Линклар

Бензин тополмасанг, "Қувайтга" бор!

  • Ҳурмат Бобожон

Бензин тақчиллиги навбатда турган машиналар сони қаторида, олибсотарлар сонини ҳам кўпайтирмоқда.

Бензин тақчиллиги навбатда турган машиналар сони қаторида, олибсотарлар сонини ҳам кўпайтирмоқда.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари қатори Хоразмда ҳам бензин тақчил. Автомобилига ёқилғи қуйиш учун ҳайдовчилар тонг саҳардан навбатга туришга мажбур. Лекин бензинни 1200 сўм нархда олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бундай ҳайдовчилар Ўзбекистон шаҳарларида чайқовчилар паккаси - "Қувайт"га боришга мажбур.


Ўзбекистон вилоятларида бензин тақчиллиги ҳайдовчиларни олибсотарларга мурожаат этишга мажбур қилмоқда. Бензин чайқовчилари, асосан, халқ орасида "Қувайт" номини олган ҳудудда иш олиб боришади. Урганчнинг "Қувайт"ида ҳам бензин савдоси авжида.

- Қўлда 3000-3500 сўмдан сотяпмиз. Заправкада 1200 сўм. Халқ 3500 сўмдан олишга мажбур. Мана ҳозир 15 литр бензиним бор эди, сотдим. 1200 сўмдан олиб, 3000 сўмдан бериб юбордим,- дейди кўчада бензин сотаётган Мунис.

Заправкаларда эса бензин учун навбат километрлаб чўзилган. Ёнилғи литрини 1200 сўмдан олиш учун 100-200 машина ортидан туришга тўғри келади. Навбати келганларга 10 литрдан ортиқ бензин берилмайди.

- Халққа 10 литрдан бериб, қолганини ўзлари ўғринча, халқдан беркитиб сотишяпти. 10 литрдан беради. 300 машина навбатда турган бўлса, 200 машинага етади, 100 тасига етмайди. Халқ уч-тўрт кундан буён заправкада ётибди,- дейди Мунис.

Айтилишича, ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида навбат кутиб ётганларнинг кўпчилиги олибсотарлар. Улар тунни кунга боғлаб, заправкада навбат кутиш билан ўтказишади, навбати келганда бензинни ўз нархида олиб, яна навбатга туришади.

- Навбатга айланиб икки-уч марта киришади. 10 литрдан олишади. Энди бу 10 литр бензинни олиш учун 100-200 одам кетидан туриш керак. Навбатнинг бошида ҳаммаси ўзларининг таниш-билишлари, бензин олибсотарлари. Заправкачининг таниш-билишлари. Бизга 10 литр берса, бошқа таниш-билишларига, яширинча 20-30 литрдан беради. Лекин, бизга, халққа бензин йўқ дейди. Ичкарида эса бензин бор. Буларни бир текширадиган одам бўлса, текширса, яхши бўлар эди. Халққа бензин етмай ётибди. Буларнинг 90 фоизи олибсотар.

Олибсотарлар иккита-учта мотори йўқ машиналарни олиб келиб ташлашади. Кейин бу машиналарни қўли билан итариб навбатга туришади. Кейин бензин олишади ва бу бензинни канистрга бўшатиб, яна айланиб навбатга кириб туришади. Бир олибсотарда уч-тўрттадан мотори йўқ машина бор,- дейди Мунис.

Хоразмлик ҳайдовчи Матёқуб ака ҳам бензин ёқилғи қуйиш шаҳобчалари орқали чекланган миқдорда савдога чиқарилиб, қолгани чайқовчилар қўлига ўтиб кетяпти, дейди.

- Заправкага 5 тонна бензин келса, бир ё икки тоннасини олибсотарларга сотади. Заправкачилар бундан навар қилади. Нархи 1200 сўм бўлган бензин 2500 сўмдан кўтарасига кетиши кафолатланган. Бир тонна бензин сотса, қанча фойда қиляпти, тасаввур қиляпсизми,- дейди Матёқуб ака.

Автомобилига бензин қуйиш учун келган оддий одамларнинг сабри чидаганлари кутади, сабрсизлари эса навбатни кўриб қайтиб кетишади ва олибсотарларга мурожаат этишга мажбур бўлишади. Вилоят расмийлари бензин чайқовчилиги борлигини рад этишсада, кўча-кўйда бензин савдоси авжида.

Урганч шаҳридаги Маърифатчилар кўчасини оддий халқ "Қувайт", деб атайди ва бу маҳалладаги деярли ҳар бир хонадонда бензин сотилади.

- Заправкада бензин бўлмаса, "Қувайт"да бензин доим бор. Баклашкада, қўлда сотилади, лекин нархи икки-уч баробар қиммат, дейди Мунис.

Айни пайтда Хоразм вилояти кўчаларида машиналар сони камайганини кузатиш мумкин. Бензин тақчиллиги сабаб таксичилар ҳам киракашликни йиғиштириб, бензин чайқовчилигига ўтган.

- Бензин олиб сотишдан тушган фойдани таксичилик қилиб топиша олмайди улар. Таксичилик қилмаса, машина ҳам дам олади. Ҳамма ҳозир бензин савдосига урди ўзини, охири бахайр бўлсин ишқилиб,- дейди Мунис.

Хоразмга бензинни Тошкентдан олиб келиб, сотаётганлар ҳам бор. Сабаби, вилоятлардан фарқли пойтахт Тошкентдаги бензин қуйиш шаҳобчаларида ёқилғини белгиланган нархда топиш мумкин. Яқинда юк машинасида Тошкентдан катта миқдорда бензин олиб келаётган ҳайдовчилар қўлга тушгани ҳақда гапиради хоразмлик Матёқуб ака.

- Хоразмнинг КамАЗларини ушлашди. Биттаси 300 литр, яна биттаси 800 литр бензин олиб келаётган экан. Тўхтатилганида "Ўзимнинг машинамга қуйиш учун олиб кетяпман", деб айтган. "800 литрни қуясанми?", деса, ҳалиги ҳайдовчи "Хоразмда бензин йўқ. Танишларимга бермоқчиман", деган. Энди унга бензинни машинада ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаган ҳолда олиб кетаётгани айтилди. У бензинни 80-100 литрлик пластик канистрларда олиб кетаётган экан. Хавфлику,- дейди Матёқуб ака.

Бензин тақчиллиги сабабларини Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳам, Хоразм "Нефтбаза"си идораси расмийлари ҳам тушунтириб бера олишмади.

- Нефтбаза бензинни заправкага чиқаради. Кунора чиқиб турибди. Бензин тақчиллигининг сабабини билиш учун вилоят ҳокимига чиқасизда,- деди Хоразм "Нефтбаза"си идораси расмийси.

Вилоят ҳокими билан боғланиш уринишларимиз эса бесамар бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG