслатиб турганини тилга олиш мумкин.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг янги амири этиб сайланган Усмон Одил ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас.

Тоҳир Йўлдошнинг собиқ жанговор сафдошларидан бирининг Озодликка айтишича, Усмон Одил марҳум Тоҳир Йўлдошнинг катта қизи билан турмуш қурган.

ЎИҲ га қарашли экани айтиладиган www.furqon.com сайтида илк бор Усмон Одилнинг фото сурати ва аудио мурожаати эълон қилинди.

Бошига салла ўраган, соқоли сийрак, сочи елкасига тушадиган, юзи ингичка ва овози нозик бу йигит кўринишидан нари борса, 27-28 ёшларда бўлса керак, дейиш мумкин.

Ўзининг илк баёнотида Усмон Одил Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Тоҳир Йўлдош барпо этган жиҳод мактаби асосида фаолиятини давом эттиришини таъкидлади.

- Иншооллоҳ, биродаримиз қолдирган жиҳод мадрасаси умматнинг қалбига малҳам бўладиган, куфрнинг қалбига янада кўпроқ қўрқув соладиган юзлаб, минглаб янги-янги баҳодир мужоҳидларни етиштиришда давом этажак. Бу воқеа биз учун мусибат синов, шаҳидимиз учун иншооллоҳ неъмат бўлди¸ - деди ЎИҲ номида биринчи марта гапирган Усмон Одил.

Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Тоҳир Йўлдош ўлимини инкор қилиш билан биргаликда, ҳаракатнинг “Жундуллоҳ” ижодий студияси ўз интернет саҳифасини пропагандистик материаллар билан анча жонлантирди. Германиядаги Халқаро ва хавфсизлик масалаларини тадқиқ этиш марказининг таҳлилчиси Филиппе Холтманга кўра, ЎИҲ янги стратегияси унинг заифлашганидан дарак бериши мумкин.

- Бу ҳаракатнинг заифлашаётганига ишора қилиши мумкин. Ҳаракат заифлашган сари, кўпроқ пропагандистик мақолаларга эҳтиёжи пайдо бўлади. Бошқа томондан бундай фаоллик ҳаракатда матбуот билан ишловчи янги одам тайинланганини ҳам акс эттириш мумкин¸- дейди германиялик таҳлилчи.

Афғонистонда 2001 йилда бошланган АҚШ бошчилигидаги халқаро аксил террор амалиётлари бошланганидан сўнг Ўзбекистон исломий ҳаракати юзлаб аъзоларини йўқотди, ҳаракат қўмондони Жума Намангоний ўлдирилди. Ўтган йиллар мобайнида Тоҳир Йўлдош билан биргаликда Покистоннинг қабилалар назоратидаги минтақларда бошпана топган жанггарилар асосан уларни молиялаштириб келган Ал-Қоида тармоғига яқин гуруҳ сифатида ҳаракат қилиб келди. Номи ҳамон Ўзбекистон билан боғлиқ бўлишига қармасдан гуруҳ Покистон армиясига қарши жиҳод эълон қилди.

Ҳаракат аъзоларининг сони 500 нафардан ошмаслиги тахмин қилинсада, бу маълумотни мустақил равишда тасдиқлашнинг имконияти йўқ. Тоҳир Йўлдош катта қўшинга эга тузилмадан жанггари бир гуруҳ даражасига тушган ҳаракатни яхлит ҳолатда сақлашга ҳаракат қилгани маълум. Бир йил аввал Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ҳақида Озодликка илк бор хабар берган унинг собиқ тансоқчиси Тоҳир Йўлдош бошқарув услубини президент Каримов услуби билан солиштирган эди.

- Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг қўл остида юрган аксар кишилар ҳам асли норози. Охирги вақтлар кўп ишларни қилган. Жуда кўп аъзолар қўл остида мажбурий юради.

Озодлик: Сиз ҳам шу норозиларнинг орасидамидингиз?

- Шундай. Кўп кишини атрофида ëлғон ваъдалар билан олиб юрди. Кўп хиëнатлар қилди охирги вақтлар.

Озодлик: Мисол учун.

- Қўл остидагиларга¸ унга қарши чиққанларга хиëнат ҳам этди¸ зулм ҳам этди. Қисқасини айтганда¸ Ўзбекистон ҳукуматининг президенти Каримов қандай бўлса¸ бу ҳам хорижда¸ мусофирчиликда юрган шундай кишилардан бўлиб қолган охирги пайтларда. Мақсадини ҳам билиб бўлмайди¸- деган эди бир йил аввал Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ҳақида Озодликка хабар қилганн собиқ тансоқчиси.

Президент Каримов Тоҳир Йўлдошдан келаётган таҳдид ҳақидаги сўнгги чиқишларидан бирида Тоҳир “ўзини захира ўлароқ еб битириб бўлди”, деган эди. ЎИҲ нинг янги амири Усмон Одил ўз “қайнотаси” йўлидан бориб, ўтган бир йил давомида унинг жанггарилари минтақада асосан Покистон армияси билан жанг қилдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG