Линклар

logo-print

Чироқчилик имомни нима учун ҳибсга олишди?


Чироқчилик намозхонларнинг айтишларича, расмийлар Мамарайим Ҳайитовни туман мусулмонлари хоҳиш-истагига зид равишда бош имом-хатиб лавозимидан бўшатганлар.

Чироқчилик намозхонларнинг айтишларича, расмийлар Мамарайим Ҳайитовни туман мусулмонлари хоҳиш-истагига зид равишда бош имом-хатиб лавозимидан бўшатганлар.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани бош имом-хатиби салкам 30 йил имомлик қилганидан сўнг ўз вазифасидан озод этилди. Бу ҳам етмаганидек, собиқ имом-хатиб 15 сутка ҳибсда ҳам ўтириб чиқди.


Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани бош-имом хатиби лавозимида бўлган Мамарайим ҳожи Ҳайитов 7 июн куни ўз лавозимидан кетган, аниқроғи, бу ҳақда буйруқ чиқарилган.

- “Ўз аризасига биноан, вилоят вакилини тавсиясига биноан, диний қўмитанинг 84-хатига асосан” деган. Нималигини билмадим энди.

Озодлик: “Ўз аризасига биноан” дейишаяпти, ариза ёзганмидингиз?

- Сўрагани йўқ мендан ҳеч ким аризани, деди Чироқчининг собиқ бош имом-хатиби Мамарайим ҳожи Ҳайитов.

Собиқ бош имом-хатиб мазкур буйруқдан кейин мажлис ўтказганлигини, шундан сўнг Чироқчи туман ички ишлар бўлими томонидан ҳибсга олинганлигини айтади:

- Бизда фақат йигирмалик аъзолари бўлар эди. Мени шулар “қолинг” деб йиғилишди. "Бизни ишдан бўшатадиган шекилли, мана шу йигирмалик аъзолари билиб қўйсин” деб, уларни мажлисга чақирган эдик. Фақат намоз ўқиб юрганмиз, дейди Мамарайим ҳожи Ҳайитов.

Мамарайим ҳожи Ҳайитов Тошкент Ислом университетини тамомлаган. У Чироқчи туманида бош имом-хатиб бўлиб 28 йил ишлаб келган.

-Энди анча йил ишлаб қўйдик, пенсияга яқинлашиб қолган эди. Раҳбарият шуни лозим топган бўлса, тўғри қилгандир. Ўртада ҳеч бир таътилга чиқмаганмиз. Шунинг учун ҳам “таътилга чиқиб олсин домла, чарчагандир” дея шуни раҳбарият лозим топган бўлса, тўғри қилгандир, менимча, дейди Мамарайим ҳожи Ҳайитов.

Биз Ўзбекистон мусулмонлар диний идорасига қўнғироқ қилиб, мазкур ҳодиса тафсилотларини аниқлашга уриндик. Идора вакили айнан бу мавзу бўйича ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини айтди.

Қашқадарё вилоят Чироқчи туман ички ишлар бўлими подполковниги Зокир Жавлиев эса Озодлик билан суҳбатда июл ойида Мамарайим Ҳайитов ҳибсда 15 сутка сақланганлигини тасдиқлади:

- Ҳокимият талабига бўйсунмасдан, ўрнига қўйилган одамни қўйишга қаршилик кўрсатган. Ўзининг олдига беш-олтита одамларни йиғиб, бир ой давомида ҳокимиятни буйруғига қаршилик қилиб, агитация қилиб, “мени нотўғри бўшатди” деб, ҳаммани масжидга йиққанидан кейин уни мажбур бўлишган ҳибсга олишга. Материал бор-да, бекордан бекорга бўлмаган-да, дея изоҳ берди Чироқчи туман ички ишлар бўлими подполковниги Зокир Жавлиев.

Чироқчилик собиқ имом-хатиб мухлислари подполковник фикрига қўшилмайдилар. Улардан бири Отабек Мирзааҳмедовдир:


- Юқоридан тайинлагани учун шаҳрисабзлик киши бош имомлик вазифасини бажараяпти. Мамарайим домланинг ўзи Чироқчидан, у одамнинг тарафдорлари ҳеч қандай гуруҳ аъзолари эмас. Улар шунчаки намоз ўқиб, ҳақиқий динга итоат қиладиган кишилардан иборат. Мен ҳам ўзим жума намозига борганимда Мамарайим домланинг кўп маротаба маърузасида бўлганман. Ҳеч қандай ёмон гаплар гапирмаган, фақат Оллоҳ тўғрисида, динга итоат қилиш, риоя қилиш тўғрисида маърузалар олиб борар эди. Мамарайим домланинг маърузаларини фақат чироқчиликлар эшитар эди. Шунинг учун чироқчиликларнинг анча-мунча ҳурматига сазовор эди, дейди чироқчилик Отабек Мирзааҳмедов.

Чироқчилик яна бир суҳбатдошимиз Мамарайим ҳожи Ҳайитовни яхши танишини айтади. Исми сир сақланиши ва овози ёзиб олинмаслиги шарти билан Озодликка гапирган суҳбатдошимиз "Мамарайим ҳожининг ўзи Миллий Хавфсизлик Хизмати билан ҳамкорлик қилиб келган ва кўплаб маҳаллий олим уламоларнинг устидан ёзиб бериб, ё қаматиб юборган, ё ишдан олдириб ташлаган", дея гапириб берди.


Хўш, Ўзбекистонда имомликка тайинланиш ёки бу лавозимдан озод қилиш қай тартибда амалга ошади? Ўзбекистоннинг расмий диний идораларидан жўяли жавоб ололмаганлигимиз боис бу саволни биз Тошкентда анча йиллар имомлик қилган, айни пайтда чет элдан бошпана топган Ислом олими Обид қори Назаровга бердик.

- Уларни ишга тайинлашда, агар расмий масжидлар бўладиган бўлса, албатта шаҳардаги миллий хавфсизлик хизмати бўлимларининг розилиги билан амалга ошади. Шу давлат сиёсатига мувофиқ келадиган имомлар тайинланади ва қачонки мақсадга мувофиқ келган куни ўша заҳоти олиб ташланилиши кутиладиган нарса, дейди Обид қори Назаров.

Обид қори Назаров бу тизимда ҳам Ўзбекистонда бошқа соҳаларда бўлгани каби қариндош-уруғчилик, тарафкашлик, коррупция ривожланган, дея давом этади.

- У ерда албатта, порахўрлик, яъни хукуматнинг арбобларига бериладиган порахўрлиги - бу нарсалар ўзининг ўрнига эга,- дейди Обид қори Назаров.

Чироқчи туман бош имом-хатиби лавозими атрофидаги можароларни эса Обид қори Назаров шундай изоҳлади:

- Бунақанги талашиш, тортишиш давлатнинг мансаблари устида ҳам кетади-ку. Бу ҳам шунинг кўриниши. Ўша бўшатилган имомнинг орқасида ҳам хукуматнинг ўзининг ичидаги одамлари бўлиши мумкин. Ўшалар томонидан берилган маслаҳат асосида бу ҳам ўзини химоя қилган бўлса керак-да. “Сен ўзингни ҳимоя қил, биз сени ҳимоя қиламиз. Ҳаракатингни қил, биз ёрдам берамиз” деган бўлса керакки, у ҳам ўзига ишониб, шундай қадам босган бўлса керак,- дея тахмин қилди Обид қори Назаров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG