Линклар

БМТ Покистон бўйича фавқулодда сессия ўтказди


БМТ Бош ассамблеясида сув тошқинларидан азият чекаётган Покистонга тезкор ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилди.

БМТ Бош ассамблеясида сув тошқинларидан азият чекаётган Покистонга тезкор ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилди.

БМТ мисли кўрилмаган сув тошқинларидан зарар кўрган Покистонга берилаётган гуманитар ёрдам ҳажмини кўпайтириш масаласига бағишланган фавқулодда мажлис ўтказди. БМТ Бош котиби Бан Ки Мун йиғилиш иштирокчиларини табиий офатдан жабрланган покистонликларга ажратилаётган ёрдам миқдорини кўпайтиришга чақирди.


АҚШ Покистонга қўшимча 60 миллион доллар маблағ ажратгани, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Саудия Арабистони ҳам қўшимча моддий ёрдам кўрсатишини ваъда қилганига қарамай, БМТ Бош котиби Покистон учун сўралган маблағнинг атиги ярми йиғилганини айтди.

Сессияда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам сўзлади:

- Президен Обама ва Америка халқи номидан мен ҳозирги бўҳрон пайтида ва ундан кейинги қайта тиклаш ишларида ҳам Покистонга ёрдам кўрсатиш ниятида эканимизни айтмоқчиман. Мен Покистон халқи, ушбу оғир дамларда АҚШ сизлар билан бирга эканини билишини истайман. Дарё сувлари кўтарилган ёки пасайган пайтда, далаларга экинларни қайта экаётган ва йўлларни қайта қураётган пайтингизда ҳам биз сиз билан биргамиз,- дея баён қилди АҚШ Давлат котиби.

Ундан аввал Клинтон хоним АҚШ Покистонга қўшимча 60 миллион долларлик ёрдам ажратиб, Қўшма Штатлар кўрсатаётган ёрдам ҳажми 150 миллион долларга етганини эълон қилган эди.

БМТ маълумотига кўра, Покистонда уч ҳафта давом этган сув тошқинлари оқибатида 4 миллиондан ортиқ одам бошпанасиз қолган.

Қарийиб 1600 одам нобуд бўлган. Шунингдек, табиий офатдан 20 миллионга яқин аҳоли зарар кўргани айтилмоқда.

БМТ Бош ассамблеясининг фавқулодда сессиясида сўзлаган Покистон Ташқи ишлар вазири Шох Маҳмуд Қурайший ўз мамлакати халқаро ёрдамга муҳтож эканини айтди.

- Халқаро ҳамжамият бизнинг халқимизга терроризм ва экстремизмга қарши курашда асосий таянч сифатида қарайди. Жаноб раис, энди бу халқ оғир дамларни бошидан кечираётган бир пайтда халқаро ҳамжамият томонидан худди шундай қатъийлик ва инсонийликни кутмоқда, деди Покистон Ташқи ишлар вазири.

Шох Маҳмуд Қурайший агар муҳтожлик пайтида ўз мамлакатига ёрдам кўрсатилмаса, бундан экстремистлар фойдаланиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

БМТ Бош котиби донор давлатларни берган ваъдасини бажаришга чақирди.

- Биз фавқулодда ёрдам кўрсатиш учун келаси уч ой ичида 460 миллион доллар ажратишни сўрадик. Муҳим донорлар саҳовати туфайли биз бу маблағнинг ярмидан кўпроғини - 60 фоизини тўпладик. Сўралган маблағнинг ҳаммаси керак ва у ҳозир керак. Бугун берилган ваъдалар амалда бажарилиши керак. Агар ваъдалар бажарилса, офат юз берган минтақада вазият ижобий томонга ўзгаради,- деди БМТ Бош котиби.

Осиё тараққиёт банки қайта қуриш ишлари учун мўлжалланган ҳозирги ва келажак учун мўлжалланган 3 миллиард долларлик қарз дарҳол берилишини ваъда қилди. Саудия Арабистони 80 миллион доллар беришни ваъда қилди. Бу билан Саудия Покистонга энг кўп ёрдам ажратаётган иккинчи давлат бўлди. Айтилганидек, АҚШ Покистонга аллақачон 150 миллион доллар ажратишини эълон қилган.

Покистонга 50 миллион доллар берган Европа Иттифоқи яна қўшимач 38 миллион доллар ажратишни ваъда қилди.

Айни пайтда Ўзбекистон раҳбари Покистонга ҳамдардлик билдирди. Ислом Каримов мисли кўрилмаган сув тошқинлари юз берган Покистон билан бирдам эканини билдирди, дея хабар қилди Покистондаги “Dailymailnews.com” интернет нашри.

"Покистонда кенг кўламда содир бўлган сув тошқинлари оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани ва бошпанасиз қолгани ўта мунгли ва қайғулидир. Шундай оғир дамларда мен сув тошқини қурбонларига ўз таъзиям, ҳамдардлигим ва улар билан бирдам эканимни билдираман", дейилади Ўзбекистон президенти Ислом Каримов йўллаган таъзияномада.

Интернет нашри хабарида, 18 август куни Ўзбекистон ҳукумати ҳам Покистондаги сув тошқинларидан жабр кўрган аҳолига гуманитар ёрдам жўнатишга қарор қилгани билдирилган.

“Ёрдам юклари Ўзбекистоннинг Ил-76 русумидаги тарнспорт самолётида 2010 йил 21 август куни соат 14:50 дақиқа ўтгунга қадар Ўзбекистондан Покистонга етказилади. 300 минг АҚШ доллари қийматига тенг бўлган 40 тонналик гуманитар ёрдам юклари 12 кишига мўлжалланган чодирлар, кўрпа-тўшаклар, ичимлик суви, тиббий дорилар, ун, гуруч, чақалоқларга мўлжалланган овқатлар, катталар ва болалар учун кийим-кечаклардан иборат” дейилади Покистондаги “Dailymailnews.com” интернет нашри хабарида.
XS
SM
MD
LG