Линклар

Ўшни тарк этаётган ўшликлар оқими камаймаяпти

  • Сарвар Усмон

Ўшда вазият ўнгланишига умидлари қолмаётган ўшлик ўзбеклар Россия томон йўл олмоқда.

Ўшда вазият ўнгланишига умидлари қолмаётган ўшлик ўзбеклар Россия томон йўл олмоқда.

Жорий йилнинг 20 июнидан бошлаб 18 августгача Ўш аэропортидан Москва, Екатеринбург, Красноярск, Новосибирск шаҳарларига қарийб 20 минг киши кетди. Ўшдан чиқиб кетганларнинг камида 71 фоизи ўзбеклардир. Расмийлар тарқатган бу хабарлар Ўшликларнинг фикрича, асл вазиятни акс эттирмайди.


"Аждодларимиз юрти"


22 июл куни, мухбирингиз Ўшда, Ҳикматилло ҳожи Абдуллаевнинг уйида ўтказилган тинтув тугаганидан сўнг, ҳожининг уйи олдида тўпланган, ҳис-ҳаяжонга тўлиб тошган маҳалла аёллари билан суҳбат чоғида уларга мана бундай савол берган эди.

Озодлик: Ўшда яшайверамиз деяëтганлар кўпми ëки кўчиб кетамиз деяëтганлар кўпми?

- Яшаймизда. Қаëққа кетамиз? Туғилиб ўсган юртимизни қанақа қилиб ташлаб кетамиз? Мана шу ерда яшаймиз. Ота-онамизнинг юрти. Ҳеч қаерга бормаймиз. Шу ерда яшаймиз¸ дея жавоб қилган эди бир гуруҳ ўшлик аëллар.

Ҳа, ўшлик ўзбеклар Ўшни асрлар давомида ўз юрти ҳисоблаб келган.

Эҳтиросга тўлиб тошган аёллар "ҳеч қаерга бормасликларини, шу ерда яшаяжакларини" қанчалик зўр бериб айтмасин, июн қирғини кўчкинлар тўлқинини кўтариб бўлган, кўчкин шиддати ҳануз сўнгани йўқ.

Содиқжон ҳожи набирасини Россияга кузатди

24 июл куни Ўшда Содиқжон ҳожи ака билан гаплашган эдим.

- Неварам эски автовокзалда фотосëмка қиладиган аппаратларини олиб келган эди. 35 минг долларга олиб келган эди. Бир ой бўлган эди ишлатганига. Шунинг қўлга кирганини ўғирлаб чиқиб кетиб¸ қолганини ломлар билан уриб¸ синдириб ўт қўйиб чиқиб кетди. Неварам тўрт-беш кун бўлди кетди¸ деган эди Содиқжон ҳожи ака.

Содиқжон ҳожининг тадбиркор невараси шу кунда Тольяттида.

Изқувар ўзбек Қозонга кетди

Ўш шаҳар милициясининг жиноят қидирув бўлимида ишлаб бир-икки йил олдин пенсияга чиққан Т. ўша кунлари Ўшни оиласи билан тарк этиш тараддудида эди.

- Аëлим¸ иккита болам¸ неварам¸ куëв болам¸ қизим¸ невараларни ҳам олиб кетаяпмиз.

Озодлик: Россиянинг қаерига кетаяпсиз?

- Қозонга.

Озодлик: Бу кетиш плани анчадан бери бормиди?

- Йўқ. Мана шу тўполондан кейин пайдо бўлди¸ деган эди Т. Ўша кунлари.

Суҳбатдошимизни 18 август куни Қозондан топдик.

Озодлик: Яхши етиб олдингларми?

- Худога шукур¸ раҳмат. Етиб олдик.

Озодлик: Иш-пишга кирдингизми?

- Йўқ. паспорт йўқ бўлса¸ қийин экан иш топиш.

Озодлик: Паспорт қилаяпсизми энди?

- Ҳа¸ гражданствога документларни тайëрлаëтган эдим.

Озодлик: Сизга ўхшаб Ўшдан Қозонга бориб олганлар кўпми?

- Ҳар кун келишаяпти¸ Қозон ëмон катта шаҳар эканда.

Озодлик: У ерда “ўзбексан экан” деб илғамаяптими?

- Йўқ¸ йўқ¸ унақамас. Бу ерда ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Яхши экан. Масжидлар кўп экан¸ дейди айни кунда ўз оиласи билан Қозонда қолаëтган Т.

Татаристон пойтахтида ўзи ва оила аъзолари учун Россия фуқаролигини расмийлаштириш ҳаракатида юрган ўшлик собиқ милиционер Т. Қирғизистон Чегара назорати бош бошқармаси айтаётган Қирғизистондан самолётларда чиқиб кетган 20 минг кишидан бири.

Шубҳа уйғотадиган рақам

Шуниси қизиқки, бундан 22 кун муқаддам – 27 июл куни самолётларда 18 минг киши чиқиб кетгани тўғрисида хабар пайдо бўлган, ўшанда қирғиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова “18 минг киши чиқиб кетган бўлса, уларнинг 10 минг 600 ўзбеклардир. Бу учоқда кетганлар тўғрисидаги маълумот холос. Автомобил ва поездларда кетаётганлар бор. Балки чегаралардан қайддан ўтмай ўтиб кетаётганлар ҳам бордир. Чиқиб кетаётганларнинг мутлақ кўпчилиги ўзбеклар эканлиги ҳақиқат”, деган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси 22 кун олдин келтирган рақам Чегара назорати 18 август куни эълон қилган маълумотнинг тўғрилигига шубҳа уйғотадики, бу шубҳанинг ортидан боришга ҳозир вақт йўқ.

Менинг милициям мени қўриқлайди. Пулга

Энди гап автомобил ва поездларда кетаётганлар тўғрисида.

Қирғизистондан автомобилларда чиқиб кетаётган ўзбеклар милиция ходимларининг яна бир даромад манбаига айланиб қолди.

Бояги суҳбатдошимиз Содиқжон ҳожи мухбирингизга 24 июл куни Ўшда мана бундай деганди:

- Еттита машина 8-10 тадан одам олиб¸ колонна бўлиб¸ охрана олиб Қозоғистонга ўтиб кетиб у ëғига кетди¸ деган эди Содиқжон ҳожи.

“Охрана” - милиция ходимлари. Улар ўзбеклар тушган машиналарни Ўшдан Бишкеккача, ундан у ёғи – Қозоғистон чегарасигача кузатиб, йўлдаги қирғиз йигитлари тўдаларидан, милиция ходимларидан асраб боради.

Бу хизматнинг неча пул туришини икки ҳафта олдин ака-укалари билан Челябинскка етиб олган ўшлик Д. 18 август куни айтиб берди.

- Ўш-Бишкек қилиб сопровождение билан чиқдида Қирғизистон ичи қилиб.

Озодлик: Қанақа сопровождение у?

- Милицияларга пул бериб сопровождение қилдиртирадида иккита-учта шофëр бир бўлиб.

Озодлик: Неча пулга сопровождот қилиб олиб боришди?

- Мен тўлиқ тушуна олмай қолдим. Шу учта-тўртта машинани 2000 доллар атрофида қилдимикан. Бири 60 минг қирғиз пули деди¸ бири 70 минг деди. Шофëрлар ўзаро гаплашди. Бизни қўшмадида орага.

Озодлик: Нечта машина эди?

- Учта машина¸ дейди ака-укалари билан Челябинскка етиб олган ўшлик Д.

Бундан 20 кун муқаддам Ўшдан Бишкекка ўзбеклар тушган битта енгил машинани кузатиб қўйиш учун милиция ходимлари 10 минг, микроавтобус учун 15 минг олаётганини ўшлик ҳайдовчиларнинг ўзидан эшитган эдим. (1 АҚШ$ = 46 қирғиз сўми)

Ҳожатхонага бормоқчимисан? 200 сўм тўла!

Ўшдан самолётда кетмоқчи ўзбекларни аэропортдаги формалилар шилса, (менинг ўзимдан ҳам 26 июл куни кеч соат 18.30 даги самолётга чиқишим олдидан жиноятчи эмаслигим тўғрисида справка талаб қилишганди – бундай маълумотнома ҳар бир ўзбекдан сўралади; табиийки, бундай справкани топиб беролмайсиз, шунда очиқдан очиқ “узат” дейишади) автомобилда чиқиб кетаётганлар милиция ходимларига эшитганингиздай, “сопровождение” ҳақини тўлаяпти, камига мана бу кўргиликлар ҳам бор:

- Қирғизистондан бу тарафга ўтиб олдик. Қозоғистон билан Қирғизистон чегарасида бир сутка турдик. Туалет¸ сувлар Қирғизистон томонда эканда. Сув олгани ўтадиган бўлсак ҳам 200-500 сўмдан пулимизни олиб¸ туалетга ҳам худди шундай қилиб ўша ерда озгина қийналдик. Кейин ўтиб кетдик Қозоғистонга¸ дейди ака-укалари билан Челябинскка етиб олган ўшлик йигит.

“Кетаётганлар кети узилай демаяпти”

24 июл куни Ўшда суҳбатлашганимиз Содиқжон ҳожи билан 18 август куни яна боғландик. Бугунги вазиятни сўрадик.

Озодлик: Ўшдан чиқиб кетиш сал тўхтаб қолдими ëки ҳали ҳам давом этаяптими?

- Давом этаяпти. Ҳар куни катта самолëтда эрталаб бир рейс Москвага бор. Ўшанда тўлиқ одам фақат ўзбеклар. Иккинчидан¸ кўпчилиги машинада кетишаяпти. Россияга чиқиб кетиб қолаяпти. Красноярскка кетди автобусда. Ҳар куни 10-15 та оладиган машиналарда кетишиб қолаяпти. Иложи борича ҳаракат қилаяпти одамлар кетишга¸ дейди Содиқжон ҳожи.

“Кетадиганлар кетиб бўлди”

Аҳолисининг тақрибан 90 фоизини ўзбеклар ташкил қиладиган Турон шаҳарчаси Ҳудудий кенгаши раиси Ҳожиохун Ҳожиматов мана бундай деди:

- Кетадиганларнинг кўпи кетди. Жуда унақа нима эмас Худога шукур. Тинчлик ҳозир энди.

Озодлик: Кетиш ҳар йилгига қараганда бу йил кўпроқми?

- Кўпроқ¸ кўпроқ. Энди уни ҳамма биладию¸ дейди Турон шаҳарчаси Ҳудудий кенгаши раиси Ҳожиохун Ҳожиматов.

Ўш шаҳар мэриясининг Турон шаҳарчасидаги вакили жаноб Ҳожиматовнинг сўзлари унинг ҳамшаҳри Содиқжон ҳожига таскин беролмайдиган кўринади.

Ярага туз сепаётган расмийлар

Ҳожининг фикрича, Қирғизистон расмийларининг баёнотлари қирғизистонлик ўзбекларнинг мамлакатдан чиқиб кетишини тўхтатиш ўрнига, аксинча, бу жараённинг янада кучайишига хизмат қилмоқда.

- Кечқурун телевидениедан Қирғизистондан сайланган комиссиянинг раиси Эркабоев Абдуғани чиқиб (Абдуғани Эркабоев – Муваққат ҳукумат аъзоси, Июн воқеаларини ўрганиш бўйича давлат комиссияси раиси)¸ “Биз Жалолобод ва Ўшга бориб текширдик. Бу иш жалолободлик Қодир Ботиров бошлаган ишни текшириб ҳақиқатан (тартибсизликларни) ўзбеклар бошлаган экан¸ қирғизларнинг жавоби шундай бўлди” деб қўйди.

Озодлик: Сиз нима деб ўйлайсиз?

- Қанақасига бу¸ агар Қодир талаб қилган бўлса (Қодиржон Ботиров – Республика Ўзбек миллий маркази вице-президенти, май ойида Жалолободда ўтказилган митингларда ўзбекларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан эди)¸ тўртта вопросни талаб қилган бўлса¸ давлат отказ қилиб “Йўқ бўлмайди” деб қўйса бўлдику. Қодир битта қирғизнинг уйига ўт қўйдими ë битта одамни ўлдирдими? Ҳаммасини отиб солдию бу солдатлар. Бу давлатнинг солдати бўлса¸ давлатнинг милицияси бўлса¸ бизнинг одамларимизнинг кўпини отдию. 3000га яқин уйга ўт қўйдию. Давлатнинг одами шунақа дейдими? Комиссиянинг раиси бўлса¸ дейди Содиқжон ҳожи.

Содиқжон ҳожи ўртага ташлаган бу саволга, афсуски, жавоб йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG