Линклар

Дипломатлар хусусий университет ёпилишидан ташвишда

  • Гулнора Равшан

17 август куни Тожикистон ҳукуматига қўшма баёнот билан чиққан Германия, Америка, Франция ва Буюк Британиянинг Тожикистондаги элчихоналари Душанбедаги Алоқа ва инновацион технологиялар университетининг ёпилиши юзасидан хавотир билдирдилар.

“Тожикистон Алоқа ва инновацион технологиялар университетининг ёпилиши ёшларининг хорижга муҳожир бўлиб кетишига туртки бўлади”.

Германия, Франция, Америка, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи элчиларининг 17 август куни Тожикистон ҳукуматига йўллаган қўшма баёнотида ана шундай таъкид бор.

Тожикистондаги Алоқа ва инновацион технологиялар университетининг ёпилишига оид суд қарори бекор қилинишини сўраб чиққан ғарблик дипломатлар айни пайтда Тожикистонда шундай олийгоҳларга эҳтиёж катта эканини билдиришган.

Эслатиб ўтамиз, Алоқа ва инновацион технологиялар университети Душанбе шаҳридаги ягона хусусий олийгоҳ саналиб, унда тахминан икки мингга яқин тожикистонлик йигит-қиз таълим олиб келаётган эди.

Мазкур хусусий университет 2003 йилда америкалик тожик, “Садр” ширкати раиси Садриддин Акрамов томонидан ташкил этилганди.

Тожикистон Таълим вазирлиги иддаосига кўра, мазкур хусусий университет вазирлик стандартларига мос келмайди. Ўз навбатида, олийгоҳ ректори Садриддин Акрамов бу таълим даргоҳи энг замонавий олий ўқув юрти эканини даъво қилади. Улар ўртасидаги бу баҳс бир йилдан буён тўхтамаяпти.

Ўтган йил декабрида Таълим вазирлиги университет фаолияти тўхтатилишини сўраб, Тожикистон Иқтисодий судига ариза берган эди. Суд ишни вазирлик фойдасига ҳал қилди.

Шундан сўнг университет ректори Акрамов Тожикистон Олий иқтисодий судига ҳукм кўриб чиқилишини сўраб мурожаат қилди. Аммо Олий иқтисодий судда ҳам иш Таълим вазирлиги фойдасига ҳал бўлди.

Шу йил июнида эса Таълим вазирлиги суд ҳукми асосида Алоқа ва технологиялар университети лицензиясини бекор қилди ҳамда бу олийгоҳга янги ўқув йили учун абитуриент қабул қилишни таъқиқлаб қўйди.

Шундан сўнг Алоқа ва инновацион технологиялар университети ректори Акрамов Таълим вазирини судига берди, шунингдек, Тожикистондаги бир қатор хорижий ташкилотлар ва элчиликларга мурожаат билан чиқди.

Икки томон баҳсини анчадан буён кузатиб келаётган АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси расмийси Рейчар Кук Таълим вазирлиги Алоқа ва инновацион технологиялар университетини ҳеч бир жиддий далилсиз давлат қайдидан ўчириб ташлаганини айтади.

- Тожикистонда хусусий олийгоҳларнинг ана шундай сабабсиз ёпиб ташланиши мамлакат инвестиция муҳитига, хусусан, Таълим соҳасига салбий таъсир кўрсатади ва “хусусий университетлар исталган вақт ва сабабсиз ёпиб ташланаверади“ қабилидаги хавотирларга сабаб бўлиши табиий, дейди АҚШ элчихонаси масъули Кук хоним.

Америкалик дипломат бу университетда энг замонавий таълим усули жорий этилганига ўзи гувоҳ эканини ҳам қистириб ўтди.

Тожикистон Таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов эса Озодликка берган бир интервюсида бунинг аксини айтган эди.

- Бу хусусий университет шаҳардаги эски ётоқхоналардан бирида фаолият бошлади. У ерда ёшларимизнинг етарлича билим олишлари учун ҳеч қандай шароит йўқ. Бир сўз билан айтганда бу университет вазирлик стандартларига умуман мос келмайди, дея билдирган эди Таълим вазири Раҳмонов.

Август ойи бошларида Таълим вазири устидан Шоҳмансур судига ариза ташлаган Алоқа ва инновацион технологиялар унверситети ректори Садриддин Акрамов эса бу иддаоларни рад этди.

- Биз қисқа муддатли фаолиятимиз давомида иккита янги беш қаватли янги бино, ошхона ва ётоқхона қурдик. Шуни ҳам айтиш лозимки, лицензия бизга вазирликнинг махсус комиссияси хулосасидан сўнг берилган эди. Лекин нега бугун улар бизнинг фаолият кўрсатишимизни исташмайди - бу менга қоронғи, деди университет ректори Акрамов.

У Таълим вазири Раҳмоновнинг президентга шу университет устидан ёзган шикоят хатидан сўнг олийгоҳ бир неча марта давлат комиссияси томонидан обдон текширилганини, лекин улар ҳеч қандай нуқсон тополмай қайтиб кетишганини маълум қилди.

Аммо, Акрамовнинг қўшимча қилишича, ҳукумат комиссияси бу университетда студентларга таълим бераётган 180 нафар ўқитувчининг таржимаи ҳолини ҳам талаб қилган эди.

Айтилишича, таржимаи ҳоллари ҳукумат комиссиясига тақдим этилган ўқитувчилар орасида Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий, Социал-демократик партия раиси Раҳматулло Зоиров, таниқли олим Ҳожимуҳаммад Умаров ва давлат сиёсатини танқид қилиб келаётган яна ўнлаб таниқли шахслар ҳам бор экан.

Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, Тожикистон Алоқа ва инновацион технологиялар хусусий университети фаолиятининг таъқиқланишидаги асосий сабаблардан бири у ерда давлат сиёсатига мухолиф кишиларнинг ёшларга таълим бераётгани бўлиши ҳам мумкин.
XS
SM
MD
LG