Линклар

logo-print

Ультрамиллатчилик Қирғизистондаги янги модами?

  • Сарвар Усмон

Ҳақиқатчи Ақуннинг баёнотидан кейин "ОБОН"чилар ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасуловани калтаклади.

Ҳақиқатчи Ақуннинг баёнотидан кейин "ОБОН"чилар ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасуловани калтаклади.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, "Қилим шами" нодавлат ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасуловани 18 август куни Ўшда бир гуруҳ қирғиз аёллар тутиб олиб урди. Унинг калтакланишига Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Ақуннинг бир кун аввал мамлакат ТВси орқали қилган баёноти сабаб бўлди.


Ҳақиқатчи Турсунбек Ақун ("Ҳақиқатчи" – Қирғизистон Омбудсманининг расмий номи) 17 август оқшомида Давлат Телевидениесида қилган чиқиши чоғида бир қатор маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини июн воқеалари давомида бир ёқлама ахборот тарқатганликда айблади.

Эртасига – 18 август куни - июн воқеаларидан буён Ўш шаҳар мэрияси олдида тикилган ўтовларда кун ўтказаётган, яқинларининг бедарак йўқолганини даъво қилаётган аёллар Абдурасуловани сотқинликда айблаб калтаклади.

Абдурасулова хонимнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, уни калтаклаган хотинларни Омбудсманнинг бир кун илгари қилган туҳмати жунбушга келтирган.

- Омбудсман ТВдан чиқиш қилиши биланоқ таҳдид тўла телефон қўнғироқлари бўла бошлади. Эжа, эҳтиёт бўлинг, сиз тўғрингизда ёмон миш-мишлар кўпайиб кетаяпти, деган огоҳлантиришлар ҳам бўлди. Бугун эрталаб мэрия биносига кириб кетаётганимда 50-60 аёл менга қўл кўтарди. "Турсунбек Ақун сенинг қирғизни ёмонлаб пул топаётганингини айтди", дейишиб, ўртага олиб савалашди, деди Азиза Абдурасулова.

Маълум бўлишича, Абдурасулова хонимни хотинлар икки соат ушлаб турган.

Озодлик мухбири Турсунбек Ақун билан ҳам гаплашди.

Унинг айтишича, Абдурасулова тўғрисида телевидениеда гапирар экан, унинг хавфсизлигига таҳдид туғдириш нияти бўлмаган.

Лекин, айни пайтда, Ҳақиқатчи июн воқеалари кунлари ва ундан кейин "баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш чоғида холис бўлмаган", деган фикрини яна такрорлади.

- Халқаро ташкилот вакилларини кутиб олиб ёнида юрганларини, уларни миллати ўзбек фуқаролар жабрланган ҳудудларгагина олиб борганларини ўз кўзим билан кўрганман. Керак бўлса, гувоҳларим ҳам бор. Мен уларни ёмонлаганим йўқ. Бир ёқлама мълумот берган ҳолатларини айтиб, халқаро ташкилотларга холис информация беришса, яхши бўларди, дедим холос. Қирғизлар йиртқичлик қилди, армия қуролларни уларга бериб қўйиб қирғин қилди, деганга ўхшаш маълумотларини айтганман. Унгача воқеа қандай бошланганини, кимлар биринчи бўлиб йиртқичлик қилганини кўрсатувчи далиллар ҳам етарли. Негадир бу ҳақда индашмаган, дейди Турсунбек Ақун.

Азиза Абдурасулованинг фикрича, Ҳақиқатчининг бундай гаплари унга қарши қасддан қилинган ҳаракат бўлиб, у ўз амалини сақлаб қолиш мақсадида бошқаларни ёмонотлиқ қилишга уринмоқда.

Шу ўринда Қирғизистон Омбудсманининг Озодлик мухбири саволларига бундан икки ярим ой муқаддам берган жавоблари ёдга тушадики, ўшанда айтганларини эслаб, Ақуннинг баёнотларида изчиллик йўқлигини илғамай иложингиз йўқ.

7 июл куни Турсунбек Ақун Жалолободдаги ҳибсхонада 39 киши сақланаётгани, уларнинг 80 фоизи ўзбеклар, 20 фоизигина қирғизлар эканлиги, Бозорқўрғондаги ҳибсхонада сақланаётган 22 кишининг 21 нафари ўзбек экани тўғрисида баёнот берган эди.

Ўша баёнот қилинган куннинг эртасига Озодлик мухбири Ақун билан суҳбатлашган ва жумладан мана бу саволни берган эди:

Озодлик: Жаноб Ақун, мана ўзингиз жабр кўрганларнинг кўпчилиги ўзбеклардир, деяпсиз. Бас, шундай экан, нима учун "зачистка"лар ҳужум қилганлар яшайдиган чекка овул-қишлоқларда эмас, аксинча, ҳужумлар қурбонлари бўлганларнинг маҳаллаларида ўтказилаяпти?

- Бу масала ҳам очиқлигича қолмоқда. Сиз айтаётган гапнинг асослари ўта кучли. Сиз айтаётган жойларни ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кўздан кечирмоқда. Лекин бу етарли эмас. Улар асосан, маҳаллаларда юрибди. Тўғри айтасиз, текширувни маҳаллаларда ҳам, овулларда ҳам – тенг ўтказиш керак. Олойда ҳам, Қорағулжада ҳам тинтувлар ўтказиш керак. Қирғиз йигитлар шу туманлардан келиб ўқ отдилар, ўлдирдилар, вайрон қилдилар. Бу ерларда ҳам текширув ўтказилаяптию лекин етарли эмас¸ деган эди Турсунбек Ақун.

Мана шу гапни, яъни ҳақиқатни айтган Ҳақиқатчи орадан 2-2,5 ой ўтгач, ўзи қатори ҳақиқатни айтиб келган бошқа инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини хоинга чиқариб ўтиргани қизиқ?!

Ё Абдурасулова тўғри айтаяптими - Ақун чиндан ҳам амалини йўқотишдан чўчияптими?

Ёки шу кунда Қирғизистонда ультра-миллатчилик модага айланганми?

Азиза Абдурасулова Ҳақиқатчи Турсунбек Ақунни судга бермоқчи.

Абдурасулова калтакланишидан 2 кун олдин ОБОНчи хотинлар Ўшда миллати ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдуманноп Халиловни калтаклаган эди.

Июн воқеалари пайтида Ўшда бўлиб, миллат ажратмай фаолият юритган бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейқан Исмоилова таъқиб-тазйиқлардан қочиб, шу кунда мамлакатдан ташқарида жон сақламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG