Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:23

Ўзбекистон фуқароси АҚШда одам савдоси билан шуғулланганини тан олди


Ўзбекистон фуқароси бўйнига олган айбловлар орасида хориж фуқароларини АҚШга ноқонуний йўл билан олиб кириш айби ҳам бор.
Ўзбекистон фуқароси бўйнига олган айбловлар орасида хориж фуқароларини АҚШга ноқонуний йўл билан олиб кириш айби ҳам бор.

АҚШ маҳкамасида Ўзбекистон фуқароси одам савдоси, босқинчилик ва иммиграция қонунларини қўпол равишда бузиш каби, жиноятларда айбдор деб топилди. Бу ҳақда АҚШнинг Миссури штати Ғарбий Округи прокурори эълон қилди.


Прокурорга кўра, Канзас шаҳрида истиқомат қилган 45 яшар Илҳом Фозилов мамлакатнинг камида 14 штатда одам савдоси билан шуғулланган жиноий тўдага алоқадорликда ҳам айбдор деб топилган.

Прокурорнинг айтишича, Фозилов 2007 йилнинг декабр ойидан 2009 йилнинг май ойига қадар мазкур жиноий гуруҳнинг ноқонуний ҳаракатларида иштирок этганини расман тан олган. Фозиловга 20 йиллик қамоқ жазоси ҳамда 250 минг доллар жарима тайинланиши мумкин.

АҚШ маҳкамаси жорий йил бошида Ўзбекистонинг яна икки фуқароси Жаҳонгир Қаҳҳоров ва Абдуқаҳҳор Азизхўжаев ҳамда Молдова фуқароси Александру Фрумусашени ҳам одам савдоси¸ босқинчилик¸ иммиграция қонунларини қўпол равишда бузиш ва уюшган жиноий гуруҳга аъзоликда айбдор, деб топган эди.

Ўтган йилнинг май ойида мазкур жиноий гуруҳга алоқадорликда гумон қилиниб Ўзбекистоннинг жами саккиз нафар фуқароси қўлга олинган эди.

АҚШ расмийларига кўра, Канзас штатининг Мишшин шаҳрида яшаб келган 30 яшар Аброрхўжа Асқархўжаев¸ 22 яшар Нодир Юнусов¸ 21 яшар Рустамжон Шукуров¸ Канзас шаҳрида яшовчи 44 яшар Илҳом Фозилов¸ 27 яшар Нодирбек Абдуллаев¸ Панама шаҳрида яшовчи 49 яшар Абдуқаҳҳор Азизхўжаев ва яқинда АҚШни тарк этган 27 яшар Санжар Аъзамов ва 29 яшар Жаҳонгир Қаҳҳоровлар бир молдовалик ва уч америкалик шериклари иштирокида одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ ташкил этган.

Канзас штатининг Мишшин шаҳрида рўйхатдан ўтган¸ Аброрхўжа Асқархўжаев таъсисчиси ва хўжайини бўлган Giant Labor Solutions LLC ҳамда Crystal Management Inc ширкатлари, шунингдек Канзас штатининг Овелэнд Парк шаҳрида жойлашган Five Star Cleaning LLC ширкатининг 10 нафар ходими мазкур айбловлар асосида қамоққа олинган ва судга тортилган.

Прокурорлар ҳозирлаган айбловга кўра¸ уч ширкатни бирлаштирган жиноий гуруҳга Аброрхўжа Асқархўжаев асос солган ва 2001 йилдан бери асосан одам савдоси билан боғлиқ жиноий ҳаракатларни амалага ошириб келган.

Босқинчилик ва рэкет, деб баҳоланган жиноятлар орасида ноқонуний меҳнат муҳожирларини АҚШ ҳудудига олиб кириш¸ бировларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаш¸ ноқонуний муҳожирларни яшириш¸ мактуб ва ҳужжатларни сохталаштириш¸ пул ювиш¸ қалбаки виза ҳозирлаш¸ таъмагирлик каби жиноятлар бор.

Айбловда айтилишича¸ Азизхўжаевга қарашли бўлган Giant Labor Solutions LLC АҚШ нин 14 штатидаги меҳмонхоналар¸ казино ва қурилиш ширкатлари билан алдов асосида тузилган келишувларга кўра¸ жиноий гуруҳ бу ширкатларни ишчи кучи билан таъминлаш мажбуриятини олган.

Айни пайтда АҚШ Бош прокуратураси Ўзбекистон фуқаролари аъзо бўлган уюшган жиноий гуруҳ устидан тергов давом этаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG