Линклар

Шимолий Кавказда яна портлаш содир этилди


Пятигорск шаҳридаги портлашни мутахассислар террорчилик хуружи ўлароқ баҳоламоқдалар.

Пятигорск шаҳридаги портлашни мутахассислар террорчилик хуружи ўлароқ баҳоламоқдалар.

Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасидаги кафеда амалга оширилган портлаш оқибатида ўттизга яқин одам жароҳатланди. Сўнгги маълумотларга кўра, улардан айримларининг аҳволи оғир.

Портлаш Пятигорск шаҳри марказида содир этилди. Ставропол вилоят Ички ишлар бўлими матбуот вакили Станислав Беляев жароҳат олганлар кафе мижозлари ва кўчадан ўтиб кетаётган одамлар бўлганини айтди.

У ҳужум оқибатида жароҳат олганларнинг ҳаммаси касалхонага ётқизилгани, улардан учтасининг аҳволи оғир эканини қайд этди.

Беляев портлаш кафе яқинига қўйилган “Лада” автомобилига ўрнатилган портловчи мослама ишга тушгани оқибатида содир бўлганини маълум қилди.

Касалхона шифокори мухбирларга яраланганларни даволаш учун фуқаролар келиб қон топширишлари мумкинлигини айтди.

- Ёрдам беришни хоҳлаганлар, марҳамат, қон қуйиш бўлимига келишингизни сўраймиз. Ўзингиз билан учта ҳужжатдан бирини - паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки ҳарбий билетингизни олиб келинг, деди касалхона шифокори.

Россия президенти Дмитрий Медведев Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва Бош прокуратура идорасига кафеда портлаш содир этган шахсларни аниқлашга ва уларни ҳибсга олиш ҳақида буйруқ берди.

Айни пайтда мутахассислар кафедаги портлашни террорчилик хуружи, дея баҳолади.

Пятигорскда портлаш содир этилишидан бир неча соат олдин Шимолий Осетия пойтахти Владикавказ яқинидаги пост олдида худкуш кимса ўзини портлатди.

Владикавказ милицияси матбуот вакили Аслан Дзгоев портлаш пайтида ўлган худкуш билан бирга яна икки шахс бўлгани айтди. Дзгоев милиция ходимлари билан отишма пайтида улардан бири яраланганидан сўнг ушлангани, бошқаси қочишга муваффақ бўлганини билдирди.

Бу минтақада қўпорувчилик амалиётлари тез-тез содир этилади. Хусусан, май ойида Ставропол шаҳридаги театр ташқарисида амалга оширилган портлаш натижасида 5 киши ўлган, 20 нафари яраланган эди.

17 август куни портлаш содир этилган Пятигорск шаҳри ўтган йили Кремл томонидан Шимолий Кавказ Федерал Минтақасининг маъмурий маркази сифатида танланган эди.

Москва минтақада давом этаётган зўваронликларнинг олдини олиш йўлидаги уриниш доирасида мусулмон ва православ насроний гуруҳларини бир-биридан ажратиб турувчи янги ҳудудларни ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG