Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:50

АҚШ жанговар қўшинлари Ироқни тарк этди


АҚШ жанговар қўшинлари Ироқни тарк этмоқда.
АҚШ жанговар қўшинлари Ироқни тарк этмоқда.

АҚШнинг жанговар қўшинларининг сўнгги бригадаси президент Обама жорий ой якунига қадар Ироқдаги ҳарбий амалиётларни тугатишни ваъдасини бажариш доирасида мамлакатни тарк этди. Айни пайтда АҚШнинг минглаб қўшинлари Ироқнинг турли вилоятларида қолади ва маҳаллий қўшинлар малакасини оширишга кўмаклашади.


АҚШ Президенти Барак Обаманинг жорий ой якунига қадар Ироқдаги ҳарбий амалиётларни тўхтатиш ваъдасини бажаришда навбатдаги қадам ўлароқ, Американинг сўнги жанговар бригадаси Ироқ ҳудудини тарк қилди.

АҚШнинг 4-ҳужумчи бригадаси матбуот вакили капитан Кристофер Опҳардт америкалик аскарларнинг сўнги гуруҳи 19 август куни эрта тонгда Ироқ чегарасидан Қувайтга ўтганини билдирди.

MSNBC телеканали 4-Ҳужумчи бригадасининг охирги аскарлари Ироқни тарк этиб, Қувайт ҳудудига ўтганини тасвирловчи лавҳани намойиш қилди.

Бироқ ҳозирча Ироқ ҳудудида АҚШнинг оз сонли ҳарбийлари қолмоқда ва Оқ уй расмийларидан бири Рейтерс агентлигига Ироқдаги ҳарбий амалиётлар тўхтатилганига оид айрим ахборот агентликларида пайдо бўлган хабарларни ҳақиқатдан йироқ эканини айтди. АҚШ расмийси мамлакат ҳарбийларининг “Ироқни озод қилиш” миссияси шу ой охиригача давом этишини алоҳида таъкидлади.

Ҳозир Ироқда АҚШнинг камида 56 минг нафар аскари қолмоқда. 1 сентябрга қадар уларнинг 50 минг мамлакатда қолади ва жанговар амалиётларда иштирок этмайди. Уларнинг асосий вазифаси Ироқ кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва маслаҳат беришдан иборат бўлади.

Пентагон расмийларига кўра, АҚШ ҳарбийлари Ироқ расмийлари илтимосига кўра, маҳаллий хавфсизлик кучларининг турли амалиётларида иштирок этиши ҳам мумкин. Бундан ташқари АҚШнинг махсус бўлинмалари ироқликларга террорчиларни таъқиб қилишда ҳам кўмаклашади.

АҚШнинг қолган ҳарбийларини ҳам 2011 йилнинг декабр ойида Ироқдан олиб чиқиш режаланган.

АҚШ қўшинлари 2003 йилнинг март ойида Ироққа бостириб кирган эди. Ўшандан бери Ироқдаги жанглар ва зўравонликларда АҚШнинг жами 4419 нафар аскари нобуд бўлди.

Ироқдаги тинч аҳоли орасидаги талафотларни ҳисоблаб бораётган Бағдоддаги махсус қўмита АҚШ қўшинлари Ироққа бостириб кирган 2003 йилдан буён мамлакатда 100 мингга яқин ироқлик нобуд бўлганини маълум қилди.

Яқин кунларда Ироқдаги АҚШ элчиси лавозимидан истеъфога кетаётган Кристофер Хилл 17 август куни Вашингтондаги Тинчлик институтида қилган чиқишида Ироқдаги вазият яхшиланаётганини айтди:

- Жуда мураккаб ва тўла қониқарли даражада, деб айтиб бўлмайдиган хавфсизлик вазияти яхшиланишда давом этади. Ироқ кучлари хавфсизлик муаммоларини ўзлари ҳал қилишга қодир. Улар муаммоларга дуч келади, хатоликларга йўл қўяди. Биз ҳам хавфсизликни таъминлашда хатоларни қилганмиз. Улар ҳам биз каби ўз хатоларидан хулоса қилиб, ўрганишади. Менимча, Ироқда хавфсизлик вазияти босқичма-босқич яхшиланиб боришига гувоҳ бўламиз,- деди Кристофер Хилл.

АҚШ элчисининг бу баёнотида бир неча соат аввал эса, Ироқда рўй берган портлаш ва ҳужумлар оқибатида ҳукумат идораларининг беш нафар ходими нобуд бўлди. Сешанба куни Бағдодда содир этилган портлашда камида 60 киши ҳалок бўлди.

Бундан ташқари мамлакатда парламент сайловлари март ойида ўтказилганига қарамай Ироқнинг иккита йирик сиёсий блоки ҳануз коалицион ҳукумат тузиш борасида ҳеч қандай келишувга эриша олгани йўқ.

Бугун Ироқда давом этаётаётган зўравонлик ва сиёсий бошбошдоқлик эса, АҚШ қўшинлари чиқиб кетгач сақланиб қоладиган мавҳумликнинг аниқ ишорасидир.
XS
SM
MD
LG