Линклар

Мирзақматов Ўш ҳокими лавозимидан кетмаслигини айтмоқда


Мирзақматов ўз лавозимини тарк этиш ниятида эмас.

Мирзақматов ўз лавозимини тарк этиш ниятида эмас.

Ўшда шаҳар мэри Мелис Мирзақматов икки кундан бери норозилик намойишини ўтказаётган тарафдорлар олдига чиқиб, лавозимидан кетиш ниятида эмаслигини баён қилди. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров ҳам Ўш мэри Мирзақматовни ёқлаб, у ўз лавозимида қолажагини ваъда қилди.


Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ҳокимият биноси олдига тўпланган намойишчиларга ўз лавозимида қолишини эълон қилди.

5000 га яқин тарафдори олдида чиқиш қилган Мирзақматов Ўш шаҳрида юзага келган ижтимоий муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди.

- Ҳозир Ўш шаҳри иситиш мавсумига тайёр эмас. Иссиқлик станцияларига бир грамм ҳам мазут олиб келинмаган, бундан ташқари июн ойида рўй берган этник тўқнашувлардан сўнг юзага чиққан бошқа муаммоларга ҳам ечим топишимиз лозим,- деди жумладан Мирзақматов.

24.kg сайти хабарига кўра, Ўш мэри мамлакат Бош вазири ўринбосари Амонкелди Муралиев фаолиятини кескин танқид қилган.
Мирзақматовнинг айтишича, давлат амалдори қонли тўқнашувлардан сўнг мамлакат жанубига бирор марта ҳам сафар қилмаган ва бу ердаги вазият билан қизиқмаган.

Намойишчилар олдида чиқиш қилган Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров ҳам Ўш мэри Мирзақматовни ҳеч ким ишдан бўшатмагани ва у ўз лавозимида ишлашни давом эттиришини маълум қилди.

Сўнги хабарларга кўра, шаҳар ҳокимияти биноси олдидаги намойиш тугаган ва оломон ўз уйларига тарқаб кетган.

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни Мелис Мирзақматов Бишкекка борганида уни ҳибсга олиб, лавозимидан четлатишга ҳаракат бўлган эди.

Шундан кейин Мирзақматов “Коммерсант” газетасига интервью бериб, ҳукуматни кескин танқид қилди ва унинг қарорлари мамлакат жанубида юридик кучга эга эмас, дея баёнот берди.

“Коммерсант” газетаси мухбирига берган интервьюсида кескин баёнотларни қилган Мирзақматов Ўш шаҳрида ўзи хўжайин эканига ишора қилиб, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти минтақага киритмоқчи бўлаётган халқаро полиция кучлари Ўшда исталмаган меҳмон бўлишини ҳам таъкидлади.

Суҳбат давомида Ўш халқи номидан гапирган Мирзақматов ЕХҲТни “Косово фожиаси”да айблаган ва Фарғона водийсида “Косово тажрибасининг қайтарилишига йўл қўймаслигини” таъкидлаган.

Ўзининг миллатчи эканини тан олган Мирзақматов, муваққат ҳукуматнинг қарорлари ўз назоратидаги шаҳар ва умуман жанубда юридик кучи йўқлигини гапира туриб, кимда ким Ўшга келиб “бизнинг қоидаларимизни бузадиган бўлса, кунини кўрсатамиз”, қабилидаги баёнотларни ҳам қилди ўзини Ўш шаҳри учун жавобгар, деб билган Мирзақматов.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўш ва Жалолободдаги хунрезликда ҳукумат кучлари ўзбекларни қирғин қилгани хулоса қилинган ҳисоботини ўқимаганини айтган Мирзақматов, “Ўзбеклар Қирғизистон суверенитетига тажовуз қилди. Биз уларга жавоб қайтардик”, дея иддао қилади “Коммерсант”га берган интервьюсида.

Мирзақматовни ҳисбга олиб, лавозимдан четлатишга ҳаракат қилинганига оид хабарлардан кейин Ўш шаҳар мэрияси олдига тўпланган намойишчилар жума куни эрталаб Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаеванинг истеъфосини талаб қила бошлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG