Линклар

Толиблар бир йигит билан қизни тўшбўрон қилгани Шариатга оид баҳсларга сабаб бўлди


Ислом уламолари Толибоннинг Шариат қонунларини тадбиқ этишга ҳаққи йўқ, демоқда.

Ислом уламолари Толибоннинг Шариат қонунларини тадбиқ этишга ҳаққи йўқ, демоқда.

Афғонистон шимолида ёш йигит ва қизнинг тошбўрон қилиниши Кобул ҳукумати ва диний уламолар томонидан кескин қораланмоқда. Икки ёшнинг қатл этилиши Афғонистонда шариат қонунларининг талқин қилиниши масаласи атрофидаги баҳсни янада авж олдирди.


Афғонистон шимолида Толиблар бир аёл билан эркакни тошбўрон қилинганини нафақат мамлакат президенти Ҳамид Карзай, балки дин уламолари ҳам кескин қораламоқда. Толиблар 15 август куни номаҳрам эркак ва аёлни зинокорликда айблаб, тошбўрон қилиш йўли қатл қилди.

Қатл Толиблар назорати бўлган қишлоқлардан бирида рўй берди. Бу воқеани “кечириб бўлмайдиган жиноят”, дея атаган президент Ҳамид Карзай “ноқонуний қуролли гуруҳ томонидан икки ёш афғоннинг тошбўрон қилиб ўлдирилиши ислом ва инсонийлик тамойилларига мутлоқ зиддир”, дея таъкидлади.

Маълум бўлишича, ўз қишлоғидан қочиб кетган икки ёшни яқинлари алдаб уйга қайтишга кўндирган. Қишлоққа кайтгач эса уларни Толиблар қўлга олган ва маҳаллий муллалар иштирокида кенгаш ўтказиб, ёшларга ўлим жазоси тайинланган.

Йигит ва қизнинг қатл қилингани Афғонистонда Шариат қонунларини қандай талқин қилиниши лозимлиги хусусидаги баҳсларга сабаб бўлди. Ўтган ҳафта Кобулга тўпланган 350дан ортиқ дин уламолари ва муллалар мамлакатда Шариат қонунларини жорий қилиш чақириғи билан чиқдилар. Аслида Афғонистоннинг амалдаги Конституцияси ҳам мамлакатнинг барча қонунлари Шариатга мос келиши лозимлигини назарда тутади.

Ҳозирда Афғонистонда Шариат муайян қоидалар тўпламими ёки турлича талқин этилиши мумкин бўлган анъаналар қоришмасими, деган масалада қизғин баҳс кетмоқда.

Исломни давлат дини сифатида, тан олган ва мамлакатнинг барча қонунлари Исломга мос келишини тасдиқловчи Афғонистон Конституцияси шунингдек мамлакатда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган барча ҳужжатларга риоя қилинишини ҳам кафолатлайди.

Йигит ва қиз тошбўрон қилинган тумандан бўлган таниқли диний уламолардан бири Мовли Абдул Носир Озодлик билан суҳбатда бу воқеани кескин қоралади. Мазкур фожиадан бехабар эканлигини таъкидлаган Абдул Носир умумиятла бундай қарор чиқаришнинг ўзи нотўғри эканини айтади.

- Ислом қоидалари ва шариатга мувофиқ зино қилганликда айбланаётган шахс тўртта ҳолатда ўз айбига иқрор бўлса ҳамда тўртта шахс ушбу жиноятга гувоҳлик билдирган тақдирдагина, айбдор деб топилиши мумкин. Бундай талаблар бажарилмас экан, ҳатто айбланган шасхнинг ўзи айбига иқрор бўлиши ҳам қабул қилинмайди. Бундан ташқари гувоҳликка ўтган шахслар пок инсонлар ва аввал ҳеч қандай номақбул ишларга аралашмаган бўлиши шарт,- дейди мулла Абдул Носир.

Дин уламосиг, шунингдек бундай гувоҳлар қози улардан талаб қилган тақдирдагина гувоҳликка ўтиши мумкин, дея қайд этади.

- Ушбу талаблар бажарилмаса, тошбўрон қилиш ҳақида чиқарилган қарор куч қўллаш, деб кўрилади ҳамда Шариатга мутлоқ тўғри келмайди,- дея қўшимча қилди таниқли мулла.

Афғонистон Олий суди вакили Сиддиқуллоҳ Муслим Шариат билан Афғонистоннинг инсон ҳуқуқларига риоя қилиши ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқлигини таъкидлади.

Айни пайтда Коҳирадаги Ал-Азҳар университетининг Шариат қонунлари бўйича факултети собиқ декани профессор Ҳамид Муҳаммад Абу Толиб бирон бир шахснинг айби исботланган тақдирда ҳам қуролланган гуруҳ вакилларининг Шариат бўйича ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқлигини айтади.

- Афғонистондаги вазиятга тўхталадиган бўлсак, халқаро майдонда тан олинган президент Ҳамид Карзайнинг ҳукумати қонун чиқарувчи органдир. Шундай экан, мамлакатнинг айрим ҳудудини босиб олган гуруҳ маҳкама ташкил этиб, ўзбошимча қарор чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Чунки улар ҳукумат вакиллари сифатида тан олинмаган. Бу айрим ҳудудларда куч билан назорат ўрнатган гуруҳдир ҳолос. Бундан ташқари уларда бошқариш ҳаққи йўқ ва уларни ҳеч ким тан олмайди,- дейди Ал-Азҳар университети профессори.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG