Линклар

logo-print

Қорасувда Дилшод Мўминов оқланди, лекин озодликка чиқарилмади


Июн ойидаги воқеаларда Дилшод Мўминовнинг ҳам кафе ва дўконларига ўт қўйилган эди.

Июн ойидаги воқеаларда Дилшод Мўминовнинг ҳам кафе ва дўконларига ўт қўйилган эди.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов Қорасув туман судида 19 август куни суд қарори билан оқланди. 13 июлдан буён ҳибсда сақланаётган депутат Мўминов оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланаётган эди.


19 август куни тушдан сўнг Қорасув туман судида ёпиқ тарзда ўтган судда Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов оқланди.

Унинг адвокати Татьяна Томина Мўминовга қўйилган барча айблар олиб ташланиб, оқлов ҳукми чиқарилди, дея маълум қилди Озодликка:


-Оқлашди. Суд раиси "суд залидан озод қилинсин", деди. Бироқ прокурор жазо сўрагани боис яна 10 кун ҳибсхонада ушлаб турилади. Чунки Қирғизистон Олий суди уни қўйиб юбормаслик ҳақида кўрсатма берган. Прокурор 4 йил сўраган эди,- дейди Дилшод Мўминовнинг ҳимоячиси Татьяна Томина.

Мазкур иш бўйича маҳкама дастлаб 13 августга белгиланган, лекин Қорасув туман судида рўй берган бир воқеа сабаб қолдирилган эди. Бу воқеа гувоҳиларидан бири гапиради:

- Биринчи судни қилдиришмади. Қирғизлар кириб, зални эгаллаб олишиб, судни бузиб юборишган ўтган жума куни. “Қамаб берасан”, дейишаяпти, “ўлдирамиз, чиқсанг ҳам яшатмаймиз сени”, деб. Ўзимиз ҳам кирган эдик, очиқ суд бўлган эди. Суд бузилиб кетаверди, охири тўхтатиб қўйган эди,- дейди Қорасув туман судида бўлган воқеа гувоҳларидан бири.

Қорасув туман ҳокими Байиш Юсупов суд ҳукми чиқишидан олдин Дилшод Мўминов иши бўйича буларни айтган эди:


- Суд маҳкамаси давом этаяпти, ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Дилшод Мўминов 11-14 июн куни бўлган мудҳиш воқеаларга алоқаси борлиги, текширув пайтида уйидан қурол топилгани ва шу қурол билан одамлар ўлдирилгани каби, айбловлар қўйилмоқда,- деган эди суд давом этаётган пайтда Қорасув туман хокими Байиш Юсупов.

Дилшод Мўминовга дастлаб қуролланган гуруҳни ташкил этганлик бўйича айблов қўйилган. Кейинчалик уни оммавий тартибсизликларда қатнашганликда айблашган. Унга қўйилган айбловлар орасида ов милтиғини сақлашда лоқайдлик қилиш кабилар ҳам бор, дейди унинг адвокати. Аммо, дея қўшимча қилади Томина, бу айбловларнинг бирортаси исботланмаган. Ҳимоячи Дилшод Мўминовни гаров эвазига озод қилишга ҳам ҳаракат қилган.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов 1969 йилда туғилган. Ўш шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланган Мўминовнинг “Гулноза” ҳамда “Қашқар” номли кафелари бўлган. Бу иншоотлар Ўш қирғини бошланган пайтда талон-тарож қилиниб, ёқиб юборилган. Бундан ташқари, депутатнинг автомашинаси ҳам ёқиб юборилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG