Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:24

Тожикистонликлар рус энергетикларига ишонади


"Зеркало" тадқиқотларига кўра, тожикистонликларнинг аксарияти Россиянинг бундан буён ҳам Тожикистонда Сангтўда-1 каби мамлакат иқтисодиёти учун ўта аҳамиятли гидроиншоотлар қурилишида иштирок этишини истайди.
"Зеркало" тадқиқотларига кўра, тожикистонликларнинг аксарияти Россиянинг бундан буён ҳам Тожикистонда Сангтўда-1 каби мамлакат иқтисодиёти учун ўта аҳамиятли гидроиншоотлар қурилишида иштирок этишини истайди.

Душанбе шаҳрида “Зеркало” ижтимоий тадқиқот маркази томонидан сўралган тожикистонликларнинг 90 фоизи Россиянинг Тожикистондаги йирик энергетик иншоотлар, жумладан, Роғун қурилишида қатнашиши тарафдори эканини билдирганлар.

Тожикистондаги “Зеркало” ижтимоий тадқиқот хусусий маркази раиси Қаҳрамон Бақозоданинг маълум қилишича, экспертлар Душанбенинг 60 га яқин кўчасида турли касб эгалари бўлган 600 нафар ёшу қарининг Россия ва Тожикистон ўртасидаги энергетик ҳамкорликка доир фикрини ўрганган. Уларнинг тахминан 53 фоизи ёшлар экан.

- Сўровлар натижасида тожикистонликларнинг 90 фоизи Россия Тожикистоннинг йирик гидроиншоотлари қурилишида бевосита қатнашиши тарафдори экани маълум бўлди. Биз уларнинг 20-30 фоизини тадқиқот методологияси юзасидан мониторинг қилиб кўрдик. Яъни биз тўплаган маълумотлар ишончлилигига кафолат берамиз, дея билдирди “Зеркало” ижтимоий тадқиқот марказ раиси Бақозода.

Унинг айтишича, тадқиқот натижасига кўра сўралганларнинг 93 фоиз рус энергетикларидаги профессионалликни юқори баҳолаган, 86 фоизи эса руслар томонидан қуриб ишга туширилган Сангтўда-1 ГЭСи Тожикистон иқтисодиёти учун ўта аҳамиятлилигини таъкидлаган.

Бақозодага кўра, сўровда қатнашганлар Сангтўда-1 сингари қўшма лойиҳалар келгусида ҳам давом эттирилиши Тожикистон манфаатига мувофиқ келишини айтганлар.

Мазкур тадқиқот натижаларининг эълон қилиниши Тожикистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий алоқалар совуқлашган бир пайтга тўғри келди.

Гарчи “Зеркало” сўровларида қатнашган тожикистонликларнинг катта қисми Россия Тожикистондаги энергетик лойиҳалар, хусусан, Роғун қурилишида асосий ижрочи бўлиб қолиши тарафдори бўлсалар-да, расмий Душанбенинг бу йўналишда ўз режаси бор.

Кузатувчиларнинг таъкидича, Тожикистон учун ҳаёт-мамот масаласи саналмиш Роғун ГЭС лойиҳасини руслар 90-йиллар бошида ўз режасига киритган эди.

Бироқ ГЭС тўғони баландлиги масаласида Ўзбекистонни дастаклаган Россия расмий Душанбенинг ишончидан чиқди ва мазкур гидроиншоот қурилиши борасида Тожикистон билан шартнома имзолаган Олег Дерипаско бошлиқ “Русал” ширкати 2007 йили бу мамлакатдан қувилди. Шундан сўнг Тожикистон бу гидроиншоотни ўз кучи билан қуришга киришди.

Аснода бу чигалликлар ортидан Россиянинг энергетика жабҳасида Тожикистон билан ҳамкорликни давом эттириши илинжида бўлган оддий тожикистонликларнинг умидлари саробга айланаётгани кузатилади.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Сайфулло Сафаров мулоҳазасича, аҳолининг русларга ишончи тарихий ва ижтимоий асосга эга, улар миллий манфаатлар ва воқеликдан йироқ.

- Шўро замонлари билан қиёслаганда ҳозир муносабатларимизда фарқ жуда катта. Энг аввало, Россия билан бизнинг манфаатларимиз бир- бирига тўғри келмайди. Улар ўз манфаатларини кўзлашади, биз эса ўзимизникини. Шунга қарамай, Тожикистон Россия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилади. Албатта фуқаролар фикрини, ишончини ҳурмат қилиш керак, аммо бошқа воқеликлар мавжудки, уларни ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди, дейди Сайфулло Сафаров.

У Сангтўда-1 ГЭСини мисол тариқасида келтирар экан, ҳозирда тўла фаолият кўрсатаётган мазкур ГЭС Россия фойдасига ишлаётганини, чунки унинг 75 фоиз акцияси руслар қўлида эканини билдирди.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Тожикистон бу гидроиншоотдан 27 миллион АҚШ доллари миқдорида қарздор бўлиб қолган.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар Тожикистонга тегишли юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида сабабсиз ушланиб қолаётганида “Москванинг узун қўли бор”лигини тахмин қилиб келишади. Уларга кўра, Кремл шу йўл билан Роғун акциясининг асосий фоизи ва Айний ҳарбий аэродромини қўлга киритишга уринмоқда.

Бироқ Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси расмийлари бу фикрлар хато эканини таъкидлашади.

- Тожик халқи ишончи, ҳатто ўтказилган тадқиқотлар натижаларидан маълум бўладики, икки давлат раҳбарлари, ҳукуматлар тўғри сиёсат олиб бормоқда. Яъни аҳоли бу сиёсатни қувватлайди. Шу нуқтаи назардан ҳамкорлигимиз қандай бўлса, шундай давом этаверади. Муносабатларимиз яхши, дея билдирди Россиянинг Душанбедаги элчихонаси матбуот бошлиғи Алексей Степанов.

Аснода соҳа бўйича кузатувчилар Сангтўда-1 ГЭСи қурилиши ниҳоясига етгандан буён Россия томони Тожикистоннинг энергетика соҳасига сармоя ётқизишни нисбатан камайтирганини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG