Линклар

logo-print

Ўш мэрини ҳибсга олиб, лавозимидан олишга ҳаракат қилинди


Мирзақматовнинг ҳозир қаердалиги номаълум.

Мирзақматовнинг ҳозир қаердалиги номаълум.

Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзакматовни Бишкекда қамоққа олиш ва ўз лавозимидан бўшатиш ҳаракатлари бўлгани ҳақидаги хабарлар 19 август куни Қирғизистондаги сиёсий вазиятни янада мураккаблаштирди. Айни пайтда қаерда экани номаълумлигича қолаётган Мирзакматовнинг 1500га яқин тарафдори Ўш шаҳар мэрияси олдида намойишга йиғилди.


Қирғизистон Омбудсменининг Ўшдаги вакили Назариддин Бакировнинг маълум қилишича, шаҳар мэрияси олдига тўпланган Мелис Мирзакматов тарафдорлари сони ошиб бормоқда ва ҳозир 1500га яқинлашган. Улар Мелис Мирзакматов ишончли одамлар орқали ўзининг соғ-саломат экани ва ҳали ҳам мэр лавозимида қолаётганини тасдиқлашни талаб қилмоқдалар.

Ўшдан олинган маълумотларга кўра, акс ҳолда норозилар мэрия биноси, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўшдаги ваколатхонасини босиб олиш ҳамда Роза Ўтунбаева истеъфосини талаб қилиш билан таҳдид қилганлар.

Сўнгги хабарларга кўра, норозилар Мелис Мирзакматов ҳимоясига қўмита ташкил қилганлар. Мэр тарафдорлари тушдан сўнг ҳокимият биносини босиб олишга ҳаракат қилганлари айтилмоқда. Бироқ милиция ва ҳарбийлар бинонинг босиб олинишига йўл қўймаганлар.

Ўш мэриясидан олинган хабарда айтилишича, шаҳарда “Мелис Мирзакматов Бишкекда қамоққа олинибди ва мэрликдан бўшатилибди”, деган миш-мишлар тарқаган. Мэр тарафдорлари мана шу миш-мишларни эшитиб йиғила бошлаганлар. Мэрия ходимларига кўра, айни пайтда Мелис Мирзакматов Бишкекда ўтаётган ҳукумат йиғилишида иштирок этаётир.



Бошқа бир маълумотда эса Ўш вице мэри Таалай Собиров Мелис Мирзакматов ҳукумат аъзолари билан музокаралар ўтказаётгани ва кечга яқин Ўшга қайтиши ҳақида гапиргани айтилади. Бироқ шаҳар мэри ҳукумат аъзолари билан қандай масалада музокара ўтказаётгани очиқланмаган.

Бундан аввалроқ Москвада нашр этиладиган “Коммерсантъ” газетасида Мелис Мирзакматов билан интервью чоп қилинган эди. Бу интервьюда Ўш шаҳар мэри ҳукумат қарорларини тан олмаслигини айтган.

Шундан сўнг айни пайтда Қирғизистондаги нуфузли сиёсатчилардан бирига айланган “Айкўл эл” партияси раҳбари Эдил Байсалов Мелис Мирзакматовни лавозимидан бўшатиш шартлиги ва у Ўшдаги воқеаларнинг асосий айбдори сифатида жавобгарликка тортилиши шартлиги ҳақида баёнот тарқатган.

Қирғизистон ҳукумати расмийлари ҳозирча Мелис Мирзакматов масаласида сукут сақламоқдалар. Бу борда берилаётган биронта хабар ҳукумат томонидан тасдиқлангани ҳам, рад этилгани ҳам йук.

Айтиб ўтиш лозимки, Ўш қирғинининг асосий айбдорларидан бири сифатида Мелис Мирзакматовнинг номи ҳам айтиб келинади. Унинг собиқ ўринбосарларидан икки нафари Ўш қирғинига бевосита Мирзакматов бошқарувчилик қилгани ҳақида баёнотлар беришган.

Мавзу тафсилотлари билан кукн давомида таништириб борамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG