Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:41

Қозоғистонда телеликопчалар элакдан ўтказилади


Қозоғистон расмийларининг сунъий йўлдош антеннаси сертификациясини жорий қилмоқчи бўлгани медиа-экспертлар томонидан олқишланаётгани йўқ. Бу қадам расмийлар учун номақбул бўлган ахборот оқимини чеклашга қаратилгани таъкидланмоқда.

Қозоғистон алоқа ва ахборот вазири Асқар Жумағалиев яқинда “Оммавий ахборот воситалари маҳсулотининг Қозоғистон қонунчилигига нақадар риоя қилиб чиқарилаётганини мониторинг қилиш методикасини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруқни имзолади.

Мазкур буйруқ Қозоғистон ҳудудида фаолият юритувчи барча оммавий ахборот воситалари ҳамда интернетга тааллуқли экани айтилмоқда.

Жумағалиев буйруғига мувофиқ, Қозоғистонда рақамли телевидениени жорий қилиш учун мамлакатга олиб кирилаётган барча сунъий йўлдош жиҳозлари сертификациядан ўтказилиши керак бўлади. Бу эса қозоқ расмийлари томонидан мамлакатда рақамли телевидение жорий этиш учун зарур қадам ўлароқ изоҳланмоқда.

Аммо кузатувчилар Қозоғистон ҳукумати рақамли телевидение жорий қилиш баҳонаси билан сунъий йўлдош орқали ахборот қабул қилувчи жиҳозларни мамлакат ҳудудига олиб кириш ва ундан фойдаланишни чеклаб қўймоқчи эканини айтишмоқда.

“Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Тамара Калеева расмийларнинг мазкур чораси қозоғистонликлар фойдаси учун амалга оширилаётгани ҳақидаги иддаоларини тамоман рад этади.

- Ҳукумат мажлисида “аҳоли кўраётган теледастурларнинг ахборот фазосига салбий таъсири” ҳақида бекор айтилгани йўқ. Агар гап сунъий йўлдош дастурларининг техник жиҳати ҳақидагина кетаётган бўлса, салбий таъсирнинг бунга қанақа алоқаси бор, - дейди Калеева.

Яқин орада Қозоғистонда маҳаллий телеканаллар телемаҳсулот чиқаришда мамлакат қонунчилигига нақадар риоя қилаётгани қаттиқ назорат остига олиниб, қонунчиликка риоя қилмаган оммавий ахборот воситалари жаримага тортилиши кутилмоқда. Тамара Калеева бундай ҳолат мамлакатдаги мустақил телеканаллар эркинлигини сезиларли даражада чеклаб қўйишини тахмин қилади.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган К-плюс телеканалиннг директори Бахитжон Кетебаев 2012 йили Қозоғистонда президент сайловлари кутилаётгани сабабли мамлакатда ҳар қандай эркинликни чеклашга қаратилган ҳаракатлар урчий бошлагани, сунъий йўлдош антеннаси сертификациясини жорий қилиш ҳам ана шундай уринишлардан бири эканини айтади.

- Қозоқ ҳукумати сунъий йўлдош телевидениесини чеклаганидан сўнг одамларнинг хорижга чиқишини чеклаши қолди, холос. Ҳозир расмийлар ахборотни саралаб бериш, Интернетни қолипга солиш орқали одамларни ташқи олам таъсиридан узишни мақсад қилган. Бунда одамлар ёпиқ фазо ичида қоладилар, фақат сара одамлардан иборат муайян гуруҳгина жаҳон цивилизацияси маҳсулидан фойдалана олади, қолганлар эса меҳнат қилишу эҳтимолий ўзгариш ва инқилоблар ҳақида ўйламасликка маҳкум бўлади, - дейди Бахитжон Кетебаев.

Қозоғистон журналистлари иттифоқининг раиси Сеитқози Матаев айни пайтда қозоқ расмийлари сунъий йўлдош орқали узатиладиган теледастурларнигина эмас, балки Интернет орқали ёйинланаётган ахборотни ҳам тўсишга урина бошлаганини таъкидлайди.

- Биз Интернет ҳақидаги қонунга ўзгартишлар киритиш бўйича Остонада бўлиб ўтган ишчи гуруҳ мажлисларида бир неча бор бўлдик. Ўшанда ўта кулгули таклифлар ҳам ўртага ташланди. Масалан, расмийларни фош қилувчи сайтлар эгаларини ҳаттоки Америка ва Германиядан бўлса ҳам топиб келиб, Остонадаги шаҳар судида судлаш кераклиги айтилди. Бу билан расмийлар ўзларининг қолоқлигини намойиш қилаяпти, - дейди Сеитқози Матаев.

Қозоғистон журналистлари иттифоқи раисига кўра, ҳозир Интернет тармоғини қонунчиликка киритилиши мумкин бўлган қандайдир тузатиш ё ўзгартишлар билан тўсиб бўлмайди. Қозоғистонликларнинг порнография, террорчилик каби иллатларга қарши эканини айтган Матаев айни пайтда бундан бошқа контент мамлакат интернет тармоғида тўсиқсиз очилиши лозимлигини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG